Нуқтаи назар: Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади

10.08.2021 11:08:53

Бугунги Ўзбекистонни кечаги Ўзбекистон билан солиштириб бўлмайди. Қайси соҳани олиб қараманг, янгича ёндошувлар, янгича қарашлар,  лойиҳалар, креатив ғоялар ила жадаллик билан ривожланмоқда. Айниқса, ёшлар масаласи давлатимизнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди, десак муболаға эмас. Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча таълим муассасалари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, улардаги шарт-шароитлар ҳам замон талабига мос равишда ўзгармоқда. Айниқса, ёш авлодга таълим-тарбия ва билим бераётган устозлар ҳам масъулиятни янада ошириб, ёшларни инновацион ва ижодий фикрлайдиган, юксак маънавиятли, ватанпарвар, замонавий билимларга эга кадрлар қилиб тарбиялашга астойдил бел боғлашмоқда.

Муҳтарам  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган байрам табригида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган улуғвор ғояни амалиётга кенг татбиқ қилдилар. Бу ўз навбатида  умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор ва ёшларга билдирилган ишонч, уларни салоҳиятли кадрлар қилиб тарбиялашга қаратилган улкан мақсаддир. Шунингдек, бугун юртимизда илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлардаги иқтидор ва истеъдодни юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалардан бирига айланди.

Сўнгги  беш йил давомида юртимизда иқтидорли ёшлар учун ижод, Президент мактабларининг фаолияти йўлга қўйилгани таълим тизимидаги ислоҳотларнинг самарали усули бўлди, десак асло янглишмаймиз. Бу каби намунавий таълим даргоҳлари фарзандларимиз учун катта имкониятлар эшигини очмоқда. Фаолиятим давомида бунга яна бир бора тўлиқ амин бўлиб, ишонч ҳосил қилмоқдаман. Бугунги таълим соҳаси ходимларининг тенг ҳуқуқлилиги, ўқувчиларга мукаммал таълим бериши, коррупцияга йўл қўйилмаслигини ҳамда мамлакатимизда чиқарилаётган таълимга оид ҳар бир қонун ижросини мактаб доирасида таъминланиши бу тизимда ўсиш ва юксалишга қўйилган катта қадамдир.  

 Ўзим Хоразм вилоятидаги Президент мактабида 2 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсам, бу ердаги шарт-шароитлар, ўқувчиларга берилаётган билим ва кўникмалар мени ҳар доим ҳайратлантиради. Бу эса ўз навбатида “Ўзбекистон келажаги - буюк давлат” деган улуғвор ғоя ўз исботини топаётганидан нишонадир. Сабаби бу ердаги ёшлар нафақат мени, балки чет элдан келиб таълим бераётган ҳар бир ўқитувчини ҳам ўзининг фикрлари, дунёқараши, истеъдоди, билими,  интилиш билан лол қолдирмоқда. Айниқса, ўқувчиларимизнинг чет эл олимпиадаларидаги муносиб иштироки мен каби ҳар бир устозни фахрлантиради.  Бу йил АМС халқаро олимпиадасида 15 нафар ўқувчим муносиб иштирок этиб, шундан 5 нафари олтин медални қўлга киритди. Бундан ташқари Мадина Саъдуллаева Халқаро математика олимпиадасида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринни эгаллади. Уларнинг ютуқларини кўриб, қалбингда ўз касбингга ишонч, ғурур яна жонланаверади. Энг қувонарлиси, бу йил 60 нафар абитуриентимдан 58 нафари талабаликка қабул қилинди. Бу эса мен учун катта ютуқ,  меҳнатларимнинг бесамар кетмаётганидан далолатдир. Агар ҳар бир соҳа ходими  ҳалоллик, виждон билан чин дилдан меҳнат қилса, асосийси ўз касбини севиб беминнат ёшларга таълим-тарбия берса бу каби ютуқлар сафи, албатта, кенгаяди ва бардавом бўлаверади. Шундагина ҳар бир педагог кўзлаган мақсадига етади, ёшлар эса билим чўққиларини бундан ҳам баланд эгаллайдилар.

Зафарбек ИСМОИЛОВ,

Хива шаҳридаги Президент мактаби

математика фани ўқитувчиси,

              партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+