О, ЕМАКХОНАЛАР!.. ҚАНИ КУТУБХОНАЛАР?!

22.07.2022 18:07:16
Ҳар бир даврнинг ўз қиёфаси, одамларининг турмуш тарзи бўларкан. “Лаънати қизил империя” даврида ҳамма ўзини қутқариш, яъни сургун лагерларига тушиб қолишдан сақланиш учунми, жон-жаҳди билан китобга тармашган эди – нажотни китобдан топаман, деб ўйлаганди чамаси. Давраларда фақат китоб ҳақида суҳбат кетар, ҳар ким бу гурунгнинг ўртасида бўлишни истар, иложи борича энг янги китоб ҳақида маълумот бериб, аҳли мажлиснинг эътиборини тортишни истарди. 

Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан қарашлар ва муносабатлар ўзгарди, шекилли, энди суҳбатдошлар бир-бирининг либосига қарайдиган, ким қандай кийинганига серсолиб, мавқеини баҳолайдиган бўлди. Аммо бундай давралар анчайин чучмал, майдакаш туюларди китоб, маърифат ҳақида баҳслашувчиларга. Йиллар ўтиб, авлодлар алмашиши давом этди, қарашлар ҳам алмашди. Энди кийим билан бирга қайси ресторан ёки кафеда овқатланилгани, қандай таомлар истеъмол қилингани гурунг­лар мавзуига айланди. Шундай қилиб, тарозининг шайини маънавиятдан маишатга оғди. 

Афсуски, бу оғиш шунчалар жиддий тус олдики, эндиги авлод “Ўзи, яшашдан мақсад тўйиб, бўкиб овқатланиш экан!” қабилидаги дунёқарашга келдими-эй! Бу ҳолга бугун Венециядаги шоҳона қасрларни эслатадиган емакхоналарга бир бор қадам ранжида қилган киши шак-шубҳасиз имон келтиради. Айни чоғларда шаҳарларимизни безаб, ҳаётимизга завқ улашиб турган иморатлар – тўйхоналар ва емакхоналар десак, асло муболаға бўлмайди. Ана шу масканларда мижозларнинг шодон қийқириқлари янграйди, дилрабо куй-қўшиқлар жаранглайди, инсон барча ташвишларини унутиб, чинакам (аслида, меъда-ичак билан боғлиқ) ҳузур-ҳаловатни ҳис этади. 

Дунёнинг илғор тажрибаларини юртимизда жорий этишга киришган тадбиркорлар ҳам қандайдир бошқа лойиҳаларни эмас, емакхоналар билан боғлиқ янгиликларни олиб келмоқдалар: томи бир лаҳзада сурилиб очиладиган, шифтидан ёмғир (керак бўлса қор) ёғадиган, нақшлари олтин суви билан ороланган, шифти зангори, поли муз майдонидек шаффоф емакхоналар ҳеч кимдан кам эмаслигимизни тасдиқлаб турибди гўё. 

Ҳа, излаган одам топар экан-да. Бу ҳоллар, шубҳасиз, ривожланиш аломатлари, уларга эътироз билдириш ўринсиз. Балки миллий кайфият, дегандек, маиший ҳаётдаги ана шундай ривожланишлар умуман ватандошлар шахсиятидаги улғайиш, юксалишга олиб келса, ажаб эмас. Ахир “Одам қўшиқни ҳам қорни билан тинглайди” деган пурмаъно гап ҳам бор-ку. 

Бизнинг мулоҳазаларимиз эса бошқа қутбда.

Кўплар ҳикматли сўзларидан иқтибос келтирадиган ва инсоният тафаккурининг дурдоналарини яратган Жалолиддин Румий ҳазратлари одам жисмини отга, ақлини эса чавандозга менгзаган экан. Агар от ширали емиш­ларга ўч бўлса ва чавандоз (ақл; бу ўринда одамнинг маърифати, илми, тафаккури, умуман, маънавий борлиғини тушуниш лозим) отни бош­қара олмаса, от чавандозни охурга, ҳа, айнан арпа ёки хашак тўлдирилган охурга бошқариб борар экан. Мантиқ ҳам шу-да: отга, яъни ҳайвонга нима керак? Унинг қориндан бошқа нима ғами бор?

Бундай ҳикматлар ибрат учун келтирилади, уни қўллаш ёки қулоқ тутиш ҳамманинг ўз хоҳиши, кимдир уларни ён дафтарига кўчириб юради, кимнингдир энсаси қотиб, Афандининг латифасидан фарқламайди. Аммо юқоридаги муқоясада чинакам ҳаёт ҳикмати мужассам бўлганга ўхшайди: инсон вужудида одам ва фаришта тимсоли мужассам экани бош­­қа китобларда ҳам таъкид­ланган. Одам Яратганнинг бетимсол ижоди сифатида икки олам асрорини жамлаган: унинг ҳайвонлиги – танаси, вужуди; фаришталиги эса кўзга кўринмас аломатлари, яъни тафаккури, ақли, ҳиссиётлари – хаёл суради, қувонади, хафа бўлади, севади, нафратланади ва бошқалар. 

Шундай бўлгач, қайси бутага сув кўп қуйилса, ўша кўпроқ ривожланганидек, инсон вужудидаги қайси тарафга эътибор кучайса, ўша томон ривожланиб кетиши бор гап. Инчунун, моддий томонга ружу қўйганида шу тараф вужудда етакчилик қилиб кетиши шубҳасиз. 

Айни пайтда катта шаҳарда эмас, чекка қишлоқларда ҳам юртдош­ларимизнинг уйқудан уйғонибоқ (албатта, тирикчилиги кўтарадиганлар) қиладиган биринчи иши – қайси емакхонани мўлжалга олиши ҳам шундан, маиший ҳаётда тан, аниқроғи – қорин эҳтиёжи етакчи бўлиб қолгани аниқ. Ҳозир туманларда ҳам қаерда яхши ош дамланади ёки калла-поча бор, нўхатнинг зўри, қаймоқнинг тозаси, умуман, овқатнинг сарасини билиш ва масофаси қанчалар узоқ-яқин бўлмасин, бориб, нафсни қондириб келиш урфга айланибди. Ҳатто “элнинг зўрлари” нима овқатни қаерда егани билан мусобақалашадиган бўлибди.

Энди чавандознинг аҳволи қандай кечаётган экан? Чавандоз муд­раган, от эса устидаги одами билан охурга тиралиб турибди. От хушнуд, чунки унинг қорни тўқ; чавандоз эса ланж, қанийди кимдир келиб отни жиловласа, уни эгардан азл этиб, бирор оромбахш жойга еткариб қўйса; қоринчасини тўқлаб қўйса-ку, отасидек азиз бўлиб қолади. У одамнинг кимлиги муҳим эмас, муҳими – хашак тўла охурдан узоқлашса (бемаза ташвишлардан қутилса) ва жон роҳатини топса, бўлгани. Нафсини жиловлай олмаган одамнинг аҳволи шу-да! Ошқозон мисли дош­қозон (ёки аксинча!). Овқат еймиз – ухлаймиз, ухлаймиз – овқат еймиз. Мабодо бир қавм шу тарзда умргузаронлик қилса, унинг эртаси нима бўлади? Бу ҳақда ўйловчилар кам. 

Баланд-баланд қилиб солинган емакхоналар қаршисидан ўтаётганда манзарани мулоҳаза қиламиз, шунда беихтиёр “Одамнинг фаришталиги қаерда қолди?” деган савол хаёлдан ўтади. Одам фаришталигини унутиб, ҳайвонликка уриб кетмаяптими? Бу яралиш қоидасига ҳам зид эмасми? Ахир дунёни ўзгартириш, уни борича сақлаб қолиш фақат моддий эҳтиёжларни қондириш ҳисобига бўлмаслиги кундек равшан-ку! Бу ҳолда семириб қолган одам ўзини эплаш эмас, бошқаларга юк бўлади.

Агар соғлом тафаккур билан вазиятга баҳо бериладиган бўлса, айни дамда китоб ўқилмаётгани ҳақида безов­­та фикрларнинг тез-тез янг­раб туриши бежиз эмас. Юртдошларимиз маърифатдан узоқлашмоқда. Китобдан йироқлашиш яхшилик аломати ҳисобланмайди. Бу жуда жўн қилиб айтганда, фаришталикни тан олмай, ҳайвонликка таслим бўлиш, шу даражани танлаш дегани бўлади. Ҳа, тан эҳтиёжидан юксалиб, руҳ қанотида парвоз қилибгина Ҳазрати инсон ўзлигини тўла намоён эта олади ва шу билан мукаррамдир: бу билан яралишидан зиммасида юкланган илоҳий юмушни эплай, уддалай олади.

Хуллас, базмхонаю тўйхоналарнинг бошни айлантириб юборадиган қасрларида ўтириб, маърифат мас­канлари – кутубхоналарнинг аҳволини кўз олдига келтирганда, одамнинг кўнгли беҳузур бўлиб кетади. Хом сут эмган банда шу масалада ҳам нодонлик қилмаса, айни жами яралмиш махлуқотдан фарқланувчи қиёфасини намоён қиладиган кутубхоналардан бунчалар безимаса?! Ўнта, балки ундан кўп тўйхона қурган сармоядор битта китобхона қурдимикан? Эшиклари унча-бунчада очилавермайдиган, чанг ва ғуборлар ичида қолган масканга – газета-журналлару китоблар тахт­ланган жойга одамлар кам қадам босадилар, ҳатто бормайдилар. Бунақада бизнинг инсонлигимиз қаерда қолади?

Бугун аптекалардан одам оёғи узилмайди, озиқ-овқат магазинлари доим гавжум, емакхоналар, тўйхоналар... Бироқ кутубхоналарга ким қадам қўяди? Умуман, бу мас­канлар қаерларга қувилди: ертўлаларга эмасми? Ёки китоб магазинларида савдо қандай? Манзаралар китобга муносабат турмуш тарзидан ниҳоятда йироқлашиб кетганини тасдиқламоқда. Ҳолбуки, бунинг акси бўлиши лозим эди. Ҳатто чарақлаб турган маишатхоналарнинг айвонига жавон қўйиб, унда китоблар териб қўйилса ҳам, кўзи тушган одамнинг эсига КИТОБ тушиб турарди. Балки чиндан ҳам тўйхоналарда бир бўлмада, ҳатто кириш йўлагида китоб териб қўйишни урф қилиш лозимдир. Ахир ассоциатив-эмоционал қўзғалишлар кўриш таъсири орқали ҳаракатга келади-ку. Маишатдан тўйиб келган бобо набирасини тиззасига олиб, ҳеч бўлмаганда болаларнинг расмли китобини томоша қилса ҳам мурғак қалбда китобга меҳр уйғонади-да. 

Биз шундайлар қилмасак бўлмайди, авлод чаламулла бўлиб қолаяпти. Ҳосиласи эса аниқ кўриниб турибди: бефаросатлик, меҳрсизлик, ҳурматсизлик, қад­риятларга беписандлик, жиддий масалалар, масалан, турмушга енгилтаклик билан қараш (ажралиш­ларнинг эрмакка айланиб қолгани), ҳатто юмор ҳиссининг етишмаслиги ва бошқа кўнгилхираликлар (қай бирини санаймиз?!). Уларнинг ҳар бирини алоҳида даволаб бўлмайди (худди ғўзани аввал бегона ўтдан тозалаш, кейин ягана, кейин культивация қилган каби), балки барчасининг ёппасига давосини қилиш лозим. Бу даво эса инсоннинг фаришталик хислатини юксалтириш, уни ҳайвондан ажратиб, дунёнинг чинакам хилқатига айлантириш билан амалга оширилади. Бир сўз билан айт­ганда, ҳашамдор тўйхоналар ёнида улардан қолишмайдиган кутубхоналар қуриш, бу мас­канларни аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган эшиги муттасил очиқ даргоҳга айлантириш... 

Келажагидан умиди бор халқ китоб ўқийди, бизнинг эса эртанги кундан умидларимиз жуда юксак. 

 

Ҳаким САТТОРИЙ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+