ОАВ биз ҳақимизда: Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт

27.03.2021 11:03:25

Ислоҳотлар – амалда

Ота-онанинг фарзандларидан розилиги, фарзандларнинг ота-онасидан розилиги, эр-хотиннинг бир-биридан розилиги, бозордаги, олди-бердидаги, кўнгилдаги розичиликлар... Эҳ-ҳе, санаб саноғига етиш қийин. Алқисса, розилик сўзида улкан маъно мужассам. Биз неча ёшга кирганимиздан қатъи назар, доим болалигимизни эслаймиз, унинг ширин-ширин онларини қумсаймиз. Айниқса, илк бор кичкинагина жуссамизга мос қилиб оналаримиз, бувиларимиз тикиб берган латта сумкага китоб-дафтарлару ручка ва сиёҳдонни жойлаб, елкамизга илиб мактабга борган кунларимиз, биринчи ўқитувчимиз пешвоз чиқиб, синф хонасига етаклаб кирган дақиқалар, ундан кейинги биринчи қўнғироқ тантаналари-ю, биринчи дарс, биринчи ўқитувчимизнинг ёрқин чеҳраси ёдимизга келади. Ана шундай пайтлар беихтиёр “ўқитувчимиз биздан рози бўлсинлар”, деб лабларимиз шивирлайди. Гоҳида дуо учун очилган қўлларимизни юзимизга суриб, бармоғимиз билан кўзимиздаги бир томчи соғинч ёшини артиб ҳам қўямиз...

Ҳа, бу юраклар тубидан сизиб чиқадиган бир томчи ёш ўқитувчига, устозга бўлган меҳр ёши, ризолик ёшидир. Бу бежиз эмас, албатта. Осмонўпар биноларнинг кўрку салобатида пойдеворнинг ўрни қанчалик муҳим бўлса, инсон ҳаёти ва фаолиятида ҳам таълим-тарбиянинг аҳамияти шунчалик муҳим ва қимматлидир. Ана шу қимматли таълим-тарбиянинг ўчоғи эса ҳар бир инсоннинг, ҳар биримизнинг тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шундай экан, бугунги ёш авлод ҳам таълим-тарбияга нечоғлик чанқоқ-ки, бунинг салмоғи боғчага югуриб кетаётган, мактаб остонасини ҳатлаб ўтаётган, олий таълим муассасаларига ўқиш учун ҳужжат топшираётган йигит ва қизларнинг истак ва интилишлари билан ўлчанади.  

Уларни рози қилиш, таълим-тарбия олишлари учун кенг шароитлар яратиш давлат раҳбарининг нафақат орзуси, кунлик фаолиятига айланганлигини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари эвазига таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Очиғи, мана тўрт йилдирки, мамлакат таълим-тарбия тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг ҳаммамиз гувоҳимиз.  

Ота-боболаримиз ҳар доим фарзанд таълим-тарбиясига эртага қолдириб бўлмайдиган мажбурият сифатида қараб келган. Донишмандларимиз, тарбия туғилганидан бошланадиган ва кечиктириб бўлмайдиган жараён, деб бежиз айтишмаган. Давлатимиз раҳбари ана шундай миллий қарашларимизни инобатга олган ҳолда соҳани тубдан ислоҳ қилиш чораларини кўрмоқда.

Масалан, кейинги тўрт йил давомида кичик ёшдаги болаларни мактабгача қамраб олиш икки баробардан ортиб, олтмиш фоизга етди. Боғчалар сони уч баробарга кўпайиб, ўн тўрт мингдан ошди. Мактабгача таълим вазирлиги ва қуйи органларининг ташкил этилганлиги, мактабгача таълим муассасалари сон ва сифат жиҳатидан яхшиланганлиги ота-оналар учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали бўлмоқда.

Биринчидан, донишмандларимиз таъкидлаганларидек, болалар ўз вақтида ёшига нисбатан таълим-тарбия олмоқда, маълум даражада билим олишмоқда, турли машғулотлар орқали иқтидорини рўёбга чиқаришмоқда. Иккинчидан, ота-она боласини боғчага топшириб, бехавотир ишлаш имконига эга бўлмоқда. Учинчидан, тиббий назорат остида болалар ёшларига муносиб шароитларда овқатланмоқда, парваришланмоқда.

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган хитоби шиор қилиниб, бу борада ҳам сўнгги тўрт йил ичида одамларнинг кўнглини ёриштирадиган, уларни рози қиладиган ишлар амалга оширилди.  

Уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб, халқнинг ичига, аниқроғи қалбига кириб борган давлат раҳбари халқ таълими тизимини ўрганиб, мавжуд муаммоларни ўз кўзлари билан кўриб, соҳага оид ўнга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имзолади. Улар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 20 дан ортиқ қарори қабул қилиниб, амалий чора-тадбирлар белгиланди ва уларнинг ижроси таъминланмоқда. Энг муҳими, ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълим тизими тикланди. Ўқувчилар учун мажбурий бўлган ва маънан эскирган коллеж тизимидан воз кечилди. Бугунги кунда халқ таълими тизими, умумий ўрта мактаб таълими сифатида тизимли равишда ислоҳ қилинмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида халқ таълими тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини кенг қўллаш масалалари илгари сурилди. Президентнинг 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Президентимиз иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига жуда катта эътибор қаратмоқда. Буни бугун ҳаммада қизиқиш уйғотаётган Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари мисолида кўриш мумкин. Янги ва замонавий намунада қурилаётган бу каби таълим даргоҳлари болаларимизни ўз бағрига олиб, уларнинг қувончига қувонч қўшмоқда. Бу ўзгаришларни кўриб-билиб турган ота-оналарнинг розилиги эса чексиз.

Or5qtHNy81rKW8VphlBv0fOAFEP1Ibdo_front

Таълим-тарбиянинг яна бир муҳим йўналиши – олий таълимдир. Бу борада ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар халқимизни, айниқса, ёшларимизни давлат сиёсатидан рози қилмоқда. Кейинги йилларда олий таълим олишни ўз олдига қўйган йигит-қизлар учун энг муҳим имкониятлардан бири квоталарнинг оширилиши, олий таълим муассасаларини танлаш имкониятларининг жорий этилиши ва кенгайиши, тест синовларининг адолатлилиги, олий таълим олишнинг сиртқи, кечки йўналишларининг жорий этилиши, оилавий аҳволи оғир бўлганлар ва таълим кредити учун имтиёзлар берилиши ва бошқалардир.

–Турмуш ўртоғим журналист, ўзим ҳарбий қисмда назоратчи бўлиб ишлайман, – дейди мен билан суҳбатда Нигора Алиқулова. – Ўтган ўқув йилида икки фарзандимиз – Ойбек ва Шаҳноза олий ўқув юрти талабаси бўлди. Қизим Тошкент давлат шарқшунослик университетига, ўғлим Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетига ўқишга кирди. Бир йўла икки фарзандимнинг ўқишга кириши соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси, деб ҳисоблайман ва, албатта, Президентимизнинг ёш авлодга кўрсатаётган ғамхўрлигидан миннатдорман...  

Яна шуни таъкидлаш жоизки, 2021 йил 5 март куни “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Президент қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантларини икки бараварга ошириш орқали икки мингтага етказилади. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади.

– Қизим Тошкент шаҳрига ўқишга кетганида унинг талаба бўлишига ишонмагандим, – дейди хатирчилик Шоҳсанам Мамасодиқова. – Қизим Шодия Пардабоева Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлганини эшитиб қувонишни ҳам, қувонмасликни ҳам билмадим. Тўғри, энг нуфузли университетга киргани қувонарли, лекин унинг тўловичи? Отаси 2007 йилда ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган, икки ўғил ва бир қизни отасиз ўстиришнинг ўзи бўлмас экан. Ана шу муаммони ёлғиз она сифатида кўп ўйладим, тарозининг бир томонида қизимнинг қалби, иккинчи томонида оилавий аҳволимиз турарди. Президентимизнинг ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни ҳокимликлар ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади, деган сўзларини эшитиб кўзимдан ёш отилиб кетди. Газетани топиб, кўзларимга ишонмасдан қайта-қайта ўқияпман... Президентимиздан мингдан минг розиман...

Ҳа, халқни рози қилиш борасида қилинаётган ишлар саноқсиз. Улар ҳақида кўп гапириш мумкин. Муҳими, давлат раҳбарининг таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш каби ташаббуслари ҳар биримизнинг зиммамизга муҳим вазифалар юклайди.

Биз электоратимиз вакиллари – педагог-ўқитувчилар ҳамда депутатлик корпусларимиз билан ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз, уларнинг ижросига дахлдорлик ҳисси билан шижоат кўрсатишимиз зарур. Зеро, келажагимиз дарғаларини тайёрлайдиган таълим масканлари тараққиётини ривожлантириш – бу бир бутун жамиятнинг иши. Унга хизмат қилиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Абдукамол РАҲМОНОВ,  

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари.

Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+