Одамлардан камида узр сўрашсин

27.04.2021 14:04:49

Куни кеча ижтимоий тармоқларда одамлар кўп тўпланган кўча ва бозорларга яқин ҳудудларда махсус автомашиналарнинг катта босим остида хлорли сув сепиб ўтиши акс эттирилган видео лавҳа кенг жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Очиғини айтганда, аввалига бу лавҳа Ўзбекистонда эмас, балки бошқа бир мамлакатда содир бўлган, деган тасаввур ҳам йўқ эмас эди. Кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги баёнотидан билиндики, мазкур ҳолат республикамизнинг Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманида юзага келгани маълум бўлди.

Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилишича, 25 апрель куни Марҳамат тумани марказидаги кўчаларда махсус комиссия қарорига мувофиқ, одамлар гавжум кўчалар ва ундаги биноларга 0,4 фоизли АВК аралашмаси ва хлор моддаси сепилган.

Бу каби воқеаларни кўриб туриб, ҳайрон қолади, киши. Камига вилоят ФВБ вакилининг изоҳини ўқиган одам гўёки ушбу вазиятда мутахассислар зиммасига Махсус комиссия юклаган вазифаларни бажарган, холос, деб айтилаётгандек. Агар индамасангиз, улар ўз ишини қилган, фақат у ерда юрган одамлар мутахассисларга ҳалал берган, деб айтишади булар. Ахир, Махсус комиссия қарорини таянч ҳужжат сифатида кўрсатишаётгани, ходимларининг хатосини хаспўшлашга интилаётгани яққол кўриниб турибди-ку. Аслида қош қўяман деб, кўз чиқарган ходимлари учун тизим раҳбарияти одамлардан камида узр сўраб чиқиши керак эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам бу ўринда тегишли ходимларга интизомий таъсир чораларини қўллаш билан чекланиб қолмасдан дезинфекция ишларини олиб бориш тартиби ва шакллари ҳақида ходимларига тушунтириш беришса, тўғрироқ бўлармиди? Бу каби ишларни “шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширган”, деган хулосани берган вазирлик шошилинмай ва тартибли ҳолда дезинфекция ишлари юритилиши қандай бўлиш кераклигини кўрсатиб қўйишсин.

Халқимизнинг ажиб урф-одатлари бор. Кўчасидан одам ўтиб кетаётганини  кўрган қиз ва келинларимиз токи у одамлар узоқлашиб кетмагунча кўчасини супуришдан тўхтаб туради. Одамга қараб супуриш ҳурматсизлик белгиси эканлиги қизларимизнинг онг-шуурига сингдирилади.

Қўйингки, ФВВ тизими ходимлари азалий урф-одатларимизга амал қилмасин ҳам дейлик, лекин ҳеч йўқ санитария қоидаларига амал қилиши ва нақ одамларга қаратиб, хлорли аралашмани сепмаслиги керак эди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси инсон ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эътироф этиб келади. Партия ушбу вазиятда тўғридан-тўғри одамларга қаратиб, дезинфекция ишларини амалга оширган ходимлар, уларга бу вазифаларни юклаган раҳбарлар тегишли тартибда жазоланиши кераклигини илгари суради. Партиямиз ҳар қандай хайрли ниятда қилинмасин, соҳа ходимлари томонидан одамлар олдиндан огоҳлантирилиб, уларнинг ўзи ва мулкларига зарар етказмасдан дезинфекция чораларини қўллаши кераклигини қайд этади.

Зотан, ҳар қандай соҳа вакиллари халқимизнинг манфаатини ҳар нарсадан устун деб билиши керак.

         Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+