Оила – муқаддас қўрғон

01.02.2022 14:02:38

Ўтмишда яшаб ўтган, келажакка қандайдир катта илмий ва адабий, фалсафий асарлар, китоблар қолдирган, халқимизни золим босқинчилар зулмидан озод қилишда хизмат қилган элимиз қаҳрамонларининг барчаси маърифатли, бахтли, хотиржам оилаларда вояга етганлар.

Халқимиз кимнинг оиласи қандай экани, кимнинг оиласида қандай фарзандлар вояга етаётганини яхши билишади. Оила муқаддас даргоҳ, оилани асраш, мустаҳкам қўрғон сифатида эъзозлаш, яхши-ёмон кунида сабр, ирода билан уни хотиржамлик “кўрфази”га олиб чиқиш, эркак оилани таъминлаши, аёл, яъни она уй-рўзғор ишларини саришта қилиб ҳаёт давомийлигига хизмат қилиши керак.

Оила ўйинчоқ эмас, бузиб қураверадиган. Оила бахт, хотиржамлик қўрғони бўлиш билан бирга жуда ожиз томонлари ҳам бор. Масалан, ёшларда оила ҳақида, унинг муқаддаслиги ҳақида тасаввур етарли эмаслиги, илмсизлик, кўр-кўрона рашк, маънавиятсизлик, рўзғор юритишни билмаслик, қайнота-қайнонани, оилани ҳурмат қилишни уддалай олмаслик ва бошқалар ёш оилани, уларнинг неча йиллаб йиғиб қилган тўйини,  эл-юрт ишончини, хотиржамлигини барбод қилади.

Барчангиз турли маҳаллаларда низоли оилалар, ажрашиб кетишлар ҳақида эшитгансиз. Кейинги йилларда ёш оилалар ўртасида вужудга келаётган кўпгина уруш-жанжал ва совуқчиликларнинг барчаси ана шундай ўйламай  тадбирлар кўриш, ёшларга рузғор тутиш, оилани асраб - авайлаш сирларини ўргатолмаганимиздан, кишиларни фақатгина моддий таъминотига эътибор қаратиб маънавий жиҳатдан бойита олмаганимиздан,  ички хотиржамлигини, ўзини англаш илмини етказа олмаганимиздан келиб чиқмоқда.

Шунчаки зиддиятларнинг дастлабки босқичида ҳам “вақт ҳамма нарсани ўзгартиради” деймиз. Бу нотўғри ибора. Вақт ҳеч кимни ва ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ўн йил аввалги ичувчи, ўзини ўзи тарбиялаб, ичкиликдан воз кечмас экан, у ичувчилигича қолаверади. Ўн йил аввалги дангаса ўзи  шижоат қилмас экан, ўн йилдан сўнг ҳам дангасалигича қолаверади. Вақт хеч кимни ўзгартирмайди....

Фақатгина ИНСОН ўзини ўзи ўзгартира олади!

Азизлар, профилимизга оила муқаддас, деган статусларни қўйиб, ўзимиз эса телефондан бош кўтармас эканмиз, вақт ҳеч биримизни ўзгартиролмайди. Вақт шунчаки қимматли умримизни олиб қўяди, холос... Келинг оилани муқаддаслигини, бир оилага дарз кетса АРШ ҳам ларзага келишини унутмаган ҳолда, ёш авлодга илм, маърифат, маънавият улашишда эътиборсиз бўлмайлик.

 

Мадина ВАҲОБОВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,

1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+