Оламни илм ила обод этувчиларга касб байрами муборак!

01.10.2021 07:10:22

Дунё яралибдики, инсон эҳтиёжлар қуршовида яшайди. Шулардан бири билишга, англашга бўлган эҳтиёж, қизиқишларига атроф-муҳитдан керакли маълумот ва жавобни олишга бўлган интилишдир. Инсон бусиз яшай олмайди. Теран нигоҳ билан қарасак, бу дунёда ўргатувчи шахс етакчи ўринда эканлигини кўрамиз. Дунёга келганимизданоқ ота-онамизнинг парвариши, йўл-йўриғи остида ҳаёт кечиришни бошлаймиз. Биринчи устоз – ота-она дейишгани бежиз эмас. Мактабга қадам қўйиб, чин маънодаги устозимизни топамиз. Саводсизлиги қаторида ўйинқароқ болага харф танитиш меҳнати кўзи ожизга кўз нури бериш билан тенг. Юқори синфлар, ўрта махсус таълим ва олий таълим тизими давом этаркан, инсоннинг нафақат зиё кўзи очилади, балки дунёқараши, фикрлаш доираси ўткирлашиб бораверади. Таҳсилни тугатиб, меҳнат фаолиятини бошлаганида ҳам у ўрганишдан чекинмайди, ҳар кунги ишидан бир қанча сабоқ чиқаради. Умр сўнгида эса ҳаёт мактаби кўз ўнгида яққол гавдаланади. Машаққатлар ва қувончларга, синовлар ва неъматларга бой бу дунё энг яхши муаллимлиги, лекин унинг барча “дарс”ларига ҳам қунт билан қараб керакли сабоқни чиқармаганини англайди, “умр устози”нинг унга қўйган “баҳо”си неча эканлигини ҳам қалбан ҳис этади.

Устоз заҳри ота меҳридан устун. Бу ҳикматли сўз форс-тожик адиби Шайх Саъдий Шерозийга мансуб. Устознинг фарзанд учун энг муҳим ва улуғ шахслар ҳисобланмиш ота-онага менгзаш кўп ўринларда учрайди. Бу ерда эса ота меҳри қанчалик кучли бўлмасин, у тўғри йўналтирилмаслиги ва ўрнида сарф этилмаслиги мумкин, кучли меҳр бола руҳиятига акс таъсир кўрсатиш эхтимоли бор, устознинг эса аслида салбий тасаввур уйғотадиган заҳри ҳам шогирдининг манфаатини кўзлаб ишлатилади, деган маъно англашилади. Дарҳақиқат, қайсидир билимимиз ҳаёт йўлларида асқотса, аввало буни ўргатган, илм олишда дангасалик қилган пайтимиз дакки берган, қаттиққўллик ишлатган устозимиз ёдга тушади. Шогирд устозини кеч бўлсада, тушуниб етади. Унинг олдидаги қарзини узолмаса ҳам, бир умр дилдан миннатдор бўлади. Устоз шундай зотки, у нафақат билими, пок қалби билан ҳам ҳаётни чароғон этади. Улар боладек беғубор, онадек беминнат ғамхўр.

Шарқ маданиятининг буюк намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги ҳам маъно, ҳам сўз ўйини жиҳатидан чиройли мисраларига назар солинг:

Ким ёр анга илм, толиби илм керак,
Ўргангали илм толиби илм керак!
Мен толиби илму толиби илме йўқ,
Мен бормен, илм толиби — илм керак.

Шоҳ ва шоир айтмоқчики, бу дундаги барча инсонларга илм керак, бирча илм талабида бўлиши лозим. У шундай юксак билими билан ҳам ўзини илмсиз, лекин илм талабида, деб ҳисобламоқда.

“Бешикдан қабргача илм изла”, деган пурмаъно сўздан илмга чегара йўқлиги маълум. Инсон ҳаёт экан, билим билан ёнма ён юрса, ҳаёт йўлини ёритувчи машъалага эга, гўё. Билим - ҳаёт синовларидан ёруғ юз билан ўтиш, хатолардан сабоқ чиқариш, ибратли умр кечиришда энг яхши кўмакчи.

Ўқитувчилик инсоннинг онг олами билан ишловчи, таълим ва тарбиядек Абдулла Авлонийнинг таъбири билан айтганда “ё ҳаёт, ё мамот” масаласи кўндаланг турувчи касб экан, унинг эгалари олдида доимо таъзимдамиз. Касб байрамингиз қутлуғ бўлсин! 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+