Она тилимиз – бебаҳо қадрият

17.10.2020 11:10:02

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Айниқса, жорий йилнинг 23 сентабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида ўз фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифларини бошқа халқ вакиллари диққатига етказилиши тилимизнинг қадр-қимматини янада оширди.

Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, яъни давлат ва жамият бошқарувида, давлатлараро муносабатларда, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида кенг қўлланиб келинмоқда. Ўзаро ҳамкорлигимиз, қардош халқлар маданияти, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаёти билан ҳамжиҳатлигимиз туфайли тилимизга қанчадан қанча сўзлар қўлланиб, коммуникатив муносабатимизни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий таъбири билан айтганда: “Кўнгил дуржида гавҳар сўздурур, Башар гулшанида самар сўздурур”.

Ўзбек тилда яратилган буюк асарлар ҳамон халқимизнинг асрлардан-асрларга ўтиб келаётган маданий мероси ва ўлмас бойлигидир. Бундай бебаҳо меросга “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркумидаги достонлар, “Рустамхон”, “Кунтуғмиш” каби халқ оғзаки ижоди намуналари, шунингдек, халқ мақоллари, ривоят ва афсоналари, терма ва лапарлари далил бўла олади. Ёзма адабиёт намуналари бўлмиш Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғати-т-турк”, Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу-билиг”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг “Сайланма”лари миллатимизнинг ўчмас миллий ва маънавий мероси бўлиб яшаб келмоқда. Дарҳақиқат, “Она тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатимиз тимсоли маънавий бойликнинг буюк қадриятидир. Кимда-ким она тилимиз латофати, жозибаси, таъсир кучининг чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларини эшитсин. Бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин. Туркий тилларнинг  катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик  кечмиши, орзу-интилишлари, дард армонлари, зафар ва ғалабалари  билан чамбарчас боғлиқдир”.

Халқимизнинг тилида “Байрам” деган улуғ калом бор. Байрам-нафақат қувноқ, шодиёналик, тантанаворлик мазмуни касб этибгина қолмай, унинг замирида халқимизнинг курашувчанлик, фидойилик ва орзу-умидлари мужассам. Халқимизнинг барча фуқароларига давлат тилининг 31 йиллик тантанали байрами муборак бўлсин. “Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу фикр” қалбимизни тўлин ой каби мунаввар этсин.

Таваккал ЧОРИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Нусратова Хамида Чўлибоевна
2020-10-18 21:46:15
Маколани ўқиб, жуда таъсирландим. Она тилим Ўзбек тилининг қадр-қиммати, бебаҳо гавғарлиги, буни дунёга ҳам танитиш кераклигини ҳис қилдим. Байрам муборак бўлсин, азиз юртдошим...

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+