Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик: Онкология соҳасидаги ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда

17.10.2023 14:10:31

 Сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда онкология соҳасини ривожлантириш  энг устувор ва муҳим вазифалардан бирига айланди.  Онкология соҳасига ажратилаётган маблағлар йил сайин ортиб бораётгани, дори воситалари билан таъминланиш даражаси 10-15 фоиздан 90-95 фоизгача кескин кўтарилгани, диагностика ва даволашнинг янги юқори технологияли усуллари барча ҳудудий онкология филиалларида жорий этилаётгани аҳоли саломатлиги учун муҳим ўрин эгаллайди.    

 Давлатимиз раҳбарининг  таъбири билан айтганда, “Бизнинг олдимизга қўйган энг устувор йўналиш  - бу одамларни фикрлашини, онгини ўзгартиришдир”.  Шу ўринда таъкидлаш жоизки, дунёқарашнинг ўзгариши учун асосий йўналишлардан бири бу хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдир.

  Ҳаммамизга маълумки, 2023 йил 2 октябрдан 11 октябргача Ўзбекистонда Гейдар Алиевнинг 100 йиллигига бағишланган саломатлик ҳафталиги ўтказилди.

Ушбу ҳафталик доирасида онкология соҳасида ишловчи Озарбайжонлик иккита етакчи олим-шифокорлар Ўзбекистонга амалий ташриф буюрдилар.

Мутахассислар ҳафталикнинг биринчи куни, 2 октябрда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказига ташриф буюрдилар ва мутахассислар билан давра суҳбати ўтказдилар.  

Абдоминал онкология бўйича мутахассис, Озарбайжон онкология миллий маркази абдоминал бўлими раҳбари Ниязи Аскеров томонидан 3 октябрдан 10 октябргача Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилояти филалида онкология хасталигига чалинган 11 та беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти –лапараскопик ошқозон резекцияси, қорин бўшлиғи органлари реконструкцияси билан ошқозон ости бези резекцияси амалиётлари муваффақиятли ўтказилди ва  Озарбайжон онкология миллий маркази билан филиалимиз ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  Мутахассислар хоразмлик касбдошларига ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ўз тавсияларини бердилар.  

Соҳага қаратилаётган эътиборни Хоразм вилояти  аҳолисига  ихтисослаштирилган онкология хизмати бўйича кўрадиган бўлсак, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт марказининг  Хоразм  филиали 125 ўринга мўлжалланган бўлиб,  унинг қошида ташкил  қилинган  кунига 150 нафар беморни кабул килишга   мўлжалланган поликлиника томонидан ва вилоятнинг шаҳарлари ва туманларида 13 та  онкокабинетлар орқали  халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш изчил йўлга қўйилган ва тажрибали шифокорларимиз томонидан беморларга тезкор ёрдам кўрсатиш амалга оширилмоқда.  

Ҳар йили ўртача 1300-1400 нафар онкологик касалликлар бирламчи аниқланади. Вилоят бўйича диспансер ҳисобида 7626 нафар бемор онкологик касалликлар билан ҳисобда туради.

2023 йил 6 ойида вилоят бўйича хавфли ўсмалар билан бирламчи 748 нафар бемор ҳисобга олинган бўлиб, касалланиш кўрсаткичи 100 минг аҳолига  нисбатан  38,2 га тенг бўлди (2022 йил 6 ойида 34,8 га тенг бўлган). 

Шунингдек, жорий йилнинг 6 ойи давомида  биринчи  босқичда  - 95 нафар,  иккинчи босқичда  288нафар, учинчи босқичда – 277 нафар  ва тўртинчи босқичда  48 нафар бемор бирламчи аниқланди, 517 та умумий операциялар амалга оширилиб, 2500 нафар кимётерапия ҳамда 261 нафар беморда нур терапияси ўтказилган.

Онкологик касалликларни профилактикаси, эрта диагностикаси ва даволаш билан бирга, ҳудудий онкология муассасаларини моддий техник базасини тубдан яхшилаш, кадрларни малакасини ошириш, чет эл клиникалари билан ҳамкорликларни йўлга қўйиш борасида бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Натижада, 2018 - 2019 йилларда вилоятдан Тошкент шаҳрига 3000 нафардан ортиқ  бемор (шундан 1700 нафарга яқини ордер ва 1500 нафарга яқин беморлар ўз хоҳишлари билан) бориб даволанишга мажбур бўлган бўлишса, 2023 йилнинг ўтган 6 ойида ушбу кўрсаткич  96 нафарни ташкил этаяпти.

Бу кўрсаткичлар ўз навбатида соҳага қаратилаётган эътибор ва яратилаётган  имкониятлар маҳсулидир.

                                                                                                                                                                                                        Тохир ПАЛВАНОВ,

                                                    РИО ва РИАТМ Хоразм филиали директори,

                                 “Адолат” СДП Хоразм вилоят  Кенгаши раиси, депутат

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+