Ўқитувчилик — дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб

02.10.2020 14:10:33

Ўқитувчилар, мураббийлар, тарбиячилар, устозлар ҳақида гап кетар экан, уларга нисбатан “илк” сўзини ишлатгим келади. Зеро, қўлимга қалам ушлатиб, илк “асар”ларим гувоҳи, менга ҳарфлар ўргатиб, илк талаффузим куйчиси, меҳнатга жалб қилиб, илк “пишир-куйдир”имнинг меҳмони, юрагимга қўл солиб, қалбимнинг илк малҳами, кўзимдаги ёшни тўғри тушунган меҳрибоним ҳам мана шу инсонлардир.

Улар биз билган, таниган, эъзозлаган ва ҳурмат қилган инсонлар ичида энг азизи, қадрлиси, табарруги. Ушбу касб эгаларининг меҳнати шундай бардавом занжирки, устозларнинг сизга берган тарбияси давомини ўз фарзандларингизда кўрасиз. Демак, ўғил-қизларингиз қанчалик тарбияли, билимли, меҳнатсевар, ватанпарвар бўлиши, бундан бир неча йиллар олдин олган сизнинг таълим-тарбиянгиз мевасидир.

Бир сўз айтганда, ўқитувчи, мураббийларнинг таълим-тарбияси авлоддан-авлодга ўтиб, миллат ва халқ ривожига, жамият ва давлат тараққиётига  таъсир кўрсатади.

Айнан шу фикрлар республика Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўз аксини топган. Давлатимиз раҳбари  йиғилиш иштирокчиларга мурожаат қилар экан, фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади, деб  катта ишонч билдирди.

Дарҳақиқат, устозларнинг зиммасида жуда ҳам буюк масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқариш вазифаси. Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбиячининг ўзи тарбияли бўлиши лозим.

Юқорида келтирилган масъулиятли мажбуриятни фақатгина ор-номусли, ўз шаънини ҳимоя қила оладиган, ғурури ва қадди баланд, илиги ва кўзи тўқ, ҳалолни қадрлаб, ҳаромдан хазар қиладиган, ҳақиқат олдида бош эгмайдиган, ўзига ишонган мард ва матонатли муаллимлар бажара олади.

Президентнинг бу йилги табригида мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш, унда  ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кафолатлаш, жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақомини, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини аниқ белгилаш таклифи берилди.

Бундан ташқари, ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарур. Мазкур масалада мақсадли аниқ тизим яратилмаганлиги, ҳисобдорлик ва натижадорлик принциплари умуман ҳаётга тадбиқ этилмаганлиги учун соҳа эгалари ўз касбларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Устама  - бу садақа, рағбатлантириш эса - камситиш эмас. Ўқитувчининг  асосий вазифаси билим бериш, берганда ҳам сифатли ва самарали билим бериш. Чунки унинг қўлида миллат ва давлат келажаги, Янги Ўзбекистоннинг қора кўзлари!

Шундай экан, ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, шаъни ва қадри, нуфузи ва мақоми давлат ҳимоясида бўлиши шарт. Уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувлар, бўлар-бўлмас текширувлар, кунора турли комиссиялар ташрифи, “юқоридан” белгиланган бошқа ишларга жалб қилиш қатъий жавобгарликка тортилиши лозим.

Давлатимиз раҳбари яна бир ташаббус ҳақида фикрлашдилар. Энди мактаб директори йил якуни бўйича мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ўринли савол туғилади. Халқ вакиллари томонидан мактабдаги фаолиятга очиқ-ойдин баҳо берилиши учун  ноибларнинг ўзлари ҳам таълим-тарбия соҳасидан бохабар, дарс беришни “синаб” кўрган бўлишлари керак эмасми? Президент таъкидлаганларидек, бугун мактабга кирмаган, мактабнинг, ёш авлоднинг дарду ташвишлари билан яшамаган раҳбарни эртага ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди.

Фикримча, турли босқичдаги депутатлар ҳам ўзи сайланган округларидаги таълим масканларида “Депутат соати”, “Тарбия соати”, “Депутат дарси” каби дарс соатларидан унумли фойдаланса, устозларнинг шаъни ва ғурурини юксалтиришда елкадош бўлса, Янги Ўзбекистоннинг мактаб остонасидан бошланишига ўзининг амалий ҳиссасини қўшади. Зеро мазкур остонанинг саждагоҳ бўлиб тафов этилиши ёхуд вайронага айланиб оёқости бўлиши ҳар биримизга боғлиқ.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+