Ота-оналар хотиржамлигини таъминловчи дастур

09.05.2021 17:05:13

Ҳар бир ота-она вояга етмаган фарзандига масъулдир ва унинг қадамини назоратда ушлаб туришга ҳаракат қилади. Ёш болаларидан хавотир олиш ота-оналарга хос одат, мактабга жўнатиб, фарзанди ўзини қандай тутаётгани ҳақида қайғуриб ўтирадилар. Шу жиҳатдан Face ID тизими айни муддодир. Республика бўйлаб барча мактабларда ўқувчиларнинг муассасада бўлиш вақти ушбу тизим орқали назорат қилиниши режалаштирилаётгани кўплаб ота-оналарнинг кўнглидаги иш бўлди.

Синф хоналарига овозли камералар ўрнатиш ва уларни ички ишлар органлари томонидан назорат қилинишини йўлга қўйиш самарали натижа беришига умид юқори. Бу ота-онлар кўнглини хотиржам қилиш билан бирга халқ таълими сифати ошишига хизмат қилса ажаб эмас.

Бинобарин, сўнгги пайтлар мактабларда давомат тадбирларини ўтказишда сусткашликларга йўл қўйилиши, ўқувчиларни назоратсиз қолдириш оқибатида бир қанча низоли ҳолатлар юзага чиқаётгани сир эмас. Назорат камералари эса бу каби муаммоларга маълум маънода нуқта қўяди.

Албатта, профилактика инспекторлари ва мактаб раҳбариятининг ўзаро ҳамкорликда ишлаши ўқувчилар хавфсизлигини таъминлайди. Хавфсизлик таъминоти эса тўлақонли билим олишга янги шароитлар яратади.  Face ID тизими оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган хунук ҳолатларга барҳам беришига ишонч юқори.

Ўқувчиларни назорат қилиш ва ота-оналар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бугунги кунда ҳар бир мактаб учун долзарб аҳамиятга эга масаладир. Face ID тизимини жорий этиш ва ундан оқилона фойдалана олиш мазкур мақсадга эришишда қулайлик туғдиради. Таълим сифатини ошириш мақсадида синф хоналарига овозли камералар ўрнатиш ва уларни ички ишлар органлари ҳамда профилактика инспекторлари билан интеграциялашувини таъминлашни “Адолат” СДП тўғри ечим деб билади ва қўллаб-қувватлайди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+