Ўзбекистонда ёшлар парламентаризми: концепция ва ҳуқуқий ҳолат

12.08.2020 18:08:50

Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласи долзарб аҳамият касб этган эди. Натижада мамлакатимизда ёшлар масалалари бўйича бир қатор йирик чора-тадбирлар амалга оширилди. Маълумки, куни кеча Ўзбекистонда “Ёшлар парламенти” ташкил топиб, 2020 йилнинг 10 август куни унинг илк таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат яратиш ғоясини ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Жамиятни ҳар томонлама баркамол ва мустақил этиб яратишда ёшлар асосий  кафолат омили бўлиб хизмат қилади. Айнан ёшларга нисбатан давлатдаги ижтимоий ўзгаришларнинг муҳим ва асосий омили, унинг инновацион қудрати сифатида қаралади. Шуниси эътиборга сазоворки, жамиятимизда ёшариш жараёни кузатилмоқда. Яъни бугунги кунда ёшлар ўзининг кучли билим ва салоҳияти орқали ҳар соҳага кириб бориб, ижтимоий тизимга ўз таъсирини ўтказмоқда. Бунда ёшларнинг ўзини-ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш аста-секин биринчи ўринга чиқмоқда. Бундай янгиланиш жаҳонда тараққий этаётган ёшлар парламентаризми билан боғлиқ бўлиб, ижтимоий бошқарувнинг барча даражаларида тезкор равишда ташкил топмоқда.

Ёшлар парламентаризми бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш тизимини акс эттирувчи махсус ижтимоий гуруҳ бўлиб шаклланди. Ёшлар парламентаризмини ижтимоий ва ҳуқуқий воқелик сифатида турлича талқин этиш мумкин. Бу ҳолат ушбу тушунчанинг кўп қирралилиги ва унинг жамият томонидан қандай қабул қилинишига боғлиқ.

Маълумки, “парламент”сўзи инглиз тилидан «parliament» ва француз тилидан «раr1ег» - гапирмоқ маъносини англатади. Шу муносабат билан, ёшлар парламентаризмини ёшларнинг жамият, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органларига нисбатан ўз фикрини билдириш, шунингдек, ёшларнинг мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга нисбатан муносабат билдириш имкониятини ҳам англатади. Шу билан бирга, ёшлар парламентаризми мамлакат ва ҳудуд раҳбарияти билан тўғридан-тўғри алоқа воситаси ҳамдир. Демак, ёшлар парламентининг мақсади – ҳаётий фаолият масалаларининг ечимида ёшларни бирлаштириш, ёшлар ташкилотининг қонунчилик ва ижро ҳокимияти билан ҳамкорлигини таъминлашдан иборат.

Ёшлар парламентаризми – ёшларни давлат ва унинг минтақалари ишларини бошқаришда иштирок этишга жалб қилишнинг мумкин бўлган шаклларидан биридир. Ёшлар парламенти, аслида, ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини оширишнинг янги шакли ҳисобланади.

Келажакда ёшлар парламентаризми ёш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишнинг махсус ижтимоий институтига айланиши мумкин. У ҳолда, ушбу ташкилот бошқарув қарорларини қабул қилишда ёшларнинг фикрини ҳисобга олишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Ёшлар парламентаризмини мамлакатнинг кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг асосий воситаларидан бири, инсон ресурсларини бошқариш тизимининг муҳим қисми деб баҳолаш мумкин. Негаки, ёшлар парламенти ва шунга ўхшаш тузилмалар ишида иштирок этиш ижтимоий аҳамиятга эга бўлган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида баҳоланади. Қайсики, демократик асосда тўғридан-тўғри ёшлар томонидан сайланадиган энг истиқболли ёш фуқаролар ва уларнинг манфаатини ифода этувчи вакиллардан иборат махсус ижтимоий қатламни акс эттиради.

Шубҳасизки, ёшлар парламентаризми ёшларга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлайдиган самарали механизмдир.

Ўзбекистон жамият, хусусан, ёшларнинг эҳтиёжини қондирадиган, шу билан бирга, уларнинг куч ва салоҳиятини самарали равишда тараққий эттиришга қодир бўлган кучли демократик давлат қуриш жараёнини бошдан кечирмоқда. Ушбу сиёсатни амалга оширишда ёшларнинг ўзи ва уларнинг бирлашмалари манфаатлари давлат миқёсида, шунингдек, алоҳида ҳудудий ҳокимият миқёсида инобатга олиниши зарур. Ёшлар парламентаризмни риқожлантириш эса, бу йўналишдаги энг ишончли ва самарали усуллардан биридир.

 

Ойдин АбДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+