Партия дастурида илгари сурилган ташаббусларнинг амалий ечимлари белгилаб берилди

19.08.2020 12:08:50

Жорий йилнинг 17 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, меҳнат бозоридаги қарийб 30 фоизга яқин иш изловчилар ташқи меҳнат миграцияси орқали иш билан таъминланмоқда. Бундай ҳолат дунё меҳнат бозорида табиий жараён ҳисобланади. Бироқ, бугунги кунда ташқи меҳнат бозорида юртдошларимиз номуносиб меҳнат шароитларида меҳнат қилаётганлиги оғриқли нуқталаримиздан биридир.

Фуқароларимизни ташқи мехнат бозорида муносиб меҳнат шароитлари ва иш ҳақи билан таъминланиши учун ўз вақтида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бериб келмоқда. Мазкур чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш борасида куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган меҳнат мигрантларини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар ва хорижий тилга ўргатиш бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга, фуқароларимиз муносиб меҳнат шароитига эга бўлишига сабаб бўлади. Натижада хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз меҳнат бозорида тўлақонли рақобатга кириша олади. Шунингдек, мигрантларнинг келажакдаги ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун эндиликда хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажи ҳисобга олиниб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизими хориждаги меҳнат мигрантлари учун ҳам татбиқ этилади.

Миграция масаласида яратилган янги тизим орқали хорижда меҳнат қилиш истагини билдирган юрдошларимиз тўлақонли меҳнат шароити таъминланган хориждаги корхоналарда меҳнат қилиб ўз малакаларини оширишлари мумкин. Бунинг учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиаллари ваколатлари кенгайтирилиб, хориждаги ишберувчилар билан бевосита шартнома қилиш имконияти яратиб берилди. Меҳнат мигрантларига йўл ҳаққи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратилади. Хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини тўлақонли таъминлаш учун эса, онлайн платформа ва “кол-марказ” ташкил этилиб, малакали адвокатлар хизмати йўлга қўйилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам сайловолди дастурида миграция соҳасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш ҳамда давлат, жамият ва фуқаро манфаатларига ижобий таъсир қиладиган миграция муаммоларини ҳал қилишни ўз олдига устувор вазифа қилиб белгилаб олган. Бунда энг аввало, фуқароларимизни мамлакатимиз ва хорижда ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш зарур деб ҳисоблайди.

Шу боисдан, Ўзбекистон “Адолат” СДП юқорида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида тизимли тартибда амалга оширилишини парламент ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар корпуслари орқали доимий назорат қилиб боради.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+