Қаҳрамонларга қўл кўтариш қачон барҳам топади?

29.08.2021 13:08:48

 

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ комплексида “Эркак киши туғуруқхонадан ҳамширани сочидан тортиб судраб чиқди” сарлавҳаси остида нохуш видео тарқалди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ўзбекистон туман Кенгаши раиси Муаттар Ҳомидова  воқеа жойига бориб, ҳолат билан танишди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 25 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Нурсуҳ қишлоғида истиқомат қилувчи 1998 йилда туғилган фуқаро М.С. туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига “ҳомиладорлик 2, туғуруқ 2, ҳомиладорликнинг 39 ҳафтаси. Туғуруқнинг биринчи даври” ташхиси билан қабул қилиниб, 26 август куни соат 16:00 да тирик, жинси ўғил, 3200 грамм вазнли, аммо оғир аҳволдаги чақалоқни дунёга келтирган.

Туғуруқни акушер-гинеколог Ю.А. ва шифокор-неонатолог Ҳ.Нлар қабул қилган. Дастлабки тиббий текширувлар натижасида болада она қорнидалик даврида эмбрионал ривожланиш ва ҳомила органларининг пайдо бўлиши бузилган ва нуқсонли ривожлангани аниқланган. Натижада, гўдак тўлиқ ривожланмаган органлар билан туғилган. Қолаверса, чақалоқда туғма нуқсонлар кузатилиб, боланинг ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган.

Шу боис, чақалоқ зудлик билан интенсив терапия хонасига ўтказилиб, унга зарур реанимацион ёрдам кўрсатилган. Бироқ боланинг ўпкаси ўз фаолиятини бажармаганлиги сабабли унда оғир асфиксия ҳолати кузатилган. Афсуски, тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилган керакли реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан гўдак 2021 йилнинг 27 август куни соат чамаси 12:20 да “Ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги” ташхисидан вафот этган. Шундан сўнг чақалоқ мурдаси ва тиббий ҳужжатлар паталогоанатомик текширувга юборилган.

Шифокор-неонатолог Ҳ.Н чақалоқ вафот этганлиги сабабли шу куни соат чамаси 12:30ларда гўдакнинг буваси, фуқаро С.С.ни чақириб, унга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ С.С. муассаса  туғуруқ бўлимининг врачлар хонасида туғуруқ тарихларини ёзиб ўтирган ва туғуруқни олиб борган акушер-гинеколог Ю.А.нинг олдига бориб, уни сабабсиз сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.

Энг ачинарлиcи, дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу зўравонлик ҳаракатини содир этган шахс, яъни 1971 йилда туғилган фуқаро С.С. ўз вақтида ички ишлар органлари тизимида ишлаб, нафақага чиққан.

Тиббий текширув давомида жабрланган шифокор Ю.А.га мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокор туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам маркази жарроҳлик бўлимида даво муолажаларини олмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти.

Умид қиламизки, шифокорларга нисбатан бундай зўравонлик қилганлар шубҳасиз тегишли тартибда ўз жазосини олади. Зеро, тиббиёт ходимига куч ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Барча ҳолатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим, яъни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳолатга аниқлик киритилиб айбдор қонунга асосланган ҳолда суд томонидан айбдор ёхуд айбсиз деб топилиши, жазо ҳам тегишли идоралар томонидан амалга оширилиши лозим. Бинобарин, биз ҳуқуқий демократик даврда яшаяпмиз.

Албатта, норасида гўдакнинг ўлими ҳар қандай оилада даҳшат ила қарши олинади. Ўша ондаги аламзадалик, талвасали ҳолат тушунарли, аммо айнан Фарғонадаги мазкур воқеада чақалоқ тиббиётчиларнинг айби билан эмас, носоғлом бўлгани учун жон берган. Ўзи масъулият билан қараши лозим бўлган масалани бошқаларга юкламасдан, бўлажак она, туғилажак бола саломатлигига аввалбошдан эътиборли бўлинганида, бундай нохуш воқеа содир бўлмасмиди. Тиббий саводхонлик ҳақида шунча жон куйдириб гапирилаётгани бежиз эмас ахир.

Гувоҳи бўляпмизки, ўтган икки йил давомида тиббиёт ходимлари чинакам ҳалқ қаҳрамонларига айланди. Пандемия пайтида ўзларининг хаётларини хавф остига қўйиб хизмат қилишмоқда. Афсуски, айни вақтда тиббиёт ходимларига тажовузлар ҳам кўпайиб бормоқда.

“Қовун қовундан ранг олар” деганларидек тиббиётчиларга куч ишлатиш, қўл кўтариш ва дўппослашлар такрор-такрор содир этилаётганига қарамай нега Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли чора кўриш ҳақида бош қотирмаяпти? Тажовузга дучор бўлган, оғир тан жароҳати олган шифокор ва ҳамширалардан қанчадан қанча мисол ва исботлар бўлди ҳамки, вазирлик ўз ходимларини ҳимоя қилиш учун бирор механизм ишлаб чиққани йўқ.

Яна бир оғриқли нуқта. Дуч келган одам тиббиёт муассасасига кириб, хоҳлаган ишини қилаверадими? “Шаҳар бедарвоза эмас” нақли “Шармандага шаҳар кенг” тарзида ўзгаришга қачон улгурди? Наҳот бутун бошли туғуруқхонада қўриқлаш хизмати йўқ? Устига устак ҳозир пандемия шароити, карантин чекловлари мавжуд замон бўлса!

“Адолат” СДП – электоратининг асосий қисми тиббиётчиларни ташкил этувчи партия сифатида тиббиёт ходимлари хавфсизлигини ҳимоя қилишни қўллаб қувватлайди. Жумладан, тиббиёт ходимларининг мақоми тўғрисидаги махсус қонунни қабул қилиш, бунда уларни ҳимоя қилиш кафолатларини аниқ белгилаш, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тенглаштириш, шунингдек, уларга тажовуз қилганлик учун жавобгарликни ошириш тарафдоридир. Оқ ҳалатли халоскорларга нисбатан муштумзўрликка қарши қатъий курашилса, фидойи касб вакиллари ўз соҳалари обрўсини тиклаб, хотиржам меҳнат қилишга қодир бўладилар.

 

                                                                                                            Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

                                                                                     “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+