Қарордан мақсад талаб юқори бўлган от зотларини ривожлантиришдир

11.08.2021 10:08:36

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда уларни от спортига кенг жалб этиш, мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантириш мақсадида “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммлаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

От — эр йигитнинг қаноти. Халқимизнинг кўп мингйиллик достонларида ҳам от тимсоли юксак мақомда мадҳ этилади, соҳибининг яқин кўмакчиси сифатида таърифланади. Дарҳақиқат, халқимиз отни ўзгача қадрлайди. Урф-одатларимиз,  “Кўпкари”, “Оломон пойга”, “Ағдариш” каби миллий ўйинларимизни тулпорларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зотан, азал-азалдан арғумоқлар сараси шундай спорт мусобақаларида сараланади. Тарих солномаларида қайд этилишича, Ўрта Осиё давлатларининг ўтроқ аҳолиси эрамиздан аввалги даврларда ҳам довруғи довон ошган арғумоқ отларни кўпайтириш билан шуғулланган. Хитой императорлари учқур тулпорларни ўз юртига олиб келиш мақсадида савдогарлар ва элчиларни, ҳарбий экспедицияларни бир неча бор жўнатган. Ўзбек халқининг фахри бўлган қорабайир ана шундай талаб юқори бўлган от зотлари сирасига киради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи давомида йилқичиликда наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, айниқса, қорабайир зотини кўпайтириш бўйича зарур йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар берган эди. Ана шу мақсадда қарорда бир қатор муҳим мақсад ва вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Мазкур қарорда Миллий гвардия ҳузурида қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилиши ва вилоятда Термиз тумани, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64,6 га ер майдони бино ва иншоотлари билан бирга Миллий гвардия балансига ўтказилиб, унда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жойлаштирилиши ва мактаб фаолияти жорий йил 1 октябрдан бошлаб тўлиқ йўлга қўйилиши белгиланди.

Таъкидлаш керакки, қорабайирнинг пайдо бўлиши ўзбек халқининг тарихи билан узвий боғлиқ. Халқ селекцияси маҳсули бўлган ушбу зот ўзгарувчан табиий-иқлим шароитларига мослашувчанлиги, чопқирлиги, кучлилиги билан ажралиб туради.Ташқи кўриниши эса ниҳоятда кўркам. Қорабайир ўзининг қатор биологик хусусиятлари билан ҳам бошқа зотлардан устунликка эга. Яъни тоғ шароитига яхши мослашади, иссиқ ва совуққа бардошли. Пойгада айниқса узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда бошқа зотлардан асло қолишмайди. Миллий от спорти мусобақаларида эса унга тенглашадигани топилмайди. Зеро, унинг чаққонлиги паст-баланд жойлар, тоғли ҳудудларда бемалол юриш имконини беради. Шу жиҳатдан қарорда ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, бу борада аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни, Қорабайир отлари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга жалб этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Яна шунингдек, ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Сурхондарё вилоятида Қорабайир зотли отлар иштирокида халқаро чавандозлар мусобақалари ташкил этилиб, ҳар йили Қорабайир зотли отлар иштирокида миллий от спорти турлари, замонавий бешкураш, поло бўйича маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам белгиланган.

Бизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган ҳақиқат шундаки, ватани Ўзбекистон бўлган қорабайир зоти жаҳон от селекциясининг олтин фондига киритилган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан унинг генофондини сақлаб қолиш, наслчилигини тиклаш ва ривожлантириш ишларига киришилгани қувонарлидир. Бинобарин, Термиз туманида ташкил этилаётган маҳорат мактаби қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда наслчиликни ривожлантиришга ихтисослаштирилади. Буларнинг барчаси йилқичилигимиз довруғини дунёга ёйиш,  ўзбек чавандозлари жаҳон мусобақаларида юқори ўринларни қўлга киритишига кенг йўл очиб бериши муқаррар.

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+