ШҲТ саммити: минтақамиз янги тараққиёт босқичи учун муҳим таклифлар

11.11.2020 19:11:51

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида сўзлаган нутқи даврнинг долзарб масалаларига бағишланди. Президентимиз ўз нутқи аввалида Қирғизистон ва толи Қорабоғдаги воқеалар, нотинчликлар хусусида тўхталиб, тинчлик, осойишталик ўрнатилганидан мамуният билдирди.

Шу билан биргаликда, дунёда юзага келаётган миллатлараро, динлараро зиддият фонида юз бераётган воқеалардан хавотир билдирди.

Президент нутқида савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини  ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик, камбағалликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида, хусусан, телемедицина соҳасида ҳамкорлик концепциясии ишлаб чиқиш, терроризм, экстремизм, наркобизнес ва ахборот маконидаги хатарларга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни биргаликда қўллаш, тинчлик-осойишталик, барқарорликни  мустаҳкамлаш борасида фикрларини баён этди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида тўхталиб ўтган беш муҳим жиҳатнинг ҳар бири ҳам мамлакатимиз ва минтақамиз учун алоҳида аҳамиятли масалалардир. Булар ичидан айримлари бўйича мулоҳаза юритадиган бўлсак, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасида билдирилган фикрлар ўта долзарб бўлиб, бугунги пандемия шароити бошқа давлатлар билан бир қаторда Ўзбекистон олдида ҳам мураккаб ҳолатни яратди. Бу ҳолатдан чиқиш, мамлакат аҳолиси соғлиғини асраш учун медицинамизнинг жуда кўп тармоқларини ривожлантириш зарурати мавжудлиги аёнлашди. Жумладан, телемедицина соҳасининг ривожи  давр тақозосидир. Масофадан туриб даволашнинг янги технологияларини эгаллаш учун бугун мутахассисларимиз дунё олимларининг, мутахассисларининг тажрибаларини ўрганишлари, ўқишлари жуда муҳим. “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам айнан соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган эди. Президентимизнинг саммитдаги нутқида ҳам партиянинг олдига қўйган мақсадларидан бири бўлган масала тилга олинди. Айниқса, Президент томонидан мамлакатлараро ихтисослашган шифохоналар ўртасида эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши кураш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш таклифи  жуда ўринлидир.

Давлат раҳбари ўз нутқида эътибор қаратган яна бир жиҳат бугун мамлакат тараққиёти учун ўта муҳим деб ҳисоблаймиз. Яъни, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилиши Ўзбекистон учун янги имкониятлар очилиши учун асосдир. Ривожланган мамлакатларнинг аксариятида аллақачон бу соҳада натижаларга эришилган. Даврнинг ўзи рақамли технологияларни бизнес соҳасига жорий этишни талаб қилмоқда. Ахборот технологиялари бугун иқтисодиётни юргизувчи “юрак”ка айланмоқда. Президентимизнинг бу соҳада ҳам ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш таклифи, ўйлаймизки, саммит иштирокчиси бўлган давлатлар учун ҳам муҳим масаладир.

Пандемия жуда кўп жараёнларни тезлаштирди. Юқорида тилга олинган соҳалар ҳам пандемия шароитида ютуқ ва камчиликларини назардан ўтказди, келажак учун мақсадлар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг минтақадаги тинчлик, барқарорлик, тинч иқтисодий ривожланиш борасидаги, айниқса, Афғонистонни қўллаб-қувватлаш, унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк сифатидаги тарихий мақомини қайтариш борасидаги фикрлари ҳам мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ривожида аҳамиятлидир.

Мамлакат раҳбари томонидан келгуси йили Ўзбекистонда ўтказилиши таклиф этилган икки йирик тадбир: “Марказий ва Жанубий Осий: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” ва “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли” халқаро конференциялари юқоридаги мақсаднинг амалга ошишида қўйилган катта қадам бўлади.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+