Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!

29.12.2022 12:12:37

Шу кунларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ва ҳатто бунинг натижасида болалар ўлими қайд этилгани борасидаги хабарлар азал-азалдан болажон, инсонпарвар халқимизнинг қалбида чуқур қайғу уйғотди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь–декабрь ойларида Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилиб, даволанган. Натижада 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган, аммо уларнинг 18 нафари вафот этган. Аянчлиси, уларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар, шулардан 15 нафари эса 3 ёшгача бўлган норасидалардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳолат юзасидан ўрганишлари натижасида бемор болаларга мазкур препарат шифокорлар рецептисиз берилгани аниқланган. Бунинг оқибатларига эса, афсуски, бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Табиийки, ушбу нохуш ҳолат барча юртдошларимиз қаторида биз адолатчиларнинг ҳам қалбларимизни ларзага келтирди. Сабаби партиямизнинг сайловолди дастурида ушбу масалага оид, айни давр учун муҳим бўлган бир қатор дастурий ғояларни ўз олдимизга белгилаб олганмиз. Бу борада партиямиз фаоллари мамлакатимизда 2019 йил бўлиб ўтган парламент сайловлари жараёнида ва шундан кейинги фаолиятимиз давомида ҳам бир неча бор «Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!» шиори остида дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олишга доир бир қатор ташаббусларни кўтариб чиқиб, ҳукумат ва жамоатчиликни ушбу масалаларга жиддий эътибор қаратишга чақириб келмоқдамиз.

Шунингдек, бизнинг партия бир неча йиллардан буён тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш, дориларни врач рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дори воситалари рекламасини чеклашга қаратилган қонунларни қабул қилишга доир ташаббуслар билан чиқиб, аҳолини юқори самарали хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, нафақат ҳаётий зарур медикаментлар айланмаси ва сифати, балки чакана савдога тушувчи барча дорилар устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни таклиф этиб келмоқда.

Шу мақсадда биз дориларнинг ягона электрон базасини шакллантиришни ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилишни, бу тизим орқали эса дориларнинг нархини барқарорлаштириш ва сифатини таъминлашни назарда тутганмиз.

Биз айни вазиятда мутасадди ташкилотлар ва масъулларни юз берган нохуш ҳолатдан тўғри хулоса чиқаришга, аҳолини сифатли тиббий хизмат ва дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида билдирилаётган таклифларга жиддий эътибор қаратишга, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олди олиш, телеканалларда, биринчи ўринда вояга етмаганларга мўлжалланган телеканаллар ва телекўрсатувларда дори воситалари рекламасини жойлаштиришни тақиқлашга доир чораларни кечиктирмасдан амалга оширишга чақириб қоламиз. Зеро, фуқароларимизнинг саломатлиги – мамлакатимизнинг улкан бойлиги, жамиятимизнинг барқарор ривожланиши гаровидир.

Шу ўринда мазкур нохуш ҳолат натижасида дунёдан эрта кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналари ва яқинларига Ўзбекистон «Адолат» СДП номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

«Адолат» СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+