Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур

25.10.2022 13:10:44

“Яна шифокорлар калтакланди”. “Тез ёрдам ҳайдовчисига оғир тан жароҳати етказилди”. “Сурхондарёда ҳамшира аёл ўз фарзанди кўз ўнгида калтакланди”.

Кейинги вақтларда бу каби хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқаладиган бошқа янгиликлар сингари оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Халқимиз азал-азалдан юксак маданият вакиллари сифатида дунёнинг турли бурчакларида намуна сифатида эътироф этилган. Жамоатчилик илм ахлига, айниқса шифокорларга, эл корига яровчи зиёли инсонлар сифатида ҳамиша ўзгача эҳтиром кўрсатиб келган. Ўтмишда яшаган Амир Ҳусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ўз асарларида шифокорларни васф этиб, уларни эътироф этувчи ажойиб ҳикояларни ёзиб қолдирган. Айниқса, Алишер Навоий “Дор-аш-Шифо” номли шифохона очган ҳамда у ерда фаолият юритган ҳозиқ табибларга катта эҳтиром кўрсатган ва  уларни осойишта яшашига кенг имконият яратган. Шунинг учун ўтмиш табибларидан бизга қадар минглаб тиббий асарлар етиб келган. 

Афсуски, кейинги йилларда жамиятимизда шифокорларга нисбатан бирмунча нотўғри муносабатлар пайдо бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз. Хизмат вазифаси юзасидан бемор хонадонига борган соғлиқни сақлаш ходимларига таҳдидлар, энг ачинарлиси эса тажовуз қилиш, уларга қасддан тан жароҳати етказиш ҳоллари кўпайди.

Шифокор ўз номи билан шифо улашувчидир. Улар инсонлар соғлиғи ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ўз ҳузур ҳаловатларидан кечиш эвазига бўлса ҳам беморлар дардига дармон тутиш йўлида кунни-кун, тунни-тун демай хизмат қиладилар. Биргина инсоният бошига тушган коронавирусдек “кўринмас ёв” билан курашиш вақтида шифокорларимиз кўрсатган жасоратнинг ўзиёқ юқоридаги фикримизга яққол далил бўла олади. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шифокорлар меҳнатини қадрловчилар қатори, машаққатли заҳматлари эвазига уларни оёқ ости қилишга уринувчилар ҳам йўқ эмас.

Ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган воқеалар жорий йилда, устига-устак  атиги бир неча кун фарқи билан кетма-кет содир бўлганлиги эса янада ачинарлидир.

Афсуски, жамиятимизда шифокорларни калтаклаш одат тусига кириб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилги мурожаатномасида бундай вазиятларга “Жамиятимизда шифокорларга нисбатан хунук ҳолатлар юз бермоқда. Бу жуда ёмон ҳолат. Шунинг учун шифокорларнинг шароитларини яхшилаш, уларнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, шифокорларга кўпроқ имкониятлар яратиб беришимиз керак”, дея билдириб ўтган муносабатларига қарамай, соғлиқни сақлаш ходимлари ҳали-ҳануз турли кўринишдаги таҳдидларга учрашда давом этмоқдалар. “Қарс икки қўлдан чиқади” қабилида зўравонларни оқловчилар ҳам топилади. Тўғри, жамиятимизда ўз хизмат бурчига совуққонлик билан ёндашувчи шифокорларимиз борлигини ҳам тан олмай иложимиз йўқ. Бироқ, ҳар қандай вазиятларда ҳам қонун барча учун баробар бўлиши, ҳар ким ўз қилмиши учун фақат қонун олдидагина тегишли тартиб қоидалар асосида жавобгарликка тортилиши лозим.

Сўнги вақтларда соғлиқни сақлаш тизимида содир этилаётган воқеалар тиббиёт соҳасини битта ягона қонун ҳужжатлари асосида тартибга солиш зарурати мавжуд эканлигини кўрсатиб бермоқда. Сабаби шифокор ва бемор ўртасидаги ҳақ-ҳуқулар бузилиши оқибатида турли низолар келиб чиқмоқда. Икки томон ўртасидаги муносабатларни қонун билан мустаҳкамлаш  зарур эканлигини вақтнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Партиямизнинг сайловолди дастурида аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам алоҳида аҳамият берилган бўлиб, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш, дори воситаларининг ноқонуний айланишига тўлиқ чек қўйиб, қалбакилаштирилган, сифатсиз дори воситалари  сотилишининг олдини олиш билан бир қаторда “Тиббиёт ходими” мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олишга хизмат қиладиган “Соғлиқни сақлаш” тўғрисидаги кодексни қабул қилиш орқали жамиятда вужудга келаётган муаммолар бартараф этилади. Яхлит тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий база икки томон ҳуқулари ва мажбуриятларини тартибга солиш билан бир қаторда инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ўз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи соғлиқни сақлаш ходимларининг халқ ва қонун олдидаги мавжуд бурч ва мажбуриятларини алоҳида эътироф этган холда, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам ҳар томонлама тўлақонли ҳимоя этилиши керак, деб ҳисоблайди. Зотан, «қонун – устувор, жазо – муқаррар» бўлган жамиятдагина ривожланиш, тинчлик-осудалик ва барқарорлик бўлади.

 Баҳром Абдуҳалимов,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+