Статистика эмас, сифат устун бўлса, вакциналар ўзини оқлайди

12.08.2021 12:08:34

«Вакцина атрофидаги миш-мишларга нега асосли жавоб қайтарилмаяпти?» мақоласига Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан муносабат билдирилиб, баёнот билан чиқилгани бизни мамнун этди. Демак, мутасадди идоралар мазкур долзарб масала устида бош қотиряптилар.

Бу мавзуга қўл уришдан асосий мақсадим глобал муаммо саналган коронавирусга қарши курашишда самарали йўлларни тутиш, вакцина имкониятидан тўлақонли  фойдаланиш ва бу орқали аҳоли саломатлиги ва ҳаётини сақлаб қолишга таклиф бериш эди. Вазирликларни танқид қилиш ва ҳаракатсизликда айблаш ниятим йўқ, зеро бундан наф ҳам йўқ. Тегишли идоралар ўртага ташланган фикрни самимий тушуниб, тўғри хулоса чиқарсалар, ўзлари ҳам, кенг жамоатчилик ҳам фақат фойда кўради.

Баёнотда айтилиб, ҳаволалар келтирилганидек, вакцина бўйича маълумотлар берилди, бундан хабардормиз. Аммо биз айнан “асосли жавоб” деяпмиз. Агар шунча пайтдан бери келтирилаётган расмий хабарларда вазн ва салмоқ устун бўлганида эди, турли миш-мишлар олға йўрғалаб кетмаган бўларди. Албатта, маълумотлар халқчил ва исботли бўлиши шарт.

Вазирлик томонидан бир тушунмовчиликка йўл қўйилган. Шу ўринни қайта очиқлашни бурчим деб биламан. “Баҳром Абдуҳалимовнинг «босқичлар орасида узилиш бўлса, вирусга чалиниш эҳтимоли сақланиб қолаверади» деган гапи илмий асосга эга эмас” дейиляпти. Дўстлар, эътиборлироқ бўлинг, мақолада “иккинчи доза муддати чўзилса”, дейилмаган, балки "узилиш бўлса" дейилган. Узилиш деганда биринчи вакцинани қабул қилиб, кейингисини ололмаслик тушунилади. Фақат битта дозани олиб, иккинчисини қабул қилмаса, иммунитет шаклланмайди. Тиббий исботи мавжуд бу фикримда қатъий қоламан.

Афсуски, вакцинация жараёнида натижа эмас, статистика муҳим, чоғи. Мисол учун, “5 та одам тўлиқ эмланди”, деган гапдан кўра “10 та одам вакцина қабул қилди” деган ҳисоботга ишқибозлар кўп кўринади. Лекин вакцинанинг мақсади касалликнинг олдини олиш ва шундай бўлиб қолиши шарт. Такрорий дозалар қабул қилинмаса касалликка чалиниш эҳтимоли сақланиб қолаверар экан, бунга жиддий қараш керак, ҳисобот жадвалларига эмас, назаримда. Эҳтимол вакцина олганлар эмас, тўлиқ эмланганлар статистикаси юритилса, моҳият учун курашган бўлармидик. Бу менинг таклифим.

Баёнотда “Дозалар оралиғи 30 кун эмас, 60 кун бўлса ҳам мумкин” деган мазмундаги факт хотиржамликка ундамоқда. Маълумот учун раҳмат! Бироқ ҳозирги вазият жиддий, хатто вакцинанинг иккинчи дозаси муддати келмай туриб вирус юқтириб олаётганлар бор (тўлиқ иммунитет – антитанача шаклланмаган-да), шундай экан, вакцина олишни бошлаганларга, кўрсатилган минимал муддат келганида имкон қадар кейингисини етказиб бериш, хатардан ҳоли бўлиш учун изчил ҳаракат қилиш керак.

Гапнинг индаллосини айтганда - такрорий доза учун заҳира шакллантиргачгина биринчи бор эмланадиганларга вакцина ажратилишини таклиф қиламан. Шу адолатдан бўлади. Унутманг, мақсад чўққисига интизом зиналари орқали чиқилади. Чала ҳимоя эмас, тўлиқ кафолат учун курашайлик!

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+