Тадбиркор бозорни билади...

19.03.2021 15:03:38

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи бошланди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент вилоятининг Чиноз туманига келиб, сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Дунё аҳолисини ташвишга солаётган глобал иқлим ўзгариши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан йилга кучайиб бормоқда. Сўнгги 50 йил давомида Марказий Осиёдаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқариши натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари асосан эгатлаб суғорилмоқда. Коллектор-дренаж тармоқлари эскириши оқибатида сув жуда кўп исроф бўлмоқда. Лекин айни пайтда аҳоли сони ўсиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари сувни тежаш, унинг аниқ ҳисобини юритиш ва самарали фойдаланиш зарурлигини доим таъкидлаб келади.

2020 йил 10 июлдаги Президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида шу борадаги барча масалалар ўз ифодасини топган. Ушбу концепцияга мувофиқ, жорий йил 24 февралда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг уч йиллик стратегияси қабул қилинди. Унда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш, бу соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектлари тармоғини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш бўйича Тошкент вилояти Чиноз туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тумандаги Янгиобод қишлоғидаги экин майдони сув тежовчи технологияларни жорий қилиш натижасида 1 миллион 350 минг доллар инвестиция эвазига 850 гектар ер қайта ўзлаштирилган. Жами 202 минг куб метр сиғимга эга 3 та сув ҳавзаси барпо этилиб, экинларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Янги қўриқ ернинг 702 гектарига қўшқатор усулда, плёнка остида “Андижон-72” навли пахта экилади. Бунинг учун замонавий сеялкалар олиб келинган. Улар чигит экиш билан бир вақтда томчилатиб суғориш шлангларини ўрнатиб, плёнка билан ёпиб кетади. 148 гектарда экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштирилади. Жумладан, унинг бир қисми ишсиз ёшларга бўлиб берилади. Бу эса бугун ёшларнинг бандлигини таъминлаш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш баробарида, бозорларимизга сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилади.

Президентимиз ерга экин экишдан олдин сотишни ўйлаш кераклиги, ерни тадбиркорга бериш зарурлигини, бунинг сабаби, тадбиркор бозорни, рақобатни яхши билишини алоҳида таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани

кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+