Таълим ислоҳотлари юрт тараққиётини белгилайди

30.10.2020 19:10:10

Илм ҳар қандай замон ва маконда ҳам нажот йўли, зулматларни ёритувчи нур, инсонни камолотга етакловчи буюк неъмат бўлган.

Барча даврларда боболаримиз илмнинг миллат ва давлат келажагидаги ўрнини жуда яхши англаган. Бунинг ёрқин дали сифатида Имом Бухорийнинг ўн икки аср олдин  “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай ” деган фикрларини келтириш мумкин.

 Глобаллашув даврида ҳам таълим, билим, заковат тушунчалари ўз охорини йўқотмади, аксинча долзарблиги янада ошди. Илмни саодат деб билган халқ борки, ривожланишга юз тутиши муқаррар. Асосий инвестициясини таълим тизимига киритадиган мамлакат албатта улкан ютуқларга эришади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишидаги нутқи ҳам шундан далолат беради.  Унда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, таълим ва фан тараққиёти билан  боғлиқ саъй-ҳаракатлар бутун давлатнинг вазифаси бўлгани сабабли уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш масаласи кўтарилгани эътиборимизни тортди.

Шунингдек, таълимдаги муаммоларни илмий асосда ва тизимли ҳал этиш ҳамда мамлакатимиздаги таълим муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти негизида янги илмий-текшириш институти ташкил этиш масаласи тилга олингани айни муддаодир. Бинобарин, замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Ушбу маънода, Ўзбекистон  учун Финляндия таълим тизимини намуна сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эканлиги эътироф этилди.

Маърузада зиёлилар, жумладан ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи илгари сурилгани бежиз эмас. Айни масала “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ҳам ўрин олган. Партия ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш ва шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни таклиф этади. Шунингдек, “Адолат” СДП таълим олиш ва унинг сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда, “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш, истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий тизимни яратиш ғоясини илгари суради.

Янги Ўзбекистон пойдевори мактабдан бошланишини Юртбошимиз кўп бор таъкидладилар. Мактабга оид ислоҳотлар ривожланиш йўлидаги илк қадамдир. Бугунги кунда таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ва гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, мутаассиблик ва турли ёт ғояларга кўр-кўрона эргашишни рад этиш, қисқача айтганда — комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.

Депутатлар таълим ислоҳотларининг бевосита назоратчисига айланиши кераклиги ҳам видеоселекторда кўтарилган ўринли масалалардан биридир. Таълимнинг асосий вазифаларини, мавжуд илмий салоҳият ва алоҳида шахсларнинг истеъдодини давлатнинг амалдаги эҳтиёжларига мослаштириш жуда муҳим. Бу эса халқ вакилларининг доимий эътиборидаги масалага айланмоғи шарт.  

Президентимиз томонидан ҳар бир вилоят таълим бўйича ўз тажрибасини ишлаб чиқиши кераклиги, ўқитувчиларнинг тоифаларини қайта кўриб чиқиш кераклиги қайд этилди. “Менинг энг катта кучим – муаллимлар ва зиёлилардир”, деб таъкидлаганлари ҳам фахр, ҳам масъулият.

Бугун тобора кучайиб бораётган талабларга жавоб бериш мақсадида ҳаракат қилиш зарурлигини чуқур ҳис этяпмиз. Олдинга, янгиланиш сари қадам қўйиш учун эса халқимиз асрлар давомида тўплаган бебаҳо тажриба, яъни кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамда илмий-таълимий соҳада эришилган ютуқлар, услубий, тузилмавий, моддий ва ниҳоят инновацион ривожланиш тажрибасини ҳисобга олиш ва ундан фойдаланиш лозим.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириб бориш, масофавий ўқитишни кенгайтириш, қизларни олий таълимга қабул қилишда алоҳида грантлар ажратиш вазифалари белгилаб берилган эди. Ана шу асосда мамлакатимизда олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан деган, юрагида ўти бор, ғайрат-шижоатли ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма шарт-шароит яратилмоқда. Янги олий таълим муассасалари, етакчи хориж университетларининг, шунингдек, юртимиздаги мавжуд олий таълим муассасаларининг ҳудудларда филиаллари очилмоқда.

Бугун таълим муассасалари зиммасида нафақат билимли ёшларни тарбиялаш, шу билан бирга, ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратиш вазифаси турибди. Ёшларимиз қандай улуғ зотларнинг авлодлари эканликларини ҳар қадамда ҳис этишлари, бундай тарбия бера олиш учун педагоглардан тинимсиз изланиш, машаққатли меҳнат талаб этилади.

         Ҳа, одамларни ўзгартирмасдан туриб жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Одамларнинг фикрларини ўзгартириш, шунда мактаб таълимида ҳам ўзгаришлар бўлади. Бу гаплар айни ҳақиқат. Демак, биз янги ислоҳотлар остонасидамиз, бу йўлда олға одимлар ташлаш фурсати етди.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП  Сиёсий  Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+