Таълимнинг энг катта инқирози нимада?

21.04.2021 10:04:38

Бугунги кунда мамлакатимизда ислоҳотларга муҳтож, кечиктириб бўлмайдиган қатор соҳалар мавжуд бўлиб, улар қаторида таълим тизими ҳам бор.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатда ўқитувчи мақомини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, аниқ фанларга чуқурруқ эътибор қаратила бошланди, Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳамда хусусий шаклдаги умумтаълим мактаблари сонини оширишда амалий ҳаракатлар яққол кўзга ташланди.

Шунга қарамасдан, мақсадга тўлалигича эришилгани йўқ. Табиийки, исталган ривожланган мамлакатларда таълим ва тиббиёт давлатнинг қудратини белгиловчи энг муҳим омиллардан ҳисобланади ҳамда реал ўзгаришларни амалга ошириш, натижадорликни кўрсатишда шубҳасиз бир неча йиллар керак бўлади. Шунингдек, таълимнинг ўзбек модели бугун қатор муаммоларга юзма-юз келиб турибди. Муаммоларни аниқ белгилаб олиш ҳамда даражаси ва ечими эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларни босқичма-босқич бир-бирига боғлаган ҳолда ҳал қилиш куннинг энг муҳим масалаларидандир.

Таълимнинг энг қатта инқирозларидан бири – ўқитувчи шахсининг жамиятдаги мавқейининг пасайганлиги. Бунга ким айбдор, албатта фақатгина ўқитувчи эмас, балки тизим, жамият, сиз ва мен – ҳаммамиз. Айблар турли субъектларга турлича сабаблар билан турли даражада дахлдор. Бунда коррупция, бюрократия, масъулиятсизлик ҳамда қатор арзирли сабаблар мавжуд.

Ўқитувчи нафақат билим берувчи, балки ўз ўқувчиси виждонининг тарбиячисидир. Бу вазифани адо этишда эса аввало ўқитувчининг ўзи тоза виждон ифодачиси бўлмоғи шарт. Ҳақли савол туғилади, бугун педагог кадрларни тайёрлаш мамлакатда қай ҳолатда? Республика миқёсида кириш энг қийин бўлган олий ўқув юртлари қайсилар? Энг яхши тайёргарлик кўрган абитуриентлар қайси олий ўқув юртларига интилмоқда? Табиийки, дипломатия, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик ва умумий қилиб халқ тилида айтганда келажаги бор, эртага яхши даромад топадиган ва ёки мамлакатда мавқейи баланд бўладиган касб эгаларини тайёрлайдиган олий ўқув юртларида рақобат ҳамиша кучли бўлган, энг билимлилар ана ўша соҳаларга “ўзини урмоқда”. Нега? Чунки аниқ ва мухтасар мақсад шу – юқори мавқе ҳамда яхши даромад.

Кўп бор қулоқларимизга чалинганини инкор эта олмаймиз, ўтган узоқ йиллар даврида болалардан, келажакда ким бўласан, деб сўралганда “мен ўқитувчи бўламан”, “болаларга дарс бераман” деган (эскирган) орзулар ҳамиша кўп бўлган. Бугун сўраб кўрингчи, кўпчилик болалар ҳали ҳам устоз бўлишни орзу қиладиларми? Йиллар давомидаги катта ва кичик хатолар бугун бу орзуларни йўққа чиқишига ва орзуларнинг мазмуни ўзгаришига асос бўла олди. Шунга кўра, мамлакатда ўқитувчи мақомини оширишда “Учта энг механизми”ни ишлаб чиқиш ҳам кўзланган натижани юзага чиқариши мумкин.

1.Ўқитувчилар, педагог кадрларни тайёрловчи муассасалар мамлакатнинг энг кучли олий ўқув юртлари бўлиши шарт. Жорий йилда ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган катта онлайн конференцияда  Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров  “Жорий йилда университетимизни 55 мингта абитуриент танлади, “мен педагог бўламан, мен келажак авлодга тарбия бераман, таълим бераман” деб бизга ишонч билдирди. Энди мана шундай зўр абитуриентлар бизга келганда, бизда зўр педагог ўқитувчилар бўлиши керак ва шу бўйича ишлар амалга оширилмоқда”. дея ўз фикрларини билдирди. Аччиқ бўлса-да тан олишимиз керакки, ҳужжат топширган 55 минг абитуриентнинг барчасида ректор айтгандек беғубор орзулар мавжуд эмас. Айнан педагогика йўналишлари ва юқорида номлари келтирилган “мартабаси улуғ” олий юртларидаги ўртача ўтиш баллари республика миқёсида қиёсий таҳлил қилинганда кўрсаткичлар ўртасида сезиларли фарқлар мавжуд. Ва бу халқнинг тилида айтгандай “илакишиб қолса бўлди”, “диплом бўлса бўлди-да”, айниқса қизлар учун “ўқитувчи бўлса бўлди-да, пешингача дарс бериб келиб, уйда ўтиради” кайфиятининг юқори эканини англатади.

ЎзДЖТУ социология фани ўқитувчиси Завқиддин Гадоев, филология факультетларига дарсга кирганимда баъзан қўрқиб кетаман, айрим талабалардаги лаёқатсизлик, бепарволик, таҳсил олаётган соҳасига бўлган бепарволигини кўриб, миллатнинг кушандаларини кўргандек бўламан, айримлар қизларни ўз хоҳишига қарши бу ерда ўқитишади “дипломли келин”  ва ёки устоз  (барча хотин-қизлар учун энг яхши касб) бўлсин деб.  Биз эртанги авлодни мана шу устоз бўлишни истамайдиган, айримлари бу шарафга лойиқ бўлмаган ва ёки ўз устозларини ҳурмат қилмайдиган етишиб келаётган кадрларга топширишимизни ўйлаб қоламан, дегандилар маърузалардан бирида.

Айнан мана шу кайфият, мана шу тоифадаги, ўқитувчи бўлишни истамайдиган, ўз хоҳишлари ва қизиқишларига қарши таҳсил олган бир қанча кадрлар бугун устоз бўлиб ишламоқдалар ва кейин ҳам ишлайверадилар. Биз уларга ҳеч ўйланмай бир олам фарзандларимизнинг келажагини топшириб келяпмиз. Устозлик – шарафли касб, бу мақом эгаси юксак ҳурмат ва ҳақиқий шарафга лойиқ бўлмоғи албатта муҳим. У ҳақиқий инсонийлик ва фидойилик тимсоли, ўзи таълим ва албатта тарбия бераётган ўқувчиларининг ҳавасларига лойиқ бир мукаммал шахс тимсоли бўла олиши шарт.

Муаммонинг ечимларидан бири сифатида бугунги кундга педагогларни тайёрловчи барча олий таълим муассасалари, таълим йўналишларида ўқишга қабул қилиш жараёнида айнан ўқитувчи бўлишга лаёқатлилик даражасини аниқлаш учун қатор синовларни қўшимча сифатида киритиш лозим. Бу синов жараёнлари психологик тестлар ҳамда нотиқлик даражаси, толерантлиги, коррупция ва қатор таълим сифатига таъсир қилувчи омилларга қарши иммунитетини текширувчи маълум бир мезонларни ўз ичига олиши мақсадга мувофиқдир. 

Миллий Таълим Тадқиқотлари Жамғармаси (NFER) ҳисоботига кўра, ўқитувчиларнинг 20 фоизи доимо ўз ишларига мойил бўлишади. Бир ниҳолни парваришлаб ўстириш бир мурғакнинг униб-ўсиши, тўғри таълим-тарбия олиши каби бир жараён экан, уни ижодий жараён деб баҳолашга ҳақлимиз ва бу масъулиятни топширишимиз  аввалида биз бўлажак кадрларни ҳам ижодий имтиҳонлар орқали синовдан ўтказишимиз лозим.

2.Педагог кадрларни етиштирувчи олий таълим муассасалари таълим сифати энг юқори ва энг кўп миқдорда стипендия тўловчи бўлиши. Келажакка тикилган энг яхши сармоя бу таълимга тикилган сармоядир. Баландпарвоз сўзлар билан таърифлайдиганимиз – келажак кадрларини ҳақиқатан ҳам етиштиришимиз учун албатта энг биринчи галда кадрлар тайёрлаш тизимига энг кўп эътибор қаратишимиз шарт. Мавқейи-мансабидан қатъий назар жамики соҳа мутахассисларига таълим берувчилар сифатида жамиятнинг энг яхши таъминланган қатлами бўлишга энг аввало ўқитувчилар ҳақлидирлар. Шу сабаб, педагогика соҳасида таҳсил олувчи талабаларга тўланадиган ойлик стипендияларнинг миқдори бошқа ОТМга қараганда юқори бўлиши ҳам соҳа изланувчиларига бир мотивация бўлса, ҳам уларнинг бошқа соҳа вакилларидан қадр-қимматини яна бир поғонага юқорига қўяди. Ана шунда педагогика йўналиши талабаси бўлиш энг яхши билим олган абитуриентларнинг танлови ва касбнинг ҳақиқий эгаси бўлишни истаган кадрларнинг чин мақсадига айланади.

Шунинг билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 1028-қарорига кўра нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш ҳамда лицензия олишда қатор қулайликлар яратиш масаласига алоҳида урғу берилганлиги қувонарли ҳолатдир. Шунинг заминида нафақат хусусий умумтаълим ташкилотлари, балки нодавлат олий таълим муассаларини сонини кўпайтириш, педагог кадрлар тайёрловчи муассалалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳам айниқса самарали бўлади. Бунинг натижасида умумтаълим мактабларида ишга қабул қилиш жараёнида ҳам соғлом рақобат шаклланиб, танлов асосида энг муносиб кадрларни таълим жараёнига жалб қилиш, шунингдек, ўқитувчиларнинг таълим бериш сифати доимий назорат қилиниб, фаолияти қониқарсиз деб топилган ўқитувчилар ўрнини ҳам етук, билимли ўқитувчиларга алмаштириш имкони бўлади.

3.Ўқитувчилик мамлакатда энг юқори маош тўланадиган касблар қаторига киритилиши лозим.  Бу борада йиллар давомида қатор ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу масалада жорий йилда ўқитувчилар куни муносабати билан ўтказилган конференцияда ҳам Президентимиз томонидан “...мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми белгиланиши лозим. Ўқитувчиларга устама тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши керак"лиги яна бир бор таъкидланди.

Брусселдаги Вриже Университети профессори Инге Богаерт тадқиқотларига кўра, бугунги кунда бутун жаҳонда ўқитувчилик бошқаларига нисбатан юрак-қон томир касалликлари, асаб тизими касалликларига чалинишликнинг юқори эҳтимоли сабаб энг машаққатли касблар сифатида баҳоланмоқда. Шунинг билан бирга, муаллиф бутун дунёда ўқитувчиларнинг бўш вақтини кўпайтириш, иш шароитини яхшилаш ҳамда уларнинг саломатлигини аниқ механизмлар асосида муҳофаза қилиш учун қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқариш зарурати ҳақида бир неча асослар келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда педагог ходимларнинг мақомини оширишда мазкур механизм (ўқитувчилар, педагог кадрларни тайёрловчи муассасаларни мамлакатнинг энг кучли олий ўқув юртлари даражасига олиб чиқиш, уларнинг таълим сифати энг юқори ва энг кўп миқдорда стипендия тўловчи бўлиши ҳамда ўқитувчилик мамлакатда энг юқори маош тўланадиган касблар қаторига киритилиши)нинг босқичма-босқич амалга оширилиши нафақат кўзланган мақсадга етишиш ва бу орқали таълим сифатини яна ҳам оширишда ўз самарасини беради.

 

Соҳибжамол КАТТАЕВА,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+