Танқиддан хафа бўлиш эмас, тўғри хулоса қилишимиз керак

05.02.2021 16:02:03

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани ана шундай шиор остида ташкил этилди. Вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармасида ўтган мулоқотларда асосий эътибор партия вилоят Кенгаши ва депутатлик гуруҳларининг 2020 йилдаги фаолиятининг  таҳлилига қаратилди. Шунингдек  2021 йилдаги устувор  вазифалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Партиянинг ҳудудий Кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этган  тадбирда партия ташкилоти ва депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан партия вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Беҳзод Абдуллаев ўз  маърузасида  фаъолият таҳлилини аниқ кўрсаткичлар билан қуйидагича изоҳлади:

-Дастурий ғояларимизни  амалга ошириш учун 22 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Амалда эса ушбу лойиҳаларнинг аксарияти ишламаяпти. Аччиқ бўлса ҳам бундан керакли хулоса чиқариш керак. Чунки барчамизга маълумки, бу йил сайловлар йили ва сайлов қонунчилигига қатор ўзгартиш ва янгиликлар киритилмоқда. Бу эса фаолиятимизни янада жонлантириш ва аҳоли  билан самаралироқ мулоқотда бўлишимизни талаб этади. Жорий йилда эса партия вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари, БПТлар ва депутатлик гуруҳлари фаъолиятини самарали ташкил этиш мақсадида баҳолаш мезонларини жорий қилган холда “Энг намунали кенгаш”, “Энг намунали БПТ”, “Энг намунали депутат” номинацияларини жорий қилиш ҳамда энг фаолларни рағбатлантиришни режалаштирдик. Демак ҳар бир партия ташкилоти ва депутатлар фаъолияти назоратда ва ўрганишларда бўладиган бўлди.

Журналистлар билан ўтган мулоқотда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан  депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродов ҳисобот берди. У ўз сўзида халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги саккиз нафардан иборат партия депутатлик гуруҳи томонидан эришилган ютуқлар билан бир қаторда  қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида шундай деди:

-2020 йил 12 ойи мобайнида партия депутатлик гуруҳи аъзолари  115 та депутатлик сўровлари мансабдор шахсларга тегишли тартибда жўнатилган. Ушбу жўнатилган депутатлик сўровларининг 33 таси ижобий ҳал этилди,  82 таси  жавоб хати юборилмаган, 5 та сўров хати бошқа ваколатли ташкилотга йўналтирилган. Бу эса бошқа сиёсий партияларнинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳлари томонидан чиқарилган  депутатлик сўровлари билан таққослаганда “қониқарли” кўрсаткич ҳисобланади. Тўғри, депутатлик сўровини юбориш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди, лекин аҳолининг мурожаатлари асосида тегишли мутассаддиларга юбориладиган депутатлик сўровларига берилган ваколатдан ҳам унумли фойдаланишимиз зарур. Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилдан бошлаб ҳар ойда 1 маротаба депутатлик гуруҳи аъзолари йиғилиб, ҳудудларда ўтказиладиган учрашувларда жойлардаги мавжуд ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш,  аниқланган камчиликларни имкони борича жойида бартараф этиш ишларини янада жонлантиришимиз талаб этилади.

Шундан сўнг партия вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар  журналистлар ва блогерларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб беришди, ўртага ташланган таклифлар муҳокама қилинди. Ўзаро бахс мунозаралар ҳам бўлди.

Энг муҳими  матбуот анжуманида “Биз зўр ишлаяпмиз!” қабилидаги баландпарвоз гаплардан кўра “Қандай ишлар қилишимиз зарур?”, деган мазмундаги таҳлил ва таклифлар ҳақида сўз борди. Зеро танқиддан хафа бўлиш эмас, тўғри хулоса қилиш фаолият мезони эканлиги  ойдинлашди. 

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+