Тилга эгалик қилиш учун илм-фанга эгалик қилиш зарур

20.10.2020 16:10:08

 

Тарихга назар ташласак, Турк ҳоқонлиги даврида деярли дунёнинг ярмини эгаллаган бу салтанат шунча жойга туркий тилни ёйган эди. Ҳозирда ҳам интернет маълумотларига кўра дунё аҳолисининг 300-400 миллион чоғли аҳолиси туркий тилда сўзлашадилар. Дунёда ўз тилига эга бўлмаган халқлар ҳам бор. Шу билан бир қаторда, ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўз она тилининг нуфузи учун жон куйдиради ва уни борича севади. Буюк авар шоири Расул Ҳамзатов ўз армонларини қуйидаги сатрларда ифода этган эди:

Жаҳон минбаридан  янграмаса ҳам,

Она тилим менга муқаддас, буюк.

Жаҳон шоирларининг кўплари, татар шоири Абдулла Тўқай ҳам “Она тилим” шеърида “Эй азиз тил, эй гўзал тил, ота-онамнинг тили, дунёда кўп нарса билдим, сен она тил туфайли!” дея ўз тилини улуғлаганди. Ўзбек шоирлари ижодида Эркин Воҳидов, Рауф Парфи ва бошқа кўплаб шоирлар  она тилимизга бағишлаб шеърлар ёздилар, дунёдаги энг нуфузли тиллардан бири бўлишини орзу қилдилар.

Яқиндагина юқори даражадаги сиёсий мунозараларда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сессияда қатнашиши ва унинг нутқи ҳаяжон билан кутиб олинди. Жаҳоннинг энг мўътабар минбаридан ўзбек тилини янгратган Президентга Ўзбекистон халқи юксак эҳтиром билдирди. Жаҳондаги барча туркий тилли халқлар Президентимиз нутқини ўзбек тилида хурсандчилик билан тинглаган десам муболаға эмас.

Узоқ талабалик йилларимизда, тилимизга ўзбек тили мақоми берилиши учун курашган чоғларимизда ҳали Ўзбекистон мустақил давлат эмас эди. Ўша пайтдаги зиёлиларнинг, халқнинг иродаси билан давлатимиз раҳбарияти ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга эришдилар.

Лекин узоқ давр мобайнида ўзбек тилининг расмий иш юритиш тили, илм-фан тили бўлмай келганлиги маълум бир муаммоларни юзага чиқарди. Ўзбек тили маиший тил, фақат сўзлашув тили бўлиб қолишидан хавотирлар ҳам уйғона бошлади. Бугун ўзбек тили дунёда муҳим тил сифатида яшаб қолиши учун у илм-фан тилига айланмоғи, бу тил жаҳон илмий доирасида керак бўлмоғи зарур.

Ўтмишда қайси тилда илмий асарлар ёзилган бўлса, шу тилнинг жаҳонда нуфузи баланд бўлган. Ҳозирда ҳам инглиз ва рус тилларида яратилган илмий асарлар туфайли бу тилларнинг нуфузи баланд. Мана, нима учун илм-фанни ривожлантирмоғимиз лозим. Эътибор қилсангиз, барча илмий атамалар  илм-фан ривожланган мамлакатлар тилларидан кириб келган.

Қадимги Греция ва Римда нотиқлар ёлланган. Улар  нутқи яхши ривожланмаган, тўғри ифода этиб етказиб бера олмайдиган, гапиришни билмайдиганлар ўрнига ёлланиб судда иштирок этганлар. Демак, тилга эътибор, унинг ҳурматини жойига қўйиб ўрганиш инсон ҳуқуқлари, унинг жамиятда ўрин топиши билан ҳам боғлиқ масала экан.

“Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида таълим тизимининг барча босқичларида таълим сифатини бирдай ошириш, илм-фан ривожига катта аҳамият бериш, олий маълумотлилар сонини ошириш, илмий майдонни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бугун давлат раҳбари томонидан айтилаётган устувор вазифалар ҳам айнан партия дастуридаги мақсадларга ҳамоҳангдир. Яъни Президентимиз ҳам ўз нутқларида бугунги кундан бошлаб илм-фан ривожига янги пойдевор қўйиш зарурати борлигини таъкидламоқда.

Агар ўзбек ёшларининг сифатли таълим олишларига шароит яратиб, ўзбек олимларини қўллаб-қувватлай олсак,  тилимиз илм-фан тилига айланади ва жаҳонда нуфузи ортади.

Ҳозирги дунёда барча аниқ фанлар атамалари Европа тиллари сўзлари билан аталади, араб тили тил, адабиёт илмида муҳим ўрин эгаллайди. Ўтмишдаги Ренессанс давридаги энциклопедик Шарқ олимлари туфайли жаҳон илмига кириб келган медицина, алгоритм каби сўзлар эса ҳозирга қадар  қўлланади. Жаҳон спортида кураш тури терминлари ҳам ўзбек тилида янграйди. Демак, тилга эгалик қилиш, уни яшатиш учун илм-фанга эгалик қилиш, жаҳонга тажриба бериш керак экан.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили мақоми бу 21 октябрь куни байрам қилибгина қўя қолинадиган ҳодиса эмас, балки жамиятдаги глобал жараёнлар билан боғлиқ масала экан.

Демак, тил ватанга меҳр, миллатга ҳурмат, келажакка ғамхўрлик белгиси экан. Энг аввало, давлат ҳужжатларининг ўзбек тилида бехато юритилиши, барча бўғинларда талаб даражасининг тўғри қўйилиши тилимиз нуфузи ортишига ҳисса қўшади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+