Урф - одатлар бахт калити бўлолмайди

14.11.2022 15:11:21

«Қизингни бешикка тиқ, сепини сандиққа», деган мақолни ҳаммамиз эшитганмиз. Демак, сеп йиғиш одати бугун пайдо бўлган эмас. Лекин ҳозирги кунда кўпроқ аёллар томонидан ўйлаб топилаётган, урф бўлаётган айрим ортиқча ҳашамлар одамнинг чўнтагинигина эмас тинкасини ҳам қуритади. Тўйдан кейинги қилди-этдилар икки ҳисса ошиб кетди. Сарпо-суруқнинг сони кўпайди. Гўё ўзимизникини кийиб бўлмайдигандек чет элники, айниқса, «турескый»ларига ружу қўйдик. Бироқ аксарият ҳолларда бу каби орзу-ҳаваслар дабдабабозликлар икки томон орасига совуқчилик солиб, оила бузилишига, болаларнинг тирик етим бўлишига сабаб бўляпти.

Яқинда қизини унаштирган қўшнимнинг биргина «фотиҳа»сига сарфланган маблағни эшитиб, тўғриси ташвишим ортди. Қиз ўстираётган биз каби оилалар биргина маошга кун кўрса агар... Қўшимча даромади бўлмаса бу каби орзулар «қўли етмасдек».

Эсимда болалигимизда тўйлар карнай-сурнай садолари остида ўтган. Рўзғори учун зарур бўлган самовар, бир жуфт патнис, беш-олтита пиёла ва 2 та чойнак. Бир сандиғу жавонга йиғилган тўрт-беш кўрпа-тўшак, ёстиқлар безаган, холос келин уйини. Тўғри, энди замон бошқа, ўзгарди дейишингиз мумкин. Бироқ назаримда замон эмас одамлар ўзгарган. Ҳамма нарсани замонга юкламай, ақл билан иш кўрса бўладику.

Маҳалламиздаги Анора ҳола тушираётган келинининг отаси катта бир ташкилотнинг «раҳбари» эканлиги учун олди. Мебелининг фалон минг доллар туришини ҳамма билди. Энди камларимиз тўлади, дея ор қилмай оғзини тўлдириб мақтанди. Афсуски, тўйнинг ҳафтаси келмай куёв-келиннинг жанжали чиқди. Сабаби ҳали турмушга тайёр бўлмаган қизнинг ҳеч кимга аён бўлмаган «найранг»лари чиқибди.

Қўшним ақлли, одобли қиз ўстирди. Эшитишимча, келган совчиларга унинг «дом»да туриши ёқмабди. Содда қўшним эртасигаёқ уйини сотувга қўйди. Бечора қишлоқдан келганлиги боис «дом» бўлса ҳам яхшигина шароит қилиб олганди. Ҳар келган совчини тандирдан янги узилган сомса-патир, майиз, туршак билан кутиб олиши ёқмаган эмиш. Яна бир эшитганим қимматбаҳо уй жиҳозларию буюмлари йўқлиги қиз тарафнинг оддий турмушига «замондан қолиб кетишган экан» дея таъриф билан якунланибди.

Совчиларни 3 қаватли қанд тузайдиган идишу мева тузалган ваза атрофидаги ширинликлару писта бодомлар, тансиқ таомлар билан ҳурматлаш зарур экан. Уларнинг баҳоси «меҳмондўст» эмиш. Агар қизининг бахти очилсаку нур устига аъло нур...

Дилшодани учрашувдан қайтгач амма- холалари «Куёвнинг гап-сўзи маънилими», «Ўқиган, одоблими?», дея сўроққа тутишди. Наргизанинг яқинлари эса «Қўлингга узук тақдими», «Бўйнингга занжир осдими» ёки «Қулоғингга зирак тақдими?» дея сўрашди. Бу бир замондаги икки оиланинг қарашлари.

«Келин салом»да қайнона келинига бирор-бир тилла тақинчоқ ҳадя этганини эшитгандим. Энди эса қизнинг онаси қудага узук тақиши мода бўлибди. Эртасига бу воқеа барча қариндошлару маҳаллага овоза бўлиши, қўшиб-чатиб «болалаган» гапларнинг «завқи» бошқача бўлса керакда қудалар учун. Буни кўрганлар «Мен сендан қоламанми» қабилида иш юритишяпти.

Энди навбат бешик тўйга. Оналарнинг вазифаси биргина бешик олиб бориш эди қадимда… Суюнчиларда ҳам фарқ катта. Қиз бўлса 50, ўғил бўлса 100 доллар «суюнчи бериш» одати қаердан келган? Наҳотки дилбандларимизни қадрини икки хил баҳоласак. Қиздир ўғилдир Аллоҳнинг неъмати. Туғуруқхонадан олиб чиқиш ҳам «ўзгача» -ўғил бўлса костюм-шим, қиз бўлса оппоқ келин кўйлак кийдириш «памперсли» чақалоққа жуда «ярашса» керак. Эндигина кўзи ёриган келин эса эътибордан четда...

Фарзанд катта қилар эканмиз, вазифамиз фақат қизга сеп, ўғилга сарпо йиғишдан иборат эмас. Энг аввало, уларини соғлом ҳолда вояга етказишимиз, илм эгаллаши, юртга фойдаси тегадиган ҳунар эгаллашига эътибор беришимиз керак. Ўйларимни жиловлашга ҳаракат қиламан: нега қиз болалар илм олиши, турли ҳунарни ўрганишлари, оила қуриш учун тайёрланишлари керагу, йигитларга бу талаблар камроқ. Бу билан йигитлар оила қуриш масъулиятидан йироқ, демоқчи эмасмиз. Бироқ қай бир ҳунар ўрганиш маркази ёки олий ўқув юртига борманг уларнинг кўпини қизлар ташкил этиши сир эмас.

Соғлом, маънан етук ва баркамол фарзанд фақат оиланинг эмас, бутун миллатнинг бойлиги. Улар илмли, ҳунарли бўлсалар тўкис бахтни ўзлари яратади. Биз уларнинг келажаги учун қанча «сеп» йиғмайлик тўлдиролмаймиз. Ҳар қандай орзу-ҳаваслар, урф-одатлар бахтга калит бўла олмайди.

Нилуфар ЙЎЛДОШEВА,

«Адолат» СДП Андижон шаҳар Кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+