Устозларга – муносиб эҳтиром

04.10.2020 14:10:07

Наманган муҳандислик-технология институти профессори Ҳамид Аҳмадхўжаевни вилоятимиз зиёлиларигина эмас, бутун мамлакатдаги илм соҳаси вакиллари яхши билишади. У киши изланувчан олим, тажрибали педагог, техника фанлари доктори. Узоқ йиллар олий таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаган. Бир муддат “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашига раис бўлган.
Мен Ҳамид Турсуновични институтда ўқиб юрган кезларимдан бери яхши биламан. У талабаларга пухта таълим-тарбия бериш орқали ҳаммамизнинг муносиб инсонлар бўлиб етишишимизга ўз ҳиссасини қўшган. Шунинг учун устозни тез-тез йўқлаб тураман, у ёки бу масала бўйича маслаҳатларини оламан. Бундай мулоқотлар кишига илҳом бахш этади, янги изланишларга чорлайди.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида домлага қўнғироқ қилдим. Байрам билан қутлаб, энг яхши тилакларни изҳор этдим. Гап орасида куни кеча Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган тантанали маросим ҳақидаги фикрларини сўрадим.
Устоз мазкур тадбир унда жуда катта таассурот қолдирганини билдирди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзлари унга жуда маъқул тушганини айтди.
Ҳақиқатан ҳам Президентимиз ўз сўзида таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлидаги долзарб вазифалар ҳақида жон куйдириб гапирди. Мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайта-қайта таъкидланди. Бусиз мамлакат тараққиётини таъминлаб бўлмаслиги очиқ-ойдин айтилди.
Устозимиз тантанали маросимда унинг кўнглига ёққан яна бир иш бўлганлигини билдирди. Бу ўринда маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганлиги назарда тутилмоқда. Бу жадидлар ҳаракатининг атоқли арбоблари ўтган аср бошларида халқимизни тараққиёт йўлига олиб чиқиши учун кўп меҳнат қилганликлари ҳаммамизга аён. Бу инсонлар халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатганлар. Миллий таълим ва тарбия тизимига тамал тошини қўйганлар.
Президентимиз қайд этганидай, “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак”.
Президент Шавкат Мирзиёев "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонга ҳам имзо чекди. Ҳеч шубҳасиз, тақдирланганларни биз юқорида тилга олган улуғ маърифатпарвар боболаримиз бошлаган ишнинг давомчилари деб аташ мумкин. Бутун халқимиз уларнинг машаққатли ва самарали меҳнати юксак даражада қадрланганлигини ҳис этиб турибди. Биз бунда давлатимиз раҳбарининг ўқитувчилар ва мураббийлар фаолиятига нақадар юксак эҳтиром кўрсатганлигига ишонч ҳосил қилдик.

Исроил ЖЎРАЕВ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+