Вазирлик ва идораларни оптималлаштириш самарадорлиги

17.07.2021 18:07:06

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш борасида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар, аниқ мақсадли ёндошувлар халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратди.

Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил ривожланиши, мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятидаги кескин ўзгаришлар, глобаллашув шароитидаги тобора кучайиб бораётгани рақобат давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун бошқарувда мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этишни тақозо этмоқда.

Бинобарин, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, вазирликлар ва идораларнинг ўзаро натижадорлик тамойили асосида иш юритиши, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш давр талабига айланиб бўлган.

Зеро, ривожланишнинг барча соҳа ва жабҳаларида аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини оқилона ва муваффаққиятли амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг сақланиб қолиши ҳам айни ҳақиқатдир.

Жумладан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини ташкил этишда ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқилмаганлиги натижасида жойларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз вақтида хал этилиши таъминланмаяпти. Шу билан бирга, идораларга юклатилган айрим вазифаларнинг деклоратив хусусиятга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидлаш  жоизки, вазирлик, идоралар ва улар раҳбарлари жавобгарлигининг аниқ чегараси ҳамда ички идоравий ва идоралараро ўзаро ҳамкорлигининг таъсирчан механизмларининг мавжуд эмаслиги, етарли даражада очиқ ва шаффоф эмаслиги, айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббускорликнинг етишмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучсиз механизмлари коррупциянинг турли кўринишларига олиб келмоқда.

Айнан шу каби масалалар давлатимиз раҳбарининг қатор чиқишларида, Мурожаатномаларида, селектор мажлисларида диққат марказида туриши, ислоҳотларимизнинг халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларимизга эришиши кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқлигига яққол мисолдир.

Таъкидланганидек, бунинг учун, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади. Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида, қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Сабаби, вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас. Натижада, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмаяпти.

Республика Президенти томонидан белгиланган қатор вазифалар 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган бўлиб, жумладан, бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар, бюрократик тўсиқлар ва мажлисбозликни қисқартириш; вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш; рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш; юқоридаги чоралар натижасида давлат бошқаруви ходимлари сонини меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш; вазирликларда фаолиятни туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириш тизими жорий этилмоқда.

Натижада давлат бошқарувини номарказлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни шакллантириш ва уларни такомиллаштириш; вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони, маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш; қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар, замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш, малакасини оширишнинг аниқ тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юқорида қайд этилган барча вазифалар, белгиланган топшириқларнинг “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими орқали назоратига, уларнинг ҳаётга тўлиқ, манзилли ва мақсадли тадбиқ қилинишига албатта фуқаролик жамиятининг демократик институтларини фаол жалб қилиш ҳам аҳамиятлидир.

Зеро, кўплаб ижтимоий муаммоларни  ҳал қилиш учун фуқаролик жамиятига эркинлик бериш етарли эканлигини тушуниб етиш лозим. Бунга карантин даврида шаклланган волонтёрлик ҳаракатлари мисол бўла олади. Мазкур ҳаракат нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб ўзининг ижобий самарасини бера бошлаган эди. Лекин давлат идоралари уларни назоратга олишга ҳаракат қила бошлаши билан волонтёрлик иштиёқи сўниб қолди, маҳалла тизимида эса ўғрилик ҳолатлари  қайд этилди.

Исбот талаб қилинмайдиган аксиомалар бор. Жумладан, бир масала учун жавобгар қанча кўп бўлса, ўша масаланинг ечимсизлигига олиб келади. Биргина аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига бўлаётган “эътибор” ва белгиланган “жавобгарлар”ни олайлик. Уларни ҳимоя қилиш ваколатлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва бандлик муносабатлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, қатор комиссиялар, жамғармалар ўртасида тақсимланиб кетган. Қизиғи, тизимда шунча давлат идоралари бўлишига қарамай соҳада силжиш йўқ. Боз устига янги институционал тизим, янги идоралар  ташкил этилади.

Тизимли муаммолар янги идоралар ташкил қилиш билан ҳал қилинмаслиги лозим. Эски услубда иш юритиладиган жойда самарасиз тузилма пайдо бўлаверади. Бу эса, ўз навбатида, давлат бюджети, молиявий масалалар “ўпқони”ни вужудга келтиради.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилда давлат бошқаруви идоралари, адлия ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари 2.189,8 млрд сўмни ташкил этган.

2019 йилда марказий ҳукумат органлари ҳамда суд ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари 3.757,3 млрд сўм (жами бюджетнинг 3,5 фоизи)га тенг бўлган.

2020 йилда фуқаролар учун эълон қилинган давлат бюджети лойиҳасига кўра, 131.104,5 млрд сўмлик давлат харажатларининг 5.318,6 млрд сўми давлат бошқаруви, адлия ва прокуратура органларини сақлаш учун ажратилган.

Адлия вазирлиги бошқармаси томонидан йўл хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ўрмон хўжалиги, туризм, табиатни муҳофаза қилиш, давлат-хусусий шериклик, фармацевтика соҳаларидаги вазирлик, идоралар фаолияти таҳлил қилинида буларда 48та такрорланувчи функциялар аниқлангани маълум қилинган.

Бу борада давлат секторининг бугунги кундаги асосий муаммолари сифатида паст самарадорлик, салоҳиятли кадрлар етишмовчилиги, идоралараро коммуникатив жараёнларнинг қониқарсизлигини кўрсатиш мумкин.

Хулоса шуки, соҳадаги фундаментал масалалар ҳал қилинса, эскича ишлаш услубидан воз кечилиб, ҳукумат таркиб борасида сонга эмас, сифатга қараб  ҳаракатланса, бир мактабнинг томини ёпиш, бир маҳалла кўчасини тўлиқ таъмирлаш, хонадонга тоза ичимлик сувини торттиришга маблағ сарфланса кўпроқ наф бўларди.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+