Янги Ўзбекистон дунёда янги куч сифатида намоён бўлмоқда

04.10.2020 17:10:13

Яқинда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юксак минбардан туриб илк бор ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Албатта, бу қалбимни ғурур ва фахрга тўлдириши билан бирга ўзбек тилининг келажаги бақувват эканлигига ҳам имон келтирдим. Айримларнинг паст назар билан қараши, тилимизни ерга уришга бўлган интилишлари Президентимиз нутқларидан сўнг яксон этилди, деб ўйлайман.
Шунингдек, бу глобал аҳамиятга эга бўлган нутқда юртбошимиз тарафидан айтилган сўзлар, муҳим таклифлар жаҳон омма эътиборини ўзига қаратиб, катта қизиқиш уйғотганига ишончим комил. Президентнинг БМТ шафелигида бугунги пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятларига бағишланган Халқаро кодекс ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги таклифи, унда давлатларнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлиги адолатли глобал тизимни яратишга муваффақ бўлиш демакдир. Шунингдек, дунёда камбағалликни қисқартириш бўйича “Қашшоқлик овози ва камбағалликка қарши курашиш” глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги таклифлари ҳам долзарб аҳамиятга эга. Зотан дунёда ҳали тўйиб овқат ея олмайдиган миллионлаб инсонлар борлиги,, уларнинг турмуш шароитлари барчамизни ўйлантириши лозим. Муҳтарам Президентимиз айнан шундай инсон тақдири ҳақида куйинаётганлари ҳам бежизга эмас. Ўзбекистонда бу борада амалий ишлар бошлангани, камбағалликка қарши курашишга давлат даражасида катта куч сафарбар этилаётгани айни ҳақиқатдир. Бу бўйича мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳам қувонарли ҳол. Энди бу амалиётни бутун дунё оммасига кенг татбиқ этиш, камбағалликни камайтиришни бутун дунё давлатлари ўз одига улкан вазифа сифатида қўя билиши энг катта ютуқлардан бири бўлган бўларди, назаримда. Албатта, Президентимиз ҳам ўз маърузаларида айнан шундай ташаббусга урғу бериб ўтдилар. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклиф БМТ томонидан қўллаб-қувватлангани ҳам юқоридаги таклифларнинг амалда бўй кўрсатганининг инъикосидир.
Президентимиз таъкидлаганларидек, мамлакатимизда очиқлик сиёсати ва бу бўйича қайтиб олинмас йўл танлангани оммавий ахборот воситалари фаолиятига берилган эркинликда яққол намоён бўлмоқда. Шунингдек, ўтган йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловларда партияларнинг рақобати, шаффофлик асосида кураш бориши ва сайланган депутатлар сонида аёл депутатларнинг сафи 2 бараварга кўпайганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Айниқса, хотин-қизлар ҳимояси, бу борада қабул қилинган “Гендер тенглик тўғрисида”ги қонун жамиятимизда туб бурилишлар амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Инсон ҳақ-ҳуқуқларига бўлган эътибор, мажбурий ва болалар меҳнатининг тугатилиши ҳам юртимиз том маънода янги истиқболга одимлаганидан далолат. БМТ ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги ва бу бўйича 50 минг нафар юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилганлиги, инсонпарварлик тамойилларига қаттиқ эътибор берилаётгани юртимизда демократик тамойилларни янада кучайтирди.
Дарҳақиқат Янги Ўзбекистон дунёга янгича нигоҳлар билан боқишга ундайди. Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлагани, савдо, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича ҳамкорлиги кучайгани тинчлигимиз, осудалигимиз ҳам давлатлар тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Президентимиз айтганларидек, Афғонистон ҳам Марказий Осиёнинг узвий бир қисми ва биз буни инкор эта олмаймиз. Шундай экан мавжуд вазиятни яхшилашга, тинчлик ва ҳамкорликни кучайтиришга диққат-эътиборли бўлмоғимиз зарурдир. Бу бўйича мамлакатимиз Афғонистон ишига оқилона ёндашаётгани, уларнинг тинчлик ҳамда ривожланиш истиқболларини қўллаб-қувватлаётгани фикримизнинг далилидир.

Бахром ВАЛИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+