Янги Ўзбекистон келажаги баркамол ёшлар, малакали кадрлар зиммасидадир

21.12.2022 07:12:16

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси кириб келаётган йилда мамлакатимиз тараққиёти, жамият равнақи, юртдошларимизнинг фаровон ҳаёти учун хизмат қиладиган дастуриламал бўлди, десак янглишмаймиз. Бундан кўзланган энг олий мақсад эса инсон қадрини улуғлашдир.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур», дея алоҳида таъкидлаб ўтиши ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, жонажон диёримизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосий ҳуқуқий мезони бу – Конституциямиздир. Конституциявий ислоҳотларнинг, бу борадаги муҳокамаларнинг қизғин кечаётгани, фуқароларимизнинг айни жараёнларда фаол иштирок этаётгани ҳам шундандир. Шу мавзуга тўхталиш асносида Президентимиз «Муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда депутатларимиз, сиёсий партияларимиз масъул ва фаол бўлиб, ҳар бир таклифга жиддий ёндашаётганини кўриб турибмиз. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман», алоҳида дея таъкидлагани биз – сиёсий партиялар меҳнатининг эътирофидир. Албатта, бундай баҳо ўз-ўзидан бизга катта масъулият ҳам юклайди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Президентимиз томонидан кириб келаётган янги, 2023 йилга юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном берилиши халқимизнинг руҳини янада кўтариб юборди. Зеро, инсон қадри улуғланган жамиятда тараққиёт ҳам шунга яраша бўлади. Таълим сифатини ошириш эса – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлиги мурожаатномада алоҳида қайд этиб ўтилди.

Гап таълим сифати ҳақида борганида давлатимиз раҳбари маърифатпарвар жадид боболаримизнинг «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади» деган пурмаъно ҳикмати депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши кераклигини таъкидлади. Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда республикамизда олийгоҳлар 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Албатта, келгуси йилларда бу кўрсаткични янада ошириш кўзда тутилган. Эндиги вазифа эса таълим сифатини юксалтиришдир. Бунда олий таълим муассасалари жамоалари зиммасига катта масъулият юкланади. Яъни олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак. Негаки эртанги ёруғ келажагимиз бугун етишиб чиқаётган замонавий кадрларимизга ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Бундан ташқари, Президентимиз келгуси йилда олийгоҳ талабаларига имтиёзли таълим кредитлари учун 1,7 триллион сўм, илм-фан ва инновацияларга эса 1,8 триллион сўм ажратилиши, олимларнинг иш ҳақи 4,5 баробар оширилганини билдирди. Айни пайтда, бу эътиборга жавобан энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кундаги долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари кераклигини ҳам уқтирди.

Албатта, эътибор ва рағбат бор жойда ижобий ўзгариш бўлади. Шундай экан, олий таълим тизимида давлатимиз раҳбари тилга олган шарт-шароитлар яратилгач, профессор ва ўқитувчиларнинг ҳам, бўлажак кадрларнинг ҳам салоҳияти юксалади. Янгидан-янги кашфиётлар, илмий изланишлар бўй кўрсатади. Олийгоҳларимиз дунёнинг нуфузли таълим муассасалари қаторидан ўрин олади. Қўшни давлатлардан ва хорижий мамлакатлардан келиб, бизнинг институт ва университетларда таҳсил олаётган талабалар сафи кенгаяди. Энг муҳими, Янги Ўзбекистон ёшлари буюк аждодларга муносиб авлод бўлиб етишади.

Умуман олганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бизнинг «Адолат» социал-демократик партияси ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизни янада кўпроқ мамнун этди. Шу билан бир қаторда, биз «адолатчи»лар Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида олдимизда катта ғайрат-шижоат билан забт этишимиз лозим бўлган юксак довонлар турганлигига, бунинг учун астойдил меҳнат қилишимиз шартлигига яна бир бор иқрор бўлдик. Зеро, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, «тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади».

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+