Янги Ўзбекистон: Қонун адолат тарозисида

12.02.2021 16:02:21

Мамлакатимизда одил судлов тизимини эркинлаштириш сиёсати сўнги пайтларда йил сайин юқори поғонага кўтарилиб бормоқда. Касбим тақозоси билан ўн йил давомида одил судлов органлари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, судьяларга ҳеч қачон берилмаган мустақиллик, ҳуқуқ ва эркинликлар бугун берилаётганлигининг, судьялар халқаро талабларга жавоб берадиган даражаларга чиқаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибман.

Ҳаммамиз яхши биламиз, судья белгиланган тартибда қасамёд қилади. “Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан”. Қани айтинг, мустақил ва эркин бўлмаган судья шу қасамёдга содиқ бўла оладими?

Тўғри хулоса қилдингиз. Албатта йўқ. Судья кимга ёки қайсидир органга қарам бўлдими, худди ўтмишдаги сингари ўз фикрига, сўзига, хулосасига эга бўла олмайди. Натижада, қасамёд бузилади. Қонун бузилади. Холислик йўқолади. Адолат бўлмайди.

Энди суд остонасига қадам қўйган кезларим қишлоғимнинг оқсоқолларидан бири (раҳматли) Ризоқул бобо бир маъракада кўриб қолиб, имо-ишора билан яқинроқ боришимни сўради. Салом-аликдан кейин, “Абдукамол, судьяликнинг юки оғир, адолатли бўл, биласанми, адолатли бўлиш фақат енгил жазо бериш эмас, қилмишига яраша жазо бериш демакдир, чунки жабрланувчилар бор, жойи келганида оғир жазо ҳам адолатли бўлади”, деганди. Оқсоқолнинг шу гапи менинг қулоғимга қўрғошин бўлиб қуйилиб қолганди.

Ўша йилларда кўрилган аниқ бир мисолга мурожаат қиламан. Тахминан 1995 йил қўлимга бир жиноят иши келиб тушди. Суд раиси бўлганлигим ва иш жиддий, айни вақтда мураккаб бўлганлиги сабабли ўз иш юритувимга қабул қилдим. Иш материалларига кўра, воя­га етмаган икки йигит ўрта ёшли, бақувват поччасини бошига бир уриб ўлдирганликда ва темир йўл ёқасига ташлаб кетганликда айбланган. Бир суд-тиббиёт экспертизаси бошига тўмтоқ восита билан уриб ўлдирган бўлиши мумкин деб, бош­қа суд-тиббиёт экспертизаси поезд уриб юборган бўлиши мумкин деб, хулоса берган. Ишни чуқур ўрганиб, иш ҳолатларини воқеа жойида, дастлабки терговда тўпланган далилларни судда тўпланган далиллар билан солиштириб, инкор этиб бўлмас даражада оқлов ҳукми чиқариш чегарасига келганимизда, иш тергов органи томонидан “камчилигимизни ўзимиз тўғрилаймиз” деган баҳона билан қайтариб олинди ва орадан кўп ўтмай бошқа судга юборилиб, вояга етмаган болаларга айблов ҳукми чиқарилди...

У йилларда суднинг устида ўрнатилган прокуратура, адлия органлари назорати етмаганидек, бошқа идораларнинг ҳукмронлиги ҳам яққол сезилиб турарди. Айниқса, кўзига ёмон кўринган одамни чўнтагига наша тиқиб, уйига қурол ёки ўқ ташлаб, оғир айбларни қўйиб келтиришарди. Биз, судьялар уларга жазо берай десак, ҳеч жойда экилмайдиган наша унинг чўнтагига қаердан келди, бирон жойда сотилмайдиган ўқ-дори қаердан у камбағал-бечоранинг оғилида пайдо бўлди? Оқласанг, албатта оқлов ҳукминг бекор қилинади, оқламасанг, айбини исботлаб беролмайсан... Очиғи, бир йилда шунга ўхшаган йигирма бешта жиноят ишини қўшимча терговга қайтаргандим ва келтирилган протестларга қарамасдан, юқори суд қароримни маъ­қуллаганди.

Энди-чи? Судьяларнинг мустақиллигига, уларнинг фаолиятидаги юксалишларга ҳавас ва ишонч билан қараймиз. Чунки Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятини бошлаган илк кунлардан одил судлов органларига алоҳида эътибор қаратди. “Энг ачинарлиси, — деди ўшанда куюнчаклик билан Президент, — кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта!” Бу гапларни эшитганимда аслида виждон амрига ва қонунга риоя қилиб меҳнат қилган, аммо қайсидир ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги кимларгадир ёқмай қолгани ёхуд кўчада санғиб юргани учун туҳматга учраган айрим юртдошларимиз кўз олдимдан бирма-бир ўтганди.

Бу сўзлардан кейин депутатлик фаолиятим даврида келиб тушган бир фуқаронинг мурожаати ёдимга келди. Тақдим қилган суд қарорларига кўра, у хўжалик бошқарувида кичик бир лавозимда ишлаб турганида пора олганликда айбланиб, жазога тортилган. Тақдим қилинган иш материаллари нусхаларини ўргансам, пора берувчи порани сентябрь ойи­да давлат рақами суд ҳукмида кўрсатилган “Каптива” автомашинасида берган ва пора олувчи пальтосининг ўнг чўнтагига 25 000 АҚШ долларини солиб қўйган. Суд тергови давомида тегишли давлат органларидан берилган маълумотномаларга кўра, ўша куни ҳаво ҳарорати пальто киядиган даражада эмас, 25 даража иссиқ бўлган, бундай рақамли автомобиль эса умуман бўлмаган. Аммо, айблов ҳукми эълон қилинган ва жазо ўталган.

Шу воқеани эслаб, Давлатимиз раҳбарининг бошлаган сиёсати нақадар одиллигига имон келтиргандим. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланганлиги тизимдаги ишларнинг пойдевори бўлди.

Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида кейинги 4 йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган 20дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини янада ошириш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Таъбир жоиз бўлса, биз ҳуқуқшуносларнинг улуғ устозимиз Бурҳониддин Марғиноний Пайғамбаримиздан бир ҳадис ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ айтганлар: Кимда-ким қозилик мансабини ахтарса, у ўзига ўзи жавоб бериши керак, лекин кимда ким мажбурият орқасида ишласа, унинг учун фаришта осмондан тушиб уни бошқаради”. Дарҳақиқат, судъялик вазифасига лойиқ топилган киши Президент таъбири билан айтганда, олий даражадаги адолат ва яхшилик тарафдори бўлиши жоиз. Шу нуқтаи назардан, амалдаги судъяларни танлаш ва тайинлаш институти қўйилган ана шу талабга мос кадр­ларни тавсия қилиши ва демократиянинг барча талабларига жавоб бермоқда.

Мухтасар айтганда, бир неча марта учрашувлар, машварат ва кенгашлар ўтказилди. Суд тизими янгиланди. Суд ходимларининг қадр-қиммати тикланди. Судьялик фаолиятига тоза ҳаво кирди. Судлар очиқлик, шаффофлик ва адолат майдонига айланди.

Ҳақиқат рақамларда, деб бежиз айтилмайди. Сўнгги 4 йилда 2 минг 500 нафардан ортиқ фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Биргина ўтган 2020 йили 719 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган. Шунингдек, 2020 йилда 3 минг 434 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинган, 21 минг 970 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 6 минг 959 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилган ва 5 минг 958 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.

Зиммасига одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишни, беғараз, холис ва адолатли бўлиш вазифасини олган судьялар Давлат раҳбарининг раҳномалигида қонун устуворлигини таъминлаш, провардида адолатни қарор топтириш йўлидан бораётганлиги, халқимизнинг ишончига кираётганлиги эътиборга молик. Янги Ўзбекистонда қонунлар адолат тарозисида! Бу ҳали, маррага етдик, дегани эмас. Эндиги навбат дастлабки тергов сифатини оширишга қаратилган суд-таъсир чораларини кучайтиришдир. Ўшандагина Президентимиз кутаётганидек тўлақонли натижалар рўёбга чиқа бошлаши, шак-шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, одил судлов институтининг мустақиллиги жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришга, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга ҳисса қўшади, бутун дунё ҳамжамияти олдида ёруғ юзли бўлишимиз учун хизмат қилади. Зеро, Президент таъбири билан айтганда “Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат!” қарор топади.

 

Абдукамол РАХМОНОВ 


"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+