Янги Ўзбекистонда янгиланишлар даври

09.09.2020 16:09:53

Коронавирус пандемияси барча режаларимизга ўз таъсирини кўрсатди. Мамлакатимизнинг асосий байрамини кенг нишонлай олмаган бўлсак ҳам барчамизда шукроналик ва мустақил давлатда яшаш бахтимиз борлиги билан ғурурланиш ҳисси ҳукмрон.

Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан давлатимиз бошлиғининг ўзбек халқига айтган табрик сўзлари барча инсонларни ҳаяжонга солди десак, муболаға бўлмайди. Чунки Президентимиз ҳар бир айтган сўзи самимий бўлиб, инсонларнинг келажакка ишончини янада орттирди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб, давлатимиз бошлиғи барча қилинаётган ишларнинг асосий мақсади инсонларнинг тинчлиги, осойишталигини таъминлаш ва оила  фаровонлигини оширишга қаратилганини таъкидлаб ўтди. Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги кенг қўламли ислоҳотларнинг натижаси халқимиз турмуш даражасининг ошиши, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасининг сезиларли даражада кўркам бўлиши, жамиятнинг интеллектуал салоҳияти кўтарилишида яққол кўзга ташланмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиликлар ва ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан  эътироф этилиши ва хорижий мамлакатлар Ўзбекистонга нисбатан “Янги Ўзбекистон” иборасини ишлатиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Тўғри танланган ривожланиш вектори коронавирус пандемияси даврида ҳам давлатимиз олдида турган вазифаларини ва келиб чиққан муаммоларини бартараф этишга ёрдам бермоқда. Ушбу даврда халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва чидамлилиги катта аҳамиятга эга бўлди. Хур мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлар экан, Ватан тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Давлат томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг юзага келган вазиятни тушуниши, сабр-тоқат қилиши ўз самарасини берди. Шифокорларимизнинг матонат билан қилган  саъй-ҳаракатлари натижасида вирус билан касалланиш суръатлари кундан-кунга пасайиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг табрик сўзларида ёшларимизнинг баркамол авлод сифатида шаклланишига катта эътибор қаратилди. Ёшларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланиши учун мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар агентлиги, Ёшлар масалалари  бўйича Кенгашнинг ташкил этилиши, Олий Мажлисда ёшлар парламентининг шаклланиши, Президент мактабларининг ва янги олий ўқув юртлари ҳамда чет эл олий ўқув юртларининг филиалларининг очилиши, қабул квоталарининг ўтган йилга нисбатан 40 фоизга оширилиши, математика, кимё, биология фанларининг ривожланиши мисол бўла олади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Янги таҳрирдаги “Фуқаролик тўғрисида”ги қонун асосида 50 мингдан зиёд ҳамюртларимиз Ўзбекистон фуқароси мақомини олди. “Прописка институти”га ўзгаришлар киритилиб, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш конституцион ҳуқуқи таъминланди. Энг улуғ ва энг азиз байрамимизни нишоналаш арафасида 113та оилага ҳам катта қувонч кириб келди. Мустақиллик байрами муносабати билан мамлакатимиз давлат бошлиғи 113 нафар жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқарони афв этди. Халқимизга хос бағрикенг, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш  ҳаётимизнинг барча соҳалардаги қонунийлик ва адолат мужассамлаштирилган инсонпарварлик сиёсатида ўз аксини топмоқда.

Олдимизда кўп нишонланадиган саналар бор. Демак, биз бугунги оғир синовларни енгишимиз учун ҳар доимгидан ҳам аҳил ва доно бўлишимиз лозим. Шунда биз барча байрамларни ёрқин тусда ва шодон кайфиятида бахтиёр инсонлар бўлиб ўтказишимиз аниқ! 

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+