Тиланчиликни янгича кўриниши(ми?!)

28.03.2022 14:03:58

XXI аср – буюк технологиялар асри. Тўғри, лекин, буюк технологиялардан “ўзгача” мақсадларда фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Буларни бирма-бир санаш шарт эмас. Шундоқ ҳам ўзларингиз биласизлар.

Мени ва мен каби кўпчилик бошқа юртдошларимизни XXI асрда ўйлаб топилган янгича бир кашфиёт эътиборимизни қаратмоқда - “Тиланчилик”.

Бу тиланчилик ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказолар учун давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиламчиликдир.

Эшитилиши қўпол бўлса ҳам бу барибир тиланчилик дейилади. Бу  ўйлаб топилган тизимми, инновацион ғоями фарқи йўқ. Юртдошларимиз давлат томонидан ажратилиши айтилган маблағни ютиб олишга ўқувчи, талаба, ота-оналарга ҳаттоки, таниш ва нотанишларга илтимос қилиб овоз беришларига мажбур бўлаётганликларини кўряпмиз. Бунинг оқибатида ҳатто шу масалада ҳам яна ўша таниш билишчилик ёки кўз бўямачиликка сабаб бўлиб қолмаймизми!?

Аслида, Президент қўяётган талаб қандай эди-ю, бу ижрода қандай кўринишда амалга оширилмоқда?!

Бу муаммони ёзишимга сабаб бўлган воқеани келтириб ўтаман.

Куни кеча “Халқлар дўстлиги” санъат саройига концертга боргандим. Сал вақтлироқ борганим учун кўчадаги скамейкада концерт бошланишини кутиб ўтирган эдим. Бир вақт ёнимга ўрта ёшли нотаниш киши келиб ўтирди.

Бу ноқулайликдан ўнғайсизланиб, туриб кетишга энди ҳаракат қилаётганимда бу одам узр сўраб гапириб қолди. Галстук таққан, кўринишидан зиёли одамлиги сезилиб турганлиги сабабли гапига қулоқ тутдим. Нима дер экан десам, “Мен мактаб директориман, мактабимизнинг спорт зали ўта таъмирталаб бўлиб қолган, давлат маблағларини тўғри йўналтириш бўйича тендерда қатнашяпмиз, қанча кўп овоз тўпласак таъмирлаш учун зарур маблағни ютиб олишимиз мумкин. Илтимос, шунга ўз рақамингиздан овоз бериб юборсангиз” деди. Мен узр сўраб, ўз овозимни аллақачон бошқа мактабнинг таъмирланиши учун бериб бўлганимни айтдим. У киши яна бир бор узр сўраб узоқлашди.

Нима учун ўқувчилар ва талабаларнинг таълими, тарбияси билан шуғулланиши керак бўлган масъулларни овоз тўплаш учун тиланчиларга айлантиришимиз керак!?

Аслида, бу каби муаммоларни аниқлаш ва зарур маблағларни айнан ўша жойга йўналтириш бўйича шуғулланувчи махсус идора ва ташкилотлар борку! Нега бу муаммолар ечимини топиш “ўзига ҳос услуб”да халқнинг ўзига қолиб кетмоқда!? “Халқ равнақи учун хизмат қилади” деб ўйланган услуб давлатга, ҳукуматга нисбатан халқнинг ишончсизлигини келтириб чиқармаяптими!?

Шу ва шунга ўхшаш масалаларда, албатта, масъул қилиб белгиланган тегишли ташкилотлар ўзининг позициясини, ишбилармонлигини намоён этишни билиши керак. Ёки ўз вазифаларини бажармаётганликларини тан олиб, ўз жойларини ватанпарвар кадрларга бўшатиб беришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Гулнисо САИДОВА
Ўзбекистон “Адолат” СДП
 Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг
сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+