Ёшларнинг манфаатларини мужассам этган халқаро ҳужжат

19.08.2020 11:08:42

Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 65 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Айнан улар мамлакатимизнинг  тараққиётини янги босқич сари етаклайдиган катта кучдир. Салоҳиятли, иқтидорли ёшлар ўз фикрини очиқ баён этиши, ташаббусларни илгари суриши, ижодий ва илмий ғоя ҳамда лойиҳаларини татбиқ этишда муаммога дуч келмасликлари учун, аввало уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш зарур.

Шу нуқтаи назардан қўхна ва навқирон Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқларининг ёшлар ҳаётидаги ўрнини ошириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” веб форумини  ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга. Пандемия шароитида бундай нуфузли халқаро тадбир ўтказилиши нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тажрибасида ҳам катта воқелик ҳисобланади.

Форумда ёшларнинг хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, билим олиши, касбни эгаллаши, ижтимоий сиёсий ҳаётда ўз сўзига ва мавқеига эга бўлиши учун шароит яратиш каби бугун дунё ёшлари олдида турган энг долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сайёрамизнинг турли қитъаларидан мингдан зиёд экспертлар, олимлар, таҳлилчилар ва ёшлар иштирок этиб, мавжуд муаммоларга муносиб ечим, таклиф ва мулоҳазаларни ўртага қўйдилар.

Самарқанд веб форумида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби, ЮНЕСКО раҳбари, яна кўплаб нуфузли экспертларнинг бевосита иштирок этиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид Давлат сиёсатига катта қизиқиш қаратилаётганлигидан далолатдир. Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан тайёрланган Ёшлар хуқуқлари тўғрисидаги Халқаро Конвенция лойиҳаси атрофида жуда қизғин баҳс-мунозаралар кечди. Конвенция лойиҳаси бўйича 150 дан зиёд таклифлар ўртага ташланди. Турли хорижий мамлакатлар, тузилмалар, ёшлар ташкилотлари,  илмий доира вакилларининг аксарияти томонидан  билдирилган ижобий фикрлар муштарак бўлиб, конвенциянинг истиқболи порлоқ эканлигидан дарак беради.

Форумда конвенция лойиҳасидан ташқари ёшларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган қатор йўналишларга ҳам кенг эътибор қаратилди. Форум давомида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини ишлаб чиқиш зарурияти аниқланди. Шубҳасиз, бу ташаббус ёшларнинг ҳуқуқлари борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ислоҳотларнинг ёрқин намунаси бўлди.

Самарқанд веб форуми иштирокчиларига Давлатимиз раҳбари йўллаган табрикда ҳам, БМТ Бош котибининг видео мурожаатида ҳам таълим масаласига, ёшлар маънавиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта зеро, COVID-19 инқирози билан боғлиқ пандемия дунё ёшларининг 90% ортиғини таълимдан узиб қўйди. Шу боис “Келажакни асраб қолайлик” номли  таълим компаниясига барчани чорлаган БМТ Бош котиби жаноб А.Гутерреш таълим узоқ муддатга мўлжалланган тикланиш ва ривожланишнинг калити эканлигини алоҳида таъкидлади. Чиндан ҳам, бундан буён таълим тараққиётнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолаверади.

Форум давомида ёшлар халқаро норма ижодкорлиги жараёнида иштирок этиш имконига эга бўлдилар. Улар ўзлари учун қизиқ бўлган саволлар билан мурожаат этдилар. Ёшларда конвенцияда кўзланган мақсад ва вазифалар, конвенцияда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган нормалар акс эттирилиши юзасидан аниқ таклифлар берилди. Ёшларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқларини такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган таълимни такомиллаштириш, олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари, малака ошириш муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ дарсликларни кўпайтириш масаласи бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Хулоса қилиб айтганда, Халқаро Конвенцияни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу орқали нафақат мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларнинг, балки бутун дунёдаги икки миллиарддан ортиқ ўғил-қизларнинг олдида турган муаммоларга муносиб ечим бўла олади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+