ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ ёки КЕЧА КИМ ВА ҚАЙ АҲВОЛДА ЭДИГ-У, БУГУН КИМ ВА ҚАЙ ҲОЛАТДАМИЗ?

08.02.2021 09:02:50

(Президентнинг сиёсий партиялар раҳбарлари, фаоллари билан ўтказилган учрашувидан кейинги мулоҳазалар)

Давлат раҳбари билан сиёсий партиялар биргаликда мамлакатимиз келажаги, ҳалқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти ҳақида очиқ, эмин-эркин, конструктив учрашув ўтказди. Таъкидлаш лозим, мазкур учрашув ҳисобот, маълумот, ахборот тарзида эмас, балки, очиқлик, ошкоралик, самимий руҳда кечди. Учрашув сиёсий майдондаги кучимизга янада куч-ғайрат қўшди, фаолликка, ташаббускорликка ундади, нафақат ишимизни, айни пайтда, ўзимизни ҳам тафтиш қилишга туртки берди. Биринчидан, мазкур учрашувдан кўзланган асосий ва ягона мақсад – Президент томонидан бугунги кунда сустлашиб қолган, сайловлар оралиғида “мудроқ” ҳолатга тушаётган сиёсий партияларни жонлантириш, таъбир жоиз бўлса, уйғотиш учун қандай чоралар кўриш кераклиги таъкидланиб, нима учун бундай ҳолатлар юзага келаётганлигини аниқлаш вазифасига эътибор қаратилди. Иккинчидан, асосий мақсадлардан бири, халқ билан учрашиб, уларнинг дардини эшитиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда партия фаоллари, парламентдаги, вилоят ва туман кенгашларидаги депутатларни муаммолар ечимига сафарбар қилиш, бир сўз билан айтганда, халқим учун нима қилдим, нима қилишим керак деган жонкуярларга, бугунги замон талабига жавоб берадиган, ҳар қандай муаммога бефарқ бўлмаган сиёсий партияларга эҳтиёж кучайганлиги алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кузатаётганимиздек, сиёсий партияларнинг фаоллигини оширишда Президентимизнинг қандай кўмак, қандай ёрдам кераклигини таъкидлагани, барча партиялар учун жуда катта имкониятдир. Шу нуқтаи назардан ушбу учрашувни мамлакатимиз сиёсатида тарихий аҳамиятга эга десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Ш.Мирзиёевнинг партиялар фаолиятини қониқарсиз, ҳалқ манфаатларига ва бугунги кундаги мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўлиқ мувофиқ келмаётганлиги бўйича берган баҳоси, ўйлайманки, адолатли.

Сиёсий партияларга, жумладан, “Адолат” социал-демократик партиясига берилган бундай холис баҳони, тўла тан олган ҳолда, энг катта хулоса сифатида, ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, камчилик ва хатоларга барҳам бериб, Янги Ўзбекистон нуқтаи-назаридан фикрлаш, сўз ва иш бирлигига эришиш, том маънода, халқни рози қилиш йўлида ёруғ юзли сиёсий кучга айланиш қанчалар муҳим ва зарур эканлигини таъкидламоқчиман.

Инсон ўзгармас экан, жамиятнинг ўзгариши ҳам мушкул. Бугун ҳаётнинг ўзи ҳам, жамият ҳам, Президент ҳам инсонни ўзгартириш лозимлигига алоҳида урғу қаратмоқда. Жамият инсоннинг ўзгаришидан манфаатдор, чунки, кечаги фикрлаш, кечаги турмуш тарзи, кечаги тафаккур бугунги кун талабларига бардош беролмаслиги маълум бўлмоқда. Энг муҳими, бутун чоралар билан инсонни ўзгартириш, унинг онги, ҳаётга бўлган муносабати, дунёқарашини янгилаш кечиктириб бўлмайдиган масалага айланди.

Аввало, ҳаётимизни турли иллатлардан, эски мафкура сарқитларидан, нафс балоларидан, бюрократик тўсиқлардан халос қилмас эканмиз, олдимизга қўйилган эзгу-мақсадларга эришиш қийин кечаверади.

Хусусан, кечаги ва бугунги кунимизни солиштириш, таққослаш бизнинг шукроналик ёки ношукурлигимизни белгилайди.  Йиғилган барча муаммоларни бир-икки кунда ҳал бўлишини талаб қилаётганлар, яқин ўтмишда қай ҳолатда кун кечирганларини эсга олсалар, фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Халқ қабулхоналари институтининг ташкил этилиши, унда жамлаган муаммоларнинг тезкор ва адолатли ечими, ночор, эҳтиёжманд, камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг иззат-икромга сазовор бўлиши, шахсий уй-жойларга эришгани, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитига кенг йўл очилиши, сўз ва шахс эркинлигининг кафолатлари, валюта билан боғлиқ муаммоларнинг ечилиши, халқнинг турмуш тарзи ва руҳини кўтариш йўлида саҳоват “дафтарлари”нинг жорий этилиши, ижтимоий соҳа вакиллари, айниқса, ўқитувчи, шифокор ва илм аҳлининг қадрланиши ва бошқа шу каби талай меҳр-мурувват ислоҳотлари фикримизнинг яққол далилидир.

Кеча ким ва қай аҳволда эдиг-у, бугун ким ва қай ҳолатдамиз ёки бундан 3-4 йил аввал биз бугунги даражада қадди тик, сўзи бутун, шароити ўнгланган ҳолатда эдикми?! Мана шу савол ҳаёлимиздан тез-тез ўтиб турса, қанийди!..

Президент давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда партияларнинг ўрни катталигини таъкидлар экан, жамиятдаги сиёсий-ижтимоий воқеа-ходисаларга бефарқ бўлмасликка даъват этди.

Айниқса, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори бугунги куннинг бош шиорларидан бирига айланганлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Бу борада энг катта хавф – коррупция балоси эканлиги Президентимизнинг деярли ҳар бир чиқишларида бот-бот такрорланмоқда.

Коррупция жамиятни емирувчи, шахсни кемирувчи офат сифатида давлат тарақиётига, халқ фаровонлигига зиён-заҳмат етказиши шак-шубҳасиз. Коррупция ислоҳотлар ғилдирагига жиддий тўғаноқ экан, Президентимизнинг “ҳалоллик вакцинаси” дунёқарашимизга, аҳлоқимизга, турмуш тарзимизга покланиш туйғуларини, хушёрлик нуқтаи-назарини олиб кириш йўлидаги даъватдир.

“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси инсоннинг ўзини-ўзи тафтиш қилишга оид энг мукаммал амру-маъруф десак муболаға бўлмас. Жаҳолат – хомлик, етилмаганлик, чалалик, заифлик, ғўрликдандир. Жаҳолат аҳлини динимизда “худо беҳабарлар”, “кофирлар” деб аташган.

Бугунги тахликали замонда барчамиз яқин ёки узоқ қўшниларимизда нималар, қандай салбий аҳвол, хатто салкам уруш ҳолатлари юз бераётганлиги ва бунинг оқибатида уларнинг фаровон, тинч, тотув хаётларига “соя” тушаётганларини кўришимиз мумкин. Бундай нотинчликларда, энг аввало, ўша давлатнинг фуқаролари ўз давлати, келажаклари ва эришган ютуқларининг томирига болта ураётганликларини билармиканлар?! Яна савол туғилади, улар шунчалик “тентак”милар? Йўқ, улар асло тентак эмаслар. Улар ташқаридан заҳарланмоқдалар, аниқроғи, бошқа давлатлардаги жиноий гуруҳ ва тузилмалар уларнинг онгини аста секин, турли усуллар билан заҳарлаб бормоқдалар. Бундан кўзланган асосий мақсад тагида, ҳеч шубҳасиз моддий манфаатдорлик, яъни, маблағ ётади. Мудао, тинч-тотув яшаётган халқни, ривожланаётган давлатни парокандага учратиш, нотинчликни юзага келтириш ва оқибатда давлатни иқтисодий, маънавий, сиёсий қарам қилиб, ҳудди зулукка ўхшаб, давлат ва халқ ютуқларини сўриб олишга йўналтирилган. Бундай разил мақсадларга эришишнинг енгил ва осон усулларидан бири – бу мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга ёшларни қарши қилиш, майда муаммоларни бўрттириб кўрсатиш, улар тафаккурини туҳмат, бўхтон билан заҳарлаб, гўё ҳамма нарса халқ учун эмас, халққа қарши қилинмоқда деган мудҳиш ва иғвогарона фикрларни сингдиришдан иборатдир.

Ҳуқуқий билим ва маданияти етилмаган айрим шахслар бу вазиятларда ваҳима ва саросимага берилиб, уларнинг шу кайфияти ижтимоий тармоқларда ўз аксини топмоқда. Аниқ таклиф ва фойдали тавсиялардан ҳоли, фақат жазавага асосланган хуружлар, давлатни, давлат идоралари ходимларини ёмон отлиқ қилиш, уларни ислоҳотларнинг душмани сифатида кўрсатиш, афсуски, анъана тусини олмоқда.

Бундай мудҳиш холатларни мамлакатимиз, яъни эртанги кун эгалари – ёшлари ҳақида қайғураётган давлатимиз худудида вужудга келишининг олдини олиш, бугун энг долзарб масалалардан биридир. Шундай экан, биз ўз фуқароларимизни тизимли ҳимоя қилиб, уларда мафкуравий иммунитет шакилланишига изчил эътибор беришимиз жуда ҳам муҳим.

Ана шулардан келиб чиқиб, бугунги кунда Интернет тармоғида томир отаётган, айниқса, ёшларимиз онгини заҳарлашга сабаб бўлаётган нохолис, туҳмат, бўхтонларга асосланган маълумотларни таҳлил қилиб бориш ва уларни бартараф этиш, бунда хусусан, ёшларимизни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқбузарлик ёки жиноят оламига кириб қолишларидан асраш долзарб вазифадир.

Шу кунларда дахлдорлик ҳисси деган иборани кўп ишлатяпмиз. Бу бежиз эмас. Дахлдорлик аввало инсоннинг ғурури, ор-номуси ва киндик қони тўкилган Ватанига бўлган меҳр-муҳаббатидан бошланади. Шу юртни обод, халқни фаровон қилишга ҳисса қўшишдан ўзини олиб қочиб, фақат манфаат қидирган, фойда кўзлаган, “менга нима фойда?” қабилида иш тутаётган инсонларни яхши ниятли, она Ватанга дахлдор дейиш мумкинми?! Шундай экан, энг аввало, юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги, мамлакат ободлигида ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик ҳисси алоҳида аҳамиятга моликдир.

Энг муҳими, биз суянадиган ва тинимсиз итоат қилишимиз зарур бўлган халоскор бир шиор бор:

“Жаҳолатга қарши маърифат!”.

Ана шу ўлмас калом, бизга доимий йўлланма ва қўлланма бўлсин!

 

 

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+