Энди депутатлар сайлов кодекси нормалари асосида сайланади

09.07.2019 09:07:35
Пойтахтимизда “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда “Адолат” СДП позицияларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар ўтказилди.
 
Унда партия сиёсий кенгаши, “Адолат“нинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди қўйилган аъзолари, маҳаллий кенгашлар раислари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
 
Маълум қилинганидек, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтказилади. Бу жараённинг адолатли ва шаффоф ўтиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатланиши, депутатликка энг муносиб номзодлар сайланиши учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
 
Семинарда партия сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров ва бошқалар жорий йилда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларида партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш муҳим эканлиги, хусусан, юқори натижаларга эришишда электорат билан ўтказиладиган сиёсий-ҳуқуқий учрашувлар, юзма-юз мулоқотлар чоғида сайловчиларга қонунларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш лозимлигини таъкидлади.
 
Жумладан, электорат билан ишлашда инновацион усуллардан, замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш, партия электоратини имкон қадар тўлиқ қамраб олиш ва дастур-платформалар бу сайловчиларнинг манфаатларига қанчалик мос эканини батафсил баён қилиш зарурлиги айтиб ўтилди.
 
Йиғилишда эътироф этилганидек, жорий йил мамлакатимизда парламент сайлови ва маҳаллий сайловлар куни кеча қабул қилинган Сайлов кодекси нормалари асосида ташкил этилади. Мазкур ҳужжат, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш ва унификациялаш, сайлов ҳуқуқи нормалари иерархиясини таъминлаш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.
 
Йиғилишда “Адолат“нинг бошланғич ташкилотлари фаолиятини жонлантириш, уларга услубий ва амалий кўмак бериш, жойларда учраётган муайян ижтимоий муаммо ва камчиликларга партиянинг муносабати, уларни ҳал этиш масалалари юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
 
Сайловда кутилган натижаларга эришиш мақсадида 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш борасидаги зарурий вазифалар белгиланди.
 
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+