Хоразмда “Аёллар дафтари”га киритилган беморлар учун бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди

20.05.2021 09:05:25

Мамлакатимизда кам таъминланган, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни йиллар бўйи қийнаб келаётган муаммоларидан халос этиш мақсадида “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, амалиётга йўналтирилган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ана шу тоифа инсонларга ёрдам бериш йўлида амалий чоралар кўрилмоқда.

Хонқа туманида партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши, Республика ихтисослаштирилган Онкология илмий-амалий маркази Урганч филиали ва Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида “Темир дафтар”га киритилган беморларга онкологлар томонидан бепул жарроҳлик амалиёти кўрсатилди.

Тумандаги “Тома” маҳалласида яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган Феруза Тўрабоева соғлигидан шикоят қилиб, Республика ихтисослаштирилган онкология илмий-амалий маркази Урганч филиалига мурожаат қилган эди. Беморда сут бези хавфли ўсмасига гумон қилиниб, онкология текширувидан ўтказилди.

Текширувлар натижасига кўра, Ф.Тўрабоевада ўнг томонлама сут бези фиброадиномаси ташхиси қўйилди.

Филиал директори Тоҳир Палванов беморни “Аёллар дафтари” рўйхатида турганини эътиборга олиб, тегишли шифокорлар билан фикрлашиб Ф.Тўрабоевага кейинги тезкор даво учун Хонқа туман тиббиёт бирлашмасига йўналтирилди ва беморни “Аёллар дафтари” рўйхатида қайд этилганини эътиборга олиб, бепул жарроҳлик амалиётини ўтказишга келишилди.

– Синглим Ферузани онкологик касалликка чалинганини эшитиб, оиламиз билан азият чекдик, – дейди беморнинг опаси Умида Тўраева. – Онкология маркази Хоразм вилоят филиалига даво излаб боргандик, шифокорлар бизни жуда илиқ кутиб олди. Текширувлар қилишди ва бугун бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Амалиёт муваффақиятли ўтганидан синглим, барча яқинларимиз хурсанд бўлдик. Бундай имкониятларни яратиб берган Президентимизга, қолаверса, синглимни дардидан холос этишдаги бемминнат хизматлари учун шифокорларга миннатдорчилик билдираман. Инсонлари қадрланган юртда яшаётганимиздан шукроналар айтаман.

Шундан сўнг режадаги иккинчи бемор – тумандаги “Янги турмуш” маҳалласида истиқомат қилаётган, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган, Муҳаббат Каримовада ҳам бачадон миомаси, чап туҳумдон кистаси ташхиси билан бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.

Шу куни партия фаоллари тумандаги “Муқаддас” маҳалласида истиқомат қилаётган, кўкрак саратони билан касалланган, 1-гуруҳ ногирони Шоира Каримованинг хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олди. Беморга бепул дори-дармонлар баробарида йўқлаб келувчилар самимий мулоқот орқали далда ва умид ҳам берди.

– Тиббиёт соҳасига қаратилган эътибор ва яратиб берилган имкониятлар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган  онкология илмий-амалий маркази Урганч филиали директори Тоҳир Палванов. – Онкологик оғир ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари фақат Республика ёки вилоят марказларида амалга оширилаётгани чекка қишлоқлардаги беморлар учун катта қийинчилик туғдираётган эди. Эндиликда бу каби жарроҳлик амалиётлари туманларда ҳам ўтказилмоқда. Бу эса фуқароларимизга бир мунча қулайликлар яратди.

Таъкидлаш лозимки, Хоразмнинг жонкуяр онкологлари томонидан беғараз ташкил қилинаётган мазкур хайрли ишлар нафақат муқаддас Рамазон ойида, балки, йил давомида давом этиши режалаштирилган.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+