Нега Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаганлар иккиламчи бозордаги уй-жойга мулкдор бўла олмайди?

04.10.2019 17:10:19
Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай қийматдаги янги қурилган уйлардан сотиб олган тақдирда, доимий пропискага эга бўлиши белгиланган эди. Бироқ пойтахтда янги турар жойларнинг нархи қиммат бўлгани кўпчилик фуқаролар эътирозига сабаб бўлмоқда. Албатта, ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш имконияти яратилган. Аммо банкларнинг вилоятлардаги филиаллари катта миқдордаги суммага ипотека кредит ажратмаяпти. Нега Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаганлар иккиламчи бозордаги уй-жойга мулкдор бўла олмайди? Ўзбекистон “Адолат” СДП шу масалага ечим топиши зарур.
 
Шу ва бошқа таклифлар Адлия вазирлигида бўлиб ўтган “Суд-ҳуқуқ тизимидаги бўшлиқлар ва уларни бартараф этиш чоралари” мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди.
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда соҳада учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш хусусида сўз борди.
 
Таъкидланишича, суд-тергов амалиёти ва қонун ҳужжатларининг таҳлили ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари суд амалиётида қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи қатор ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатди.
 
Иштирокчилар “Адолат” СДПнинг янги сайловолди лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналишини кенг муҳокама қилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижасини таҳлил этишди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди.
 
“Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган тўртта суд тизимини бирлаштириш таклиф этилмоқда. Бу туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштиришни тақозо этади.
 
– Яқинда икки юридик ташкилотнинг можароси иқтисодий судда кўриб чиқилди, – деди Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Гулруҳ Мамараимова. – Бир ойдан кўпроқ вақт давом этган судда аниқланишича, юридик ташкилотларнинг биридаги ходим хатоси ўша муаммога сабаб бўлган. Ишга фуқаро аралашгани сабаб иқтисодий суд судъяси ишни фуқаролик судига юборишга мажбур бўлди. Аслида иқтисодий судга оид кўплаб масалалар фуқаролик судига бориб тақалади. Ростдан ҳам бу тизимни тартибга солиш керак. Жисмоний ва юридик шахслар овора бўлмасин, судлар ўзига тегишли бўлмаган ишга вақт йўқотмасин.
 
Партия олдида турган вазифалар қаторидан адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ўрин олган.
 
Партия экспертлари томонидан барча таклифлар эътиборга олиниши таъкидланди. Партия сайловолди дастурининг айрим бандларини таҳрир қилиш лозимлиги асослаб берилди. Якунда хулосалар умумлаштирилиб, партия сайловолди дастурида акс эттирилиши белгиланди.
 
13.JPG
 
4.JPG
 
Манба: Uza.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+