Оилавий ажримнинг олди олинди

18.02.2021 14:02:14

Депутатларнинг ўз маъсулиятини чуқур ҳис этиши аҳоли муаммолари ҳал бўлиши  ва турмуш шароити  яхшиланишига хизмат қилади.
Сир эмаски, илгари ўз ҳудудидан сайланган депутатни одамлар йиллаб кўрмас эди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида депутатларнинг ҳам фаоллиги ошди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ўрингул Аллабергенова, “Шўрахон” овул фуқаролар йиғини мутахассиси Замира Турамуратова ва профилактика инспектори Турсунбой Қодировнинг фаоллиги туфайли битта оила ажрашишдан сақлаб қолинди.

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл тумани судида бўлиб ўтган навбатдаги суд жараёнида ҳар кунги нотинчлик туфайли фуқаро Х.Н.нинг шикоят аризасига кўра турмуш ўртоғи ҳуқуқбузар В.Н.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.

Суд жараёнида депутат ва соҳа мутахассислари билдирган фикр-мулоҳазалар, улар томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ушбу оилани сақлаб қолишнинг барча чоралари кўрилди. Кундалик ҳаётдаги етишмовчилик, арзимас низо туфайли кўплаб оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги, оиланинг муқаддаслиги, уни тиклаш нечоғли машаққат эканлиги батафсил тушунтирилганлиги сабабли эр-хотин яраштирилди. Энг асосийси, икки нафар фарзанднинг етим бўлишининг олди олинди. Суд иши инсонпарварлик, қонуний ва адолатли кўриб чиқилди.

Оила жамиятнинг асоси ҳисобланади. У мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Шундай экан, оилани сақлаб қолиш маҳалла фаоллари, нуронийлар, депутатлар, шунингдек, ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиши керак.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+