Президентликка номзод Огаҳий юртида

01.10.2021 11:10:47

Баҳром Абдуҳалимов Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги ижод мактаби фаолияти билан ҳам танишди.

Ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида туғилган. У Хива мадрасаларида таҳсил олган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган. Шарқ классик асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган.

Мамлакатимизда кўчалар, мактаблар, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй-музейи очилган. “Муҳаммад Ризо Эрниязбек ўғли Огаҳий” номидаги таълим муассасаси 2 қаватли 220 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ўқув биноси замонавий ҳамда миллий архитектура ечимлари асосида қурилган. Ўқув биносида ёшларнинг пухта таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Огаҳий ижод мактаби она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган.

Номзод бу ерда фаолият олиб бораётган устоз, мураббийлар, ёш ижодкорлар билан учрашди. Ижод мактаби жамоасини 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлади.

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+