Қадамингни ўйлаб бос!

31.03.2021 15:03:20

Оврўпа мамлакатларининг айрим ҳудудларида бир жинслилик никоҳининг тарғиб қилиниши ва бунинг шамоли мамлакатимизда аҳён-аҳёнда бўлса ҳам кўтарилиб, бесоқолбозликни тарғиб қилувчи гап-сўзларнинг тарқалиши инсониятга хос бўлмаган хурмача қилиқлар бўлиб, руҳшунослар таъбири билан айтганда, руҳий ожизликдан далолат беради. Қолаверса, буни инсон ҳуқуқлари билан боғлайдиган айрим ҳайбаракаллачиларнинг ўзи ҳам бу дарддан мосуво эмаслигини кўрсатади.

Аммо, бунга биз руҳий ожизлик деб томошабин бўлиб турадиган бўлсак, янглишамиз, хато қиламиз, фурсатни бой берамиз. Бу шундай иллат-ки, у билан инсонийлигимиз йўқолади. Бир сўз билан айтганда, бу маънавиятимизга қарши уруш. Унинг таъсирида эралар, асрлар давомида тўпланган маънавиятимиз барбод бўлади. Бу иллатнинг олди тезкорлик билан олинмас экан, унинг асоратлари жамиятни тубанликка етаклайди.

Ўзбек халқининг севимли ва атоқли фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони, ҳалқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини ҳар сафар шу юрт ўғлони – халқ артисти Шерали Жўраев маромига етказиб ижро этиб, “Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”, деганларида бошимиз кўкларга етади. Лекин, мана бу бир жинслилар никоҳи ташвиқотчиларининг ор-номус ва имон аҳлини ғулғулага солиб, ғазабини келтирувчи хоҳиш-истаклари қулоғимизни тешиб, бошимизни эгади.

Шу ўринда бир ҳуқуқшунос-сиёсатчи сифатида айтмоқчиман-ки, демократман, деб кўкрагига уриб, ахлоқсизликни илгари сурувчилар билиб қўйсин: демократия бу табиат қонунларига бўйсунмаслик (ахлоқсизлик), жамият юзига оёқ қўйиш, дегани эмас. Бинобарин, бундайларнинг хоҳиш-истаклари, ижтимоий хавфли ҳаракат ёки ҳаракатсизликлари бобомерос қадриятларимизга мутлоқо зид хатти-ҳаракат эканлигини тушунишимиз ва ён атрофимиздагиларга ҳам тушунтиришимиз зарур. Зеро, биз онгли мавжудот эканлигимизни унутмайлик.

Ва унутмайлик-ки, ҳатто ҳайвонот дунёси ҳам бу муқаддас қоидани бузмайди, ҳайвонот оламида бирон бир махлуқ ўз ҳамжинси билан алоқага киришмайди.

Ва яна шуни унутмаслигимиз зарур-ки, дунё маънавиятига бебаҳо ва улкан улуш қўшган ота-боболаримиз руҳлари бундай қилмишлардан, насоқлардан озор чекур...

Ўзбекистон замини ҳалоллик ва поклик асосида яралган. Унинг ҳар бир зарраси биз учун қанчалик муқаддас бўлса, ота-боболаримиз мерос қолдирган одоб-ахлоқ, бир сўз билан айтганда, халқ маънавияти шу қадар муқаддас, шу қадар азиз.

“Қадамингни босгин оҳис, босма аждод ҳокини...”. Ҳа, аждодларимиз ҳаққи-ҳурмати, бугунги авлод ғурур ва ифтихори шу аъзам заминнинг поклигидандир. Уни бузғунчи кучлардан, турли унсурлардан ҳимоя қилиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

сиёсий кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+