“Жиноятлар олдини олиш бўйича ишлар кўламини кенгайтириш ҳар қачонгидан ҳам зурур” – Баҳром Абдуҳалимов

23.08.2021 21:08:38

Президентлик сайловлари учун номзоди илгари сурилган “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистонда сўнгги пайтларда жиноятлар сони ошиб бораётганлигига урғу берди.

Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқлардаги хабарларда турли жиноятлар ва айниқса бировга зарар етказиш, қасддан одам ўлдириш ҳолатлари кўп бор баён этилмоқда. Ўқитувчилар ва шифокорларга куч ишлатишлар кўнглингизни хира қилса, уюшган жиноятчилар қилмишидан бир инсоннинг азиз ҳаётига нуқта қўйилгани карахт аҳволга солиб қўяди. Надоматким, Ўзбекистонда қасддан одам ўлдириш жинояти йилдан йилга ортиб бораётганлиги айрим ютдошларимиз орасида тажовузкорлик ортиб бораётганини кўрсатади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Республика бўйлаб сўнгги 6 ой ичида 217 та қасддан одам ўлдириш ҳолати ёки одам ўлдиришга уриниш жиноятлари қайд этилган. Бу эса жами жиноятларнинг 0,5 фоизини ташкил қилиши ва 2020 йилнинг дастлабки 6 ойидаги кўрсаткичдан кўплиги таъкидланган. Шунингдек, гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятларда иштирок этган фуқаролар сони 7994 тага етгани аниқланган.

Ижтимоий тармоқлар орқали хабар берилаётган қасддан одам ўлдириш ёки одам ўлдиришга уриниш ҳолатларига разм солсангиз, улар асосан ёшлар вакиллари иштирокида амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз. Демак, маҳалла ва ёшларни огоҳликка чақириш ишлари кўнгилдагидек эмас. Таълим-тарбия сифатини ошириш, ёшларни таълимга қизиқтириш, уларни фойдали меҳнат билан банд этиш орқали жиноятларнинг олдини олиш мумкинлиги кундек равшан. Инчунун, ёшлар орасида бундай разил ҳолатлар кўпайяптими, мазкур муҳим вазифалар ўрнида олиб борилмаяпти, дейишимизга асос бор.

“Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида…” қабилидаги ҳисоботлар кўп. Ваҳоланки, “Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти” нақли нечоғлик долзарблигини кўп бора исботлаб бўлди. Ёшларда умуман бўш вақт бўлмаса, илм, ҳунар, меҳнат билан доимий банд бўлишса, жиноятларга ўрин қолмайди. Бинобарин, агрессияга асосий сабаб – энергиянинг ноўрин сарфи. Олдин одамлар меҳнат билан кўпроқ банд бўлганлар, бор куч меҳнатга сарфланган. Ҳозир эса инсон меҳнати кўп жиҳатдан техникага юкланган, кўпчиликнинг кундалик турмуши камҳаракатликка асосланган. Тўпланиб қолган энергия эса салбий ва зўравонлик мақсадларида ишлатилмоқда.

Ёшларнинг ўртасида муштумзўрлик кўпайганининг яна бир сабаби ота-оналар ва оилавий муҳит билан боғлиқ. Болаликдан фикрлар ва муносабатлар тўғри шаклланмаса, аксинча нафрат билан суғорилса, бу келажакда жиноятга етаклайди. 

Ўзи ҳаёт қонуни шундай: салбий фикрлар бора-бора тажовузга ундайди. Масалан, кеч қолган “Тез ёрдам” ходимининг ёқасидан олган одам бир зумда, яқин кишисининг ўлимидан шу ҳолга тушмади, унда йиллар давомида инсонларга нисбатан нафрат бўлган. Вазият қаҳрамони эса нафратлардан бўшаниш манбаси бўлиб кўринган. Фарзандининг устозига қўл кўтарган ота-она бу воқеа содир бўлгунга қадар ҳам ҳаётдан норози бўлиб, муаммолар қуршовида яшаган. Мактабга келиб жанжал кўтариш тўпланган аламларни сочиш учун қулай фурсат, холос. Аёлини калтаклаган эркак болалигиданоқ аёлларга нисбатан салбий муносабат билан ўсган. Мисолларни узоқ давом эттириш мумкин, мухтасар айтганда, тажовуз йиллар давомида илдиз отади ва ривожланади, биз юзага чиққанини кўрамиз холос. Шундай экан, тарбия ўчоғи ҳисобланмиш оилада фарзандларга тили ва қўли билан бошқаларга озор етказиш улкан хато эканлигини болаликданоқ сингдириш мақсадга мувофиқ.

Қасддан одам ўлдириш ёхуд бунга уриниш акс этган видеолавҳалар тарқалиши жамоатчиликда қўрқув ва ваҳима уйғотмоқда, аҳолининг жамоат тартибини сақлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ишлар бўйича кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бундан хулосаланадики, жиноятларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган амалий ишлар кўламини кенгайтириш айни дамда ҳар қачонгидан ҳам зурур.  Жамоатчилик назоратини ошириб, келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун мутасадди ташкилотлар огоҳлигини кучайтириш шарт.

Содир этилган жиноятлар учун жазо муқаррар эканлигини амалий мисоллар билан кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам салмоқли ўрни бор. Афсуски, ҳозирги масс-медиа фақатгина жиноятни кенг омма олдида фош этиш билан шуғулланиб қолмоқда. Айниқса баъзи интернет сайтлар мухбирлари ва блогерлар ўз аудиториясини кенгайтириш ниятида ана шу носоғлом усулни танлаяптилар. Уларнинг мақсади шов-шув кўтариб, одамларнинг руҳияти ва кайфиятини жунбушга келтириш холос. Сунъий куюнчаклик билан бонг урадилар-у, мавзулари муддатини жуда қисқа белгилайдилар. Яъни, бироз вақт ўтгач, масалага қайтиб, жиноятчига қандай жазо белгилангани, ҳуқуқий жараён нима билан якун топганини очиқламайдилар. Чунки у учун булар қизиқ эмас, у пайт бошқа бир безорилик ҳақида айюханнос солаётган бўладилар-да.

Тажовузкор жиноятчи ўзига ва бутун жамиятга зарар келтиради. Улуғ мутафаккир бобомиз Мир Алишер Навоий

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

дея қилган оқилона насиҳатлари ҳамон долзарблик мақомида турибди. Ғанимона кайфият, мудҳиш тажовуз ва улар асоратида келиб чиқадиган жиноятлар қурбони фақат ўша вазиятдаги жабрланувчи эмас, балки унинг касрига бутун давлат, жамият ва халқ қолади. Зеро, башарият ойнасига туширилган биргина доғ афкор омма онг остида қора нуқталар ясашга қодир. Бундай оқибатдан огоҳ бўлиш учун бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этиш бурчимиздир”, – дейди Абдуҳалимов.

Манба: EFFECT.UZ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+