Дарддан соғаяётганлар сонига маҳлиё бўлмайлик

23.04.2020 13:04:55

Коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган вазият кўплаб давлатларни, уларнинг иқтисодини, умуман барчамизни синовдан ўтказмоқда. Афсуски, кўпгина давлатлар ҳали-ҳануз вирусни жиловлай олгани йўқ. Уларда касалланганлар ва вафот этганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда кўрилган тезкор чоралар ва халқимизнинг унга амал қилиши натижасида эса кунлик касалланганлар сонидан кўра тузалганлар сони кўпайиб бормоқда. Ўлим кўрсаткичи эса жуда пастлигича қолмоқда. Республикамизнинг кўпгина ҳудудларида эса вирус юқтириш ҳолати умуман аниқланмаган.

Шунга қарамасдан карантиннинг дастлабки кунларида кўрилган қатъий чоралар сақланиб қолмоқда. Бу эса иқтисодиётимизга, аҳоли фаровонлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳам бор гап. Албатта, бу ҳолатнинг чўзилгани сари унинг зарари ҳам ортиб бориши табиий. Шунинг учун куни кеча Президнтимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда қурилиш ва инфратузилма тармоқлари фаолияти масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда мазкур муаммолар ечими кўрсатиб берилди.

Бунда асосий эътибор эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, вақтинча ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, иқтисодиётимизнинг йирик ишлаб чиқарувчиларини ва асосий соҳаларини одатий иш режимига босқичма-босқич ўтишига қаратилди.

Бунда аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш соҳаси эканлиги таъкидланди. Чунки, бу тармоқ 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Шуларни инобатга олган ҳолда карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилгани эътироф этилди.

Фақат бунда мутасаддилар ва кенг жамоатчиликдан эҳтиёткорлик ва ақл билан масалага ёндашиш талаб этилади. Фаолиятини қайта йўлга қўйувчи ҳар қандай ташкилот энг биринчи ўринда санитария қоидаларига амал қилиши ва ўз ходимларининг соғлигини, хавфсизлигини таъминлаши лозим бўлади. Чунки коронавирусдан соғаяётганлар сонига маҳлиё бўлиб лоқайдликка йўл қўйишимиз бизга қимматга тушиши аниқ. Агар биз барчасини белгиланган меъёрлар бўйича амалга оширсак, касаллик ҳам юқмайди, иқтисодиётимиз ҳам юришади, унда ишлаётган ишчилар хонадонига ҳам барака киради.

Шу боисдан йиғилишда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилди. Ишлаш имконияти берилгандан кейин унга шароит яратилиши масаласи ҳам асосий ўринга чиқади. Шунинг учун Ички ишлар вазирлигига соҳа корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Бугунги кундаги жойлардаги ободонлаштириш ишлари ва инфратузилмани яхшиланаётганининг энг асосий сабабларидан бири маҳаллий бюджетларни шакллантиришга кенг шароитлар яратиб берилганидадир. Эндиликда жойлардаги мутасаддилар ҳар қандай ижтимоий объект ёки йўл, оқава сув каби масалаларни узоқ йиллик дастурга киришини кутиб ўтирмайди. Ўзининг бюджетидан бемалол амалга ошираверади. Фақат бунинг учун маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш лозим бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан жойлардаги мутасаддиларга яратилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтиб ўтилди.

Бунинг учун маҳаллий кенгаш сессиялари қарори билан жойларда фаолиятини тиклаши лозим бўлган йирик солиқ тўловчи ташкилотлар рўйхати шакллантирилиши ва улар олдига карантин талаблари бўйича аниқ талаблар қўйилиши кераклиги таъкидланди.

Ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор ва унинг ижросини самарали таъминланиши халқимиз, давлатимиз учун қанчалик фойда эканлигини вазиятнинг ўзи кўрсатиб турибди. Агар биз эртамизни бугун ўйламасак, кеч бўлиши аниқ. Шунинг учун барча чораларни қўллаган ҳолда вақтинчалик тўхтаган иқтисодиётимиз ва саноатимизни босқичма-босқич ўз изига тушириб юборишимиз лозим. Шундагина биз иқтисодий инқироздан имкон қадар кам йўқотишлар билан чиқиб кетамиз.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+