Карантин камчиликларни очиб ташлади

05.04.2020 09:04:45

Менинг болалигим йигирманчи асрнинг 70-80-йилларига тўғри келган. Айтиш керакки, бу даврда таълим тизими анчагина барқарор ҳолатда бўлиб, ота-оналар ўз фарзандининг ўқимишли бўлиши борасидаги ғам-ташвиши у қадар оғир масала эмас эди. Болалар боғчаси ёшидан ўтган болакайлар умумтаълим мактабларига, ўрта таълимни битирган ёшлар эса олий таълимга деярли муаммога дуч келмасдан кириб кетарди. Бугунги кунда авжга чиққан “репетиторлик хизмати”дан фойдаланиш ҳолати жуда кичик фоизни ташкил этарди.

Мана шу даврда мен ўзимнинг она тилим билан тенгма-тенг равишда рус тилини ҳам ўзлаштирдим. Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон собиқ иттифоқ даврида рус тилини билиш даржаси нуқтаи назаридан энг илғор республикалар қаторидан жой эгаллаган. Халқимизнинг рус тилини билиш тажрибаси юртимизда илм-фан, маданият, ишлаб-чиқариш соҳаларининг ривожланишига катта замин яратди. Тил билиш орқали бизнинг фикрлаш, тафаккур қилиш ҳамда таҳлил этиш борасидаги имкониятларимиз кенгайди.

Ўша даврларда рус тилини мукаммал билиб, ўзининг касбу корида юксак маҳорат даражасига эришганлар бугунги кунда аҳолимизнинг тўнғич қатламини ташкил этади. Бу инсонлар доимий равишда эътибор марказида бўлиб, уларнинг бой тажрибасидан мунтазам равишда самарали фойдаланамиз.

Ушбу мулоҳазаларга берилишимнинг сабаби, куни кеча телевидение орқали эфирга узатила бошлаган ўқув машғулотлари бўлди. Айтиш керакки, ушбу машғулотлар икки ҳафталик қисқа муддат ичида тайёрланган бўлиб, юртимиз аҳолиси томонидан катта эътибор билан кутиб олинди. Аммо натижа умуман тескари бўлди.

Юртимизда ҳукм сураётган карантин таълим тизимидаги барча камчиликларни рўйи рост очиб ташлади. Умумтаълим тизими ўқитувчиларининг саводсизлик даражаси мактаб девори ортида кўринмаган бўлса, эндиликда кенг оммага маълум ва машҳур бўлди.

Болалигимда ўтган рус тили машғулотларини эсладим. Тилни ўргатиш чоғида устоз ҳар бир аудиторияга юқори ақл кўрсаткичига эга бўлган болаларга қарагандек қарар эди. Яъни бирор бир тушунчага изоҳ бериш чоғида ўқучиларнинг фикрини ўстиришни мақсад қиларди. Бунда, табиийки, ўқувчида таққослаш ва шу орқали англаш керак бўлган жараёнлар ўтади. Мана шу жараёнда ўқитувчи зарур намуна ва мисоллар келтиради. Бу мисоллар эса ўқувчининг фикрлаш қобилиятини тараққий эттиришга қаратилган бўлиши керак. Шунга кўра, бу мисол нисбатан юқори бўлган материядан келтирилиши шарт ҳисобланади.

Ҳозирги ёш авлодга хос бўлган фикрлаш қобилияти анчайин илғор. Болага бир нарсани тушунтириш учун оддий айиқчани мисол келтириб, унинг суъратини кўрсатиш  шарт эмас. Рус тилига хос бўлган эркак ва аёл жинсини ифодаловчи грамматикани сўз билан ҳам таърифлаш мумкин. Бинобарин, телевидение орқали намойиш этилаётган ўқув машғулотлари, аввалам бор, ақли етук бўлган аудиторияга мўлжаллаб тайёрланади.

Рус тилидаги “мишка” сўзининг асл ўзаги “медведь” эканини, ва шу ўринда, “медведь” сўзининг эркак жинсига тегишли эканини билмаган ўқитувчининг саҳнага чиқиб дарс беришга ҳаққи борми?!

Телевидение орқали ўқитувчи ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этаётган слайдда “Какая эта мишка?” деган ёзувни кўриш қийин эмас.

Мени таажжубга солган ҳолат шу бўлдики, бу ўқитувчи “большая” ва “маленькая” сифатларини қайси сўз туркумига мансуб эканини тушунтирмасдан туриб қўллашни ўргатяпти. Давлат таълим стандарти ва ўқув дастури қаерда қолди?! Нима учун тил ўзбошимчалик билан ўқитиляпти?!

Интернет тармоқларида ушбу ўқитувчини ҳимоя қилишга қаратилган баёнотлар ҳам пайдо бўлди. “Катта аудиториянинг ҳовури босди” деган изоҳлар ҳам келтирилди. Аммо таълим сифатидан ҳафсаласи пир бўлган ота-оналар ҳам кўпчиликни ташкил этяпти.

Масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, таълим тизимини бошқарадиган  Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, қолаверса,  таълим сифатини назорат қиладиган давлат инспекцияси бор. Уларнинг вазифаси нимадан иборат?

Яхши биламизки, умутаълим мактабларида юқори ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тинимсиз текширувлар йил сайин ошиб бормоқда. Ушбу текширувлар чоғида мутасаддилар ўқитувчиларнинг дарс сифатини эмас, балки, сон-саноқсиз ҳужжатларни текширади. Жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда Халқ таълими вазирининг ўринбосарига ҳужжатларнинг аслида қанча бўлиши кераклиги тўғрисида савол берилганда, ўқитувчининг зиммасида фақат таълим стандарти, ўқув режа ва синф журнали бўлиши кераклиги ҳақида жавоб олганмиз. Аммо умумтаълим мактабларига ташриф буюриш чоғида ўқитувчилар ҳужжатбозликдан бўшамаётганига гувоҳ бўламиз.

Хўш, бундай вазиятда ўқитувчи ўзининг саводхонлиги устида ишласинми ёки ҳужжат билан шуғуллансинми?!

Ушбу масалага яна бошқа тарафдан ҳам қараш мумкин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўзининг иш фаолиятида ҳар бир кўрсатувни соҳага йўналтирилган бадиий кенгаш хулосасидан ўтказади. Бадиий кенгаш ҳам, ўз ўрнида, етук мутахассислардан таркиб топади. Наҳотки, очиқ-ойдин кўриниб турган саводсизликни ҳеч ким сезмаган бўлса?!

Шу ўринда Абдурауф Фитратнинг “Ҳаёт йўлида биринчи масала – мактаб масаласидир” деган ҳикматли фикрини эслаш жоиз.Мактабдаги энг асосий қаҳрамон - Муаллимдир. Бугунги кунда миллионлаб ўқувчиларга берилаётган таълим эртага Ватанимизнинг тақдирини белгилаб беришига ҳеч шубҳа йўқ.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Шодиёр
2020-04-06 08:41:43
Нихоятда долзарб масала кутарилган. Мактабларда булар булмас текширишларни тугатиш керак. Шунда укитувчига уз устида ишлаши учун вакт етарли булади. Акс холла келажакда саводсизлар купайишига уз хиссамизни кушган буламиз.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+