Коронавирус билан очиқ жанг

02.05.2020 11:05:16

Тождор душманга айланган кўзга кўринмас вирус билан курашда кимлар қаҳрамонлик кўрсатмоқда? Дунё аҳли кимни қаҳрамон сифатида тан олмоқда? Жавоб аниқ: оиласидан йироқда бўлган, ўз иш жойидан кетмаган шифокорлар. Давлатимиз раҳбари пандемияга қарши кураш борасидаги ҳар бир чиқишларида тиббиёт ходимларига чуқур миннатдорчилик билдираётгани ҳам бежиз эмас.

Бироқ айримлар ахборот маконидаги хабарларда Андижонда коронавирусга чалинган шифокорлар кўплиги ҳақида ёзиб, уларнинг профессионаллигига шубҳа уйғотиш кайфиятида бўлмоқда. Аслида бундай фикр билдирувчилар тиббиёт ходимларининг иш фаолияти билан яқиндан танишмасдан юзаки маълумотлар тақдим этяпти. Бутун дунё ожизлик қилаётган коронавирус билан юзма-юз туриб курашаётган шифокорга нисбатан таҳминий фикр-мулоҳазалар билан муносабат билдириш тўғрими?

Айни вақтда 3 миллиондан ортиқ вилоят аҳолисига 7 минг нафар шифокор, 34 мингга яқин ҳамширалар хизмат кўрсатмоқда. Ўз ўзидан бу рақамлар бошқа вилоятларга нисбатан олганда Андижонда бир тиббиёт ходимига қанча бемор тўғри келишини таҳлил қилган ҳолда фикр билдиришга ундайди. Шифокор зиммасидаги масъулиятни сўз билан ифодалаш қийин.

Тиббиётдан оз бўлсада хабардор инсонларга аёнки, коронавируснинг дастлабки кунларида – ҳеч қандай клиник белгилари намоён бўлмаган вақтда биринчи бўлиб беморлар билан айнан шифокорлар мулоқотда бўлишди. Шунинг учун Хитойнинг битта провинциясида 1000 дан ортиқ шифокор касалликни юқтириб олган. Бундай ҳолатлар Америка Қўшма Штатлари, Италия ва Испания каби ривожланган давлатларда ҳам кайд этилди. Лекин бирорта давлатда шифокорларни бу ҳолатлар учун айблаш кузатилмади. Бутун дунё аҳли шифокорлар шаънига фақат тахсинлар айтмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда касалланган беморлар билан алоқада бўлган инсонларни карантин ва тиббий кузатувга олиш жуда муҳим. Бу ҳаракатда шифокорлар билан бир сафда Андижон давлат тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари кўнгиллилар - волонтёрлар фаол иш олиб бормоқдалар. Уларнинг асосий вазифаси - коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлган инсонларни аниқлаш ва карантин зонасига олиш. Гуруҳ аъзолари томонидан Андижон шаҳри, Андижон ва Шахрихон туманларидаги 100 дан зиёд хонадонларда эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилиб, зарурий  чора-тадбирлар амалга оширилди. Муродбек Хўжаков, Шоҳрух Мирзо Зияев,  Элёрбек Усмонов,  Шерзодбек Нўъмонов, Хусниддин Усмонов ва Содиқжон Мамажоновлар бириктирилган ҳудудларда санитария-эпидемиология ва осойишталик маркази ҳамда  ҳудудлардаги масъул ташкилотлар ходимлари билан биргаликда аҳолининг ниқобда бўлишлари, зарурат бўлмаса уйда қолиши, агар касаллик белгилари аниқланса зудлик билан шифокорларга мурожаат қилишлари хусусида тушунтириш ишлари олиб бориш ташаббуси билан чиқдилар.

Кўплаб шифокорларни бирлаштирган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида онлайн тарғиботга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларда “Оила шифокори” тушунчаси  шакллантириляпти. Бу барча уйда қолган бир вақтда катта аҳамиятга эга.

Бир сўз билан айтганда, бугун шифокорлар синовли кунларда чин маънода фидойилик наъмунасини кўрсатяпти.

Мадаминжон МАДАЗИМОВ ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+