Партиядош шифокор маслаҳати: Карантин вақтида асабийлашманг!

25.04.2020 11:04:47

Маълумки, қон инсон организмининг зарурий қисмидир. Бугунги кунда коронавирусга чалинаётган аксарият беморларнинг хасталикдан қанчалик тез ва осон тузалиб кетиши ҳам айнан қоннинг ҳолати, сифати ва организм иммунитетига боғлиқ эканлигини таҳлиллар кўрсатмоқда. Шундай экан, инсон бу борада нималарга аҳамият қаратиши ва ўзини соғлом асраб қолиши учун нималар қилиши керак? Биз шу хусусда  мутахассисларга юзландик. Саволларимизга Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий ишлаб чиқариш корхонаси директори, тиббиёт фанлари доктори Зуҳра Убайдуллаева батафсил жавоб берди.

— Айтингчи, бугунги кун шароитида шифокор сифатида инсонларнинг кўпроқ нималарга эътибор қаратишини маслаҳат берасиз?

— Бугунги кунда бутун дунёда СOVID-19 пандемия ҳолати қайд этилган. Шифокор сифатида ўзимизни бу касалликдан асрашимиз учун санитария ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишимиз шартлигини таъкидлайман. Қўлни яхшилаб, совунлаб ювиш, кўчага чиққанда тиббий ниқоб тақиш, қўлларга резина қўлқоплар кийиш, хавфсиз масофа (2 метр)ни сақлаш даркор. Энг асосийси, имконият бўлса, уйда қолиш керак. Уйда витаминга бой маҳсулотларни тановвул қилиш, қизиқарли китоблар ўқиш, депрессия ҳолатига тушмасликнинг олдини олишимиз зарур. Бадантарбия машғулотлари ҳам сизнинг иммунитетингизни ошириб беради ҳамда стресс ҳолатларининг олдини олади.

— Инсонлар иммунитетини юқори сақлаб туришлари учун нималарга аҳамият қаратишлари керак?

— Юқорида таъкидлаганимдек, витаминларга бой овқатларни, шарбатларни, кўкатлардан тайёрланган пишириқларни истеъмол қилиш лозим. Жисмоний машқлар ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Стресс иммунитетнинг асосий душмани, ўзингизни ташвишлардан асранг ва асабийлашманг. Иложи борича ижобий ҳис-туйғуларга эга бўлишга ҳаракат қилинг.

— Карантин шароитида қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳам фойдали ва ортиқча вазн келтириб чиқармайди?

— Иммунитетни мустаҳкамлашни албатта озиқ-овқатдан бошлаш керак. Иммун тизими учун энг муҳим витаминлар – А, В5, С, D, F, PP витаминлари ҳисобланади. Улар иммунитетни кучайтириш учун айниқса муҳимдир. Деярли барча сабзовотлар, айниқса сариқ ва қизил рангли турлари (сабзи, қизил қалампир, қовун, помидор, қовоқ) таркибида бета-каротин мавжуд бўлиб, у организмда А витаминга айланади. А витамини ва каротинлар антиген киришига қарши иммун реакция кучига жавоб беради. С витаминининг асосий манбаи – қорағат, наъматак, цитрус, чаканда, петрушка, нордон карам, лимон. Ушбу витамин етишмовчилиги антитаналар ишлаб чиқариш тезлигининг пасайишига сабаб бўлади. В гуруҳ витаминлари уруғлар, йирик майдаланган буғдойдан тайёрланган нон, ёнғоқлар, гречка, дуккаклилар, донлар, қўзиқоринлар, пишлоқларда кўп бўлади. Ёнғоқлар, уруғ ва донларда Е витамини – хужайраларни шикастланишдан ҳимояловчи антиоксидант ҳам кўп. Овқатни бир ўтирганда кўп тановул қилмасдан кунига 4-5 марта овқатлансак ҳамда жисмоний тарбия билан шуғуллансак ортиқча вазндан халос бўламиз.

— Қонни тозалаб, яхши ва сифатли ушлаб туриш учун нималар қилиш керак?

  • Қон организмда бир қанча муҳим вазифаларни бажаради:
  • Хазм йўлидан ўзига ўтган озиқ моддаларни хужайраларга келтириб беради;
  • Организм хужайраларига кислород етказиб туради;
  • Моддалар парчаланишидан хосил бўлган махсулотларни буйраклар ва бошқа ажратиш органларига етказиб беради;
  • Гормонлар ва физиологик жиҳатдан фаол бўладиган бошқа моддалар қонга тушиб у билан аъзоларга етиб боради;
  • Ҳимоя функциясини бажаради;
  • Ивиб қолиш хусусиятига эга, бу организмни қон йўқотишдан асрайди.
  • Етук организмдаги умумий қон миқдори нормада тана массасининг 6-8 % ташкил этади. Массаси 70 кг келадиган одамдаги қон миқдори 5-6 литрни ташкил этади. Инсон тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилса, жисмоний тарбия билан фаол шуғулланса, кунига камида 2 литр сув истемол қилса, инсон қони равон бўлади. Турли хасталиклар сабабли инсон қонида ва қоннинг гемостаз тизимида хар ҳил ўзгаришлар бўлади. Жисмонан чиниқиб, соғлом бўлсак, танамиздаги қон тизими қониқарли фаолият кўрсатади.

— Қандай инсонлар учун донор бўлиш муҳим ва фойдали?

— 2002 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Қон ва унинг компонентлари донорлиги” Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан тўлиқ 18 ёшга тўлган хар бир соғлом инсон донор бўла олади. Донор қон топширгандан сўнг унинг қон таркибий қисми янгиланади, иммун тизими мустаҳкамланади, қон босими нормаллашади. Шу билан бирга кўплаб беморларнинг шифо топишида ўз ҳиссасини қўшади. Соғлом инсон йилига 4-5 маротаба қон топшириши мумкин.

— Камқон инсонлар қандай қилиб ўз қонларини нормал ҳолатга келтиришлари мумкин?

— Камқонликнинг турлари жуда куп. Камқонликка учраган инсонлар албатта гематолог-шифокорга мурожаат қилишлари лозим. Керакли клиник-биокимёвий текшириш ҳамда шифокор кўригидан сўнг беморга камқонликнинг қайси тури эканлиги тўғрисида ташхис қўйилади ва шунга асосан даволаш жараёнлари олиб борилади. Ҳар бир инсон йилнинг бошида қоннинг умумий таҳлили ва гемостаз тизимини аниқлаш учун қон топшириши лозим. Бу эса ўз навбатида камқонликни ўз вақтида аниқлаш ва асоратларсиз даволаш имкониятини беради.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА суҳбатлашди

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+