Партиядош шифокор маслаҳати: Карантинда болаларни қандай банд қиламиз?

14.04.2020 13:04:11

Таътил билан карантиннинг фарқи бор. Ёзги таътилда фарзандингизни ормгоҳга жўнатишингиз, турли тўгарак ва репетиторларга қатнатишингиз, оилавий саёҳатга чиқишингиз мумкин. Коронавирус хавфи тақозосидан ўрнатилган карантин тартибида эса буларнинг сираям иложи йўқ. Хатто кўчадаги болалар майдончасига чиқаришга қўрқасиз. Кичкинтойларга ҳам катталар каби уйдан ташқарига чиқмаслик тайинланади. Ёш бола эса бир жойда ўтириши қийин. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?

  1. Аввало тушунтиринг. Болага “Боғчага-мактабга бормайсан, кўчага ҳам чиқма”, деб қуруққина қилиб ахборот берсангиз, у ташқарига талпинаверади. Боланинг ёшига мос тарзда карантин нега эълон қилингани, кўчага чиқиш нега хавфли эканлиги-ю нима учун уйда қолишимиз зарурлигини тушунтиринг. Болага бериладиган ҳар бир буйруққа изоҳ шарт. Коронавирус ҳақида эртаклар тўқишингиз, унинг расмини чизиб беришингиз мумкин.
  2. Болани қўрқитиб қўйманг. Зеро болаликда пайдо бўлган фобия катта бўлганида ҳам асорат қолдириши ҳеч гап эмас. Бари вақтинча эканлигини эслатиб, рухлантиринг, умид уйғотинг. Бу учун энг яхши усул – карантин тугаганидан кейин қилинадиган ишлар режасини тузиш. Қайси истироҳат боғига ёки театрга боришни хоҳлашини сўранг ва таҳминий сана белгиланг.
  3. Кун тартиби тузиб олинг. Уйғониш, овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, дарс қилиш, дам олиш, телевизор кўришга вақтлар тақсимланг. Жадвал асосида уларни кетма кетликда олиб борсангиз бола буйруқларингизга осонроқ бўйсунади. Жадвалда китоб ўқишдан сўнг телевизор кўриш ёзилганини кўрсатинг. Фарзандингиз ўз вақтида ухлаш, уйғониш ва овқатланишига аҳамият беринг. Акс ҳолда карантин тугаб, боғча-мактаблар бошланганида эски тартибига қайтиши қийинлашади: барвақт туришга қийналади, кеч ётишга одатланади.
  4. Спорт секциясига бориш ёки очиқ ҳавода югуришнинг иложи йўқлигига қарамай бола жисмоний фаолликдан узилиб қолмасин. Уй ичида бўлсада бадантарбия қилдиринг, мусиқа садолари остида гимнастикали рақслар ташкил қилинг.
  5. Карантин – фарзанддингиз билан кўп вақт ўтказишга яхши имконият. Аммо шунда ҳам оналарнинг узукун бола билан банд бўлишига имкони йўқ. Кимдадир масофавий меҳнат, бошқа бировда тўпланиб қолган уй ишлари... Буни инобатга олиб, нимаики қилсангиз, уни ҳамкорликка чорланг. Бирга овқат пиширинг, кийимларни тахлашда ёрдам сўранг, қўлидан келадиган уй юмушларини буюринг. Бирга ишлаш жараёнида суҳбат ҳам олиб бораверасиз.
  6. Яхши ўрнак бўлинг. Болага “Ҳеч қаёққа чиқмайсан”, деб уқтирсангиз-у ўзингиз бирровга меҳмонга бориб келсангиз, берган ўгитларингиз бекор кетади. Болада “Демак, кўчага чиқиш мумкин”, деган тасаввур уйғонади ва “қочиб қолиш” йўлини излайди.
  7. Бола гаджетларга тобе бўлиб қолмасин. Фақатгина бирор иши учун рағбатлантириш мақсадида унга телефон ёки планшетдан фойдаланишига руҳсат беришингиз мумкин. Шунда ҳам меъёрни унутманг: 3-4 ёшли бола – кунига ярим соат, 5-6 ёшли бола – кунига бир соат, мактаб ўқувчилари – кунига бир ярим соат. Телефонингизга болалар учун махсус дастурлар ўрнатинг. Ундан бола чет тилларини ўрганиш, ҳисоб-китоб, расм чизиш, нутқини ўстириш мақсадидагина фойдалансин.
  8. Уй ичида пикник. Роль ўйнаймиз, фараз қиламиз, тасаввурларга эрк берамиз. Фарзандларингизга сумкаларига керакли нарсаларни жойлаб, сафарга отланишни буюринг. Агар шу пайтгача меҳмонхонага болаларни қўймасликни одат қилган бўлсангиз, бугунча эшик улар учун очиқ бўлсин. Болалар қўлидан келганича чайла қурсин ва безатсин. Кичкинтойларга атаган совғангизни уйнинг бирор бурчагига яширинг ва хазина топишга чорланг.
  9. Расмлар кўргазмаси. Фарзандларингизга расм чизишни ва унга ном беришни тайинланг. Асарларнинг энг зўрлари деворлардан жой олса, тайёр – галерея.
  10. Қўл меҳнати. Болаларни нарсалар ясаш, майда жисмлар билан ишлашга кўп жалб қилинг. Бу кичик моторикани ривожлантиради.
  11. Хорижий тил ўрганиш. Хозир курсларга қатнаш ёки репетитор ёллашнинг иложи йўқ, аммо онлайн курслар бор. Каратинда бирорта чет тилини ўргатишни бошланг. Хатто ўзингиз ҳам бирга ўргансангиз бўлади.
  12. Хобби. Ҳар бир боланинг ўз севимли машғулоти бор, аммо уни амалга оширишга таҳсилдан ортиб вақт ажрата олмаслиги мумкин. Айни вақтда фарзандингизга ўзи хоҳлаган буюмлар коллекциясини яратиш, гул ўстириш, ижодий маҳоратларини амалга оширишида ёрдам беринг.  
  13. Олимларнинг янги тадқиқотларидан бува ва буви билан кўп вақтини ўтказадиган болалар ортиқча вазн муаммосига деярли дуч келмаганлари аён бўлди. Замонавий болаларда семизлик камҳаракатликдан пайдо бўлади. Ёлғиз қолган кичкинтойлар кўп вақтларини бир жойда ўтириб телевизор кўриш ва компьютер ўйнаш билан ўтказадилар. Бу дунё бўйлаб ўрнатилган статистикадан пайдо бўлган фикр: бува ва буви болага қарашда ота-онадан кўра эҳтиёткорроқлар. Қариликка хос қўрқув ва ваҳима бу борада ижобий таъсир кўрсатади. Улар набираларига ҳар нарсани едиравермайдилар – касал бўлиб қолишидан қўрқадилар, турли ўйинларни ўйнашга рухсат бермайдилар – жароҳат эҳтимолидан хавфсирайдилар. Бу эса саломатликка келтириладиган зарардан ҳимоялайди. Бола бува ва бувисига шерик бўлсин.
  14. Бола зериксин! Юқорида кун тартиби ўрнатиш ва жадвал тузишни маслаҳат бердик. Аммо ҳафтанинг бир кунида болага дам бериб, эркин қўйиш ҳам фойдадан ҳоли эмас. Агар дарс қилишга қистамасангиз, аниқки, у мактабини, ўқитувчисини, дўстларини соғинади. Бу эса фойдали. Ахир ҳар ким уни қабул қилган жамиятга меҳр қўйиши керак. Зериккан бола ўзига машғулот ўйлаб топади ва бу тафаккури ўсиши, мусатқил фикри ривожланишига ёрдам беради.

Равшанбек БОБОЖОНОВ,

Урганч шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+