"Саховат ва кўмак": 70 тадан 700 тагача савоб имконияти

22.04.2020 11:04:16

Жорий йилнинг 20 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Президент томонидан йиғилишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган бу ташаббус Рамазон ойи арафасида илгари сурилиши янада муҳим аҳамият касб этади. Бу ойда ҳайру саховат кўрсатиш, кексалар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш саҳоватпеша халқимизнинг азалий урф-одатларига айланган. Зеро бу улуғ ойда қилинган ҳар бир савобли амал учун 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифларда келтириб ўтилган.

Умумхалқ ҳаракатининг оммалашуви натижасида юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳар бир оила давлат ва жамият эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаганлиги ҳис этишига олиб келади.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига биринчилардан бўлиб Фарғона вилояти Қўқон шаҳар “Саҳоват ҳайрия маркази” ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўқон шаҳар кенгаши ўз хиссаларини қўшишни мақсад қилиб олдилар. Улар томонидан Қўқон шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилаларга зарур бўлган ногиронлик аравачаси, тиббий воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бундай ҳайрия тадбирларини узвий давом эттириш, хайрияни аниқ мақсадли тарзда ўз эгасига етказиб бериш юзасидан режалар тузилди. 

Умид қиламизки, нуроний қарияларимиз томонидан қилинаётган дуолар ижобат бўлиб, яқин кунларда бошимизга тушган синовларни соғ-саломат енгиб ўтамиз.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+