“Саховат ва кўмак”: Пок қалб – фаришталар қўнувчи макон

22.04.2020 20:04:02

Рамазон ойи арафасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ғоясини илгари сурилганлиги коронавирус пандемияси ва карантин даврини бошидан кечираётган кўп миллатли халқимизни қувонтириб, барчани ушбу масала атрофида якдиллик билан фаолият олиб боришга даъват этди. Олий ҳиммат ва саховатпеша инсонлар ҳар қандай шароитда фақир фуқароларга яқиндан кўмаклашган. Маблағ ва молу-давлатларини хайр-эҳсон соҳасида дариғ тутмаган. Юртимизда саховатпеша инсонлар ниҳоятда кўп. Уларнинг хайр-саховатли, мурувватли амаллари халқимизнинг қалбида иттифоқлик, бирдамлик, аҳиллик, келажакка бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотди, албатта. Тасанно ва ташаккур деймиз!

Барчамиз хабардормизким, карантин давом этаётган бир даврда саховатпеша инсонлардан қайси бири озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти билан, бошқа бири маблағ ажратиш орқали кам таъминланган оилаларга, моддий-иқтисодий кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берди. Президентнинг даъватидан сўнг, ушбу эзгу ишларнинг кўлами янада кенгайишига ишончим комил. Бор имкониятимизни ишга солиб, ҳаётнинг барча жабҳаларида бирдамлик ила сахий инсонлар каби ташаббус ва фаолият олиб борсак, шунда янги Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузи олдингидан ҳам ортиб бораверади. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда туб ўзгаришлар юзага келиб, бахтли ҳаёт кечиришга муяссар бўламиз.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Етимни қармоғига олган одам мен билан жаннатда бирга бўлар”, Аҳмад ибн Муниъ ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ дуоларида ҳамма вақт камбағалликдан паноҳ тилаганлар”, Насоий ва ибн Ҳиббон Абу Саид Худрийнинг ривоятига кўра “Ул зот “Ё Парвардигорим, мен сендан камбағалликдан паноҳ тилайман”, деб муножот қилган эканлар. Киши зоҳирий  нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон.    

Кўмак ва саховатга муҳтож халқимизнинг бахтига сармоядор тадбиркорлар, саховатпеша, олий ҳиммат, мурувватли, қўли очиқ инсонлар сони кўпаяверсин.

Таваккал ЧОРИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+