Вирус – ёлғиз, биз эса бирдам кучмиз!

29.04.2020 14:04:46

Бугунги кунда дунё давлатлари каби бизнинг юртимизга ҳам бошини суққан ярамас вирусни қандай енгиш мумкинлиги тўғрисида кўп ва хўп гапирилмоқда. Ҳар бир инсон алоҳида индивид бўлганлиги сабабли фикрлар, муносабатлар, таклифлар ҳам миллий хонатласимиз ва камалак жилоси каби ранг-баранг. Интернетдаги фикрлар, таклифлар, муносабатлар, миш-мишлар уммони ҳар биримизни ўз заковатимиз дарёсига ғарқ қилмоқда. Биз эса қай бирини қабул қилишимиз, қай бири фикримизни лойқалаш учун ташланганини тўғри англаб олишимиз албатта муҳим, шарт ва зарур!

Биз ходимларга уйда - масофадан туриб ўз хизмат вазифаларимизни бажариш, шу билан оиламиз бағрида кўпроқ вақт ўтказиш учун шароит яратиб бериш баробарида ойлик маошдан олдин эшик қоқиб келиб турадиган коммунал тўловларни тўлаш муддатларини узайтириш, маъмурий чоралар кўрмаслик билан халқини аяб, ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимга “Раҳмат ота! Бир ёмоннинг кўп яхшисини кўра олганингиз учун, шу кўнгилсиз вазиятдан ҳам оқилона чиқиб кетиш йўлларини топаётганингиз учун” дегим келди.

Азиз юртдошим! Бу юртга келган синовда ҳар бир кишига кўринмас, фақат ўзигагина кўринадиган кўзгу тутилади. Яъни, бу кўзгуда инсон мустаҳкам иймонли бўлса, халқ, миллат дардига малҳам бўлгувчи, саховат, эҳсон, сабр, ишонч эгаси бўлса чеҳрасини нафақат ўзи, балки уни атрофидаги барча гўзал ҳолда кўради. Лекин агар у ўз халқи бошига келган балодан нафсини, чўнтагини ва доим бўш тургувчи, қурумлар босган қалбини тўлдириш ниятида бўлса-чи? Шундоққина шаҳар атрофида етиштириладиган, ҳа-ҳа Хитой ёки Италиядан олиб келинмайдиган саримсоқнинг килограмини 70-80 мингдан, сарғайиб, сўлиб кетган бир боғламини 7000 дан сотса...

Эй қадри баланд, не-не улуғларни дунёга берган, ҳеч қачон, ҳеч қандай ғаним олдида бош эгмаган доно, мард, бирдам халқим! Бу синов ҳам ўткинчи, сенинг ишончингни, эртанги кунга ишончингни сўрайман. Ваҳима сенга хос сифат эмас-ку! Демак сен учун фақат битта гўзал фазилат ва хислат - ишонч ва умид бор! Бошқаси йўқ.

Халқим! Барчамизни атрофингда бирлаштир, уларга ишончдан қанот бер, токи бу ярамас вирус бизни бирдамлигимиз, мустаҳкам иймонимиз, ҳамжиҳатлигимиз, меҳр-оқибатимиз қўрғонини енголмаслигига  ишонч ҳосил қилсин. Вирус, сен биз учун мавжуд эмассан, сен кучсизсан, чунки сен ёлғизсан. Биз эса бирдаммиз, шунинг учун сени енгамиз!

Гулбаҳор АЛЛАКОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+