Янги Ўзбекистоннинг замонавий назорат усуллари жорий этилмоқда

27.04.2020 16:04:16

Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида олиб борилмоқда. Бунинг биринчи қадами сифатида мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бевосита аҳолимиз, фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида қабул қилинганлигида кўришимиз мумкин.

Шу аснода давлат идораларининг фуқаролар билан мулоқотини йўлга қўйиш борасида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, давлат идораларида жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини бошлади, фуқаролик жамияти институтларига субсидия ва грантлар учун ажратиладиган маблағ уч йил ичида қарийб уч бараварга оширилди, нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий грантларни олиши ва тадбирларни ўтказиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди. Барча муҳим қарорларни, шу жумладан, қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фақатгина жамоатчилик муҳокамасидан кейингина қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бироқ, тан олиш керакки, бугунги кунда давлат идоралари ва муассасаларининг фуқаролар ва кенг жамоатчилик билан конструктив мулоқот ва ўзаро ҳамкорлиги даражасини юқори дея олмаймиз. Масалан, давлат идоралари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари томонидан 2019 йилда бирорта ҳам жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаган, жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилмаган, фуқароларни ташвишлантираётган масалалар ва аниқланган камчиликлар юзасидан давлат идоралари раҳбарлари ва юқори инстанцияларга тақдимномалар киритилиши кузатилмаган эди.

Жамоатчилик назоратининг янги, замонавий усулларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигига қарамай, жамоатчилик назоратининг тизимли ва самарали механизми йўлга қўйилмаган эди. Масалан, бугунги кунда мамлакатимизда 10 мингдан зиёд ННТлар фаолият олиб боришига қарамай, 2019 йилда бор йўғи 800 та мониторинг тадбирлари амалга оширилган. Шу билан биргаликда, бундай фаолиятни амалга оширган нодавлат ташкилотлар мониторинг натижаларини қайси ташкилотга киритиши мумкинлиги ҳам мавҳум эди.

Юқоридаги муаммоларнинг ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаётганининг энг асосий сабаби – соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи, мавжуд муаммоларни доимий равишда кун тартибига олиб чиқувчи, илғор ва самарали ёндашувларни илгари сурувчи масъул тузилманинг мавжуд эмаслигида эди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони юқорида санаб ўтилган муммолар, соҳада мавжуд бўлган бўшлиқларни тўлдириши баробарида, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда давлат органлари ва муассасалари фаолиятининг ҳисобдорлиги, очиқлиги ва шаффофлигига эришишга хизмат қилувчи муҳим, тарихий хужжат бўлди.

Чунки, мазкур Фармон асосида ташкил этилаётган Жамоатчилик палатаси давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида бир қатор устувор йўналишларда фаолият олиб бориб, давлат ва жамият бошқарувига ижобий ўзгаришларни олиб киради:

Биринчидан, давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бирлашуви ва ижтимоий манфаатлар муросасига эришилади.

Иккинчидан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштироки фаоллашиб, давлат-хусусий шериклик механизмларининг замонавийлашуви табиий амалга ошади.

Учинчидан, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, ҳамда уларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга тавсиялар киритилиши – қонун ижодкорлигида халқчиллик тамойилининг устуворлигига эришилади.

Тўртинчидан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш тизими яратилади, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича муқобил ҳисоботлар эълон қилиш амалиёти жорий қилинади.

Бешинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилади.

Олтинчидан, жамоатчилик назорати механизмларининг кучайтирилишига эришилади – «жамоатчилик эшитуви», «жамоатчилик экспертизаси», «жамоатчилик мониторинги» каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда жорий этила бошлайди.

Умуман олганда, мамлакатимиз Раҳбари томонидан имзоланган ушбу муҳим ҳужжат “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояни амалда рўёбга чиқариш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур ҳужжат шубҳасиз, “Адолат” социал демократик партиясининг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларидан бири бўлган Халқ номидан, халқ учун ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қиладиган адолатли жамият қуриш вазифасини янада самарали амалга оширишга, пировардида, қабул қилинаётган қонунлар ва уларнинг ижроси юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, шаффофлик, ошкоралик ва очиқлик – адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир.

Наримон УМАРОВ,

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+