Ярим йил ичида 6 196 та фуқаро ўз уйида партияга аъзо бўлди

10.01.2020 10:01:14

Йилни якунлар экан, ортга назар ташлаб, нималарга эришганини сарҳисоб қилади киши. Айниқса 2019 йил сайловлар йили бўлгани учун партия ўз фаолиятида янги саҳифаларни очди. Партия лойиҳалари ҳам сайловлар арафасида жонланди, сайловчиларни кенгроқ қамраб олди. 

Энг ёш лойиҳа

“Партия патронажи” – энг ёш лойиҳа. У ташкил этилганига атиги 6 ой бўлди. Аммо бу сиёсий партиялар фаолиятида шу вақтга қўлланилмаган тажриба, янги ғоя бўлгани сабаб ижобий натижаларни қайд этишга улгурди.

Юртдошларимиз орасида сиёсий ҳаётдан бохабар бўлиб борувчилар, жумладан сиёсий партиялар фаолиятини мунтазам равишда кузатувчилар талайгина. Кузатувлар асносида у ёки бу сиёсий партия ғояси маъқул келади, жараёнларда бирга қатнашиш, ўз фикрини билдириш истаги туғилади. Аммо оиласи ва ишидаги серфункциялилик, масъулият юки вақт масаласида муаммо туғдиради. Ҳаммасига улгуриш зарурати баъзи режаларни кейинга қолдиришга мажбур қилади.

Лойиҳа қонуниятига кўра ҳар бир ҳудудий кенгаш партияга аъзо бўлиш истагидаги, аммо партия ташкилотига ташриф буюришга вақт ва имкони йўқлардан чақирувлар қабул қилинди. Шу асосда уларнинг хонадонлари ёхуд иш жойларига партия вакиллари ташриф буюриб, фуқароларимизни аъзо қилдилар. Ҳужжатлар жойида расмийлаштирилди, янги аъзо ўз уйида партия билетини қўлга киритди.

Мақсадимиз – халқ ичига чуқур кириб бориш

“Партия патронажи” эндигина эълон қилинган даврда ундан ижтимоий тармоқлар орқали асосан ёшлар хабардор бўлиб, қизиқиш билдирган бўлса, кейинроқ маҳаллаларда кенг ёйилди. Кексалар ва ногиронлиги бор шахслар ушбу қулайликни хис этган ҳолда туман Кенгашларига қўнғироқ қилдилар. Зеро, “Партия патронажи” вақтни тежади, халқни “Адолат”га янада яқинлаштирди, фуқаролар хонадонларида партия билетини қабул қилибгина қолмай сиёсий куч ғоялари билан тўлиқроқ танишдилар, саволларига жавоб олдилар.  

-Партия лойиҳалари ичида “Патронаж” алоҳида ажралиб туради. У ўзига жалб этган биринчи нарса янгилик ва қулайликдир – дейди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Мафкуравий ишлар бўлими мудири Фазлиддин Зияев – Халқ билан мулоқот – бугунги кунда самарага етакловчи иш услубларидан бири. Ушбу лойиҳа ҳам кенг жамоатчилик ичига чуқур кириб боришга асосланган. Шу жиҳатдан ҳам у кўплаб фуқароларни ўзига жалб эта олди. Шиддат билан давом этаётган бугунги замонда барчанинг вақти тиғиз. Кун бўйи иш билан банд бўлган фуқарода партияга аъзо бўлиш истаги мавжудлигига қарамай туман кенгашига келиш учун вақт ажратолмайди. Бундан ташқари, қариялар, ёш болали аёллар, ногиронлар, имконияти чекланганлар орасида ҳам “Адолат” ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда аъзо бўлиш истагини амалга оширолмайдилар. Уларга “Партия патронажи” асосида аъзоликка қабул қилиниш жуда қўл келади.

Тоғли ҳудудни кезган “Патронаж”

Таъкидлаш ўринлики, “Партия патронажи” фуқароларимизга қулайлик яратиш билан чекланиб қолгани йўқ. Бу айни вақтда партия учун ҳам самарали ишлаш механизмини яратди. Лойиҳа бошланганидан бери аъзоларимиз сони сезиларли даражада ошди. Туман Кенгаши раислари учун халққа яқин бўлиш, хайрихоҳларимиз билан мулоқот ўрнатиш, сафимизни кенгайтириш имкони туғилди. Мазкур лойиҳанинг  йўлга қўйилгани  партия тарафдорларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш билан бирга аъзоларимиз сони  кун сайин ортиб боришига хизмат қилмоқда. Бу ўз ўрнида “Адолат”нинг аҳоли  орасидаги  танилувчанлиги ва нуфузини оширмоқда.

-Хабарингиз бор, Бўстонлиқ туманининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан иборат, аҳоли яшаш пунктлари бир-биридан олисда жойлашган – дейди Бўстонлиқ тумани Кенгаши раиси Акром Сайдалиев - Шу боис,  партия йиғилишлари ва  учрашувларига фуқароларнинг кўпроқ қисмини жалб қилиш, партия фаолияти ҳақида маълумотларни самарали етказиб бориш ҳамда  аъзо бўлиш истагидагиларга ноқулайликлар туғдирарди. Натижада аҳолининг аксарият қисми партия фаолиятидан бехабар қоларди. “Партия патронажи” лойиҳаси ташкил этилгандан кейин бу муаммолар ўз-ўзидан барҳам топди. Энди биз фуқароларимизга қулайлик яратиб бериш мақсадида, ортиқча сарсонгарчиликларсиз, уларнинг таклифига биноан,  истаган вақт ва  манзилларида  учрашувларни ташкил этмоқдамиз.

Номзодлар уйма уй юрди

Сайловлар арафасида “Партия патронажи” қизғин тус олди. Ҳудудлардан кўрсатилган номзодлар туман кенгашидан вакилга ҳамроҳликда хонадонларга боришди, уйма уй юришди. Фуқароларимиз учун номзод – бўлажак депутат қўлидан партбилет олиш ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлади.

- “Партия патронажи” лойиҳаси барчамизни якдилликка бирлаштирди. Айниқса, халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларни ҳал этиш, мурожаатларнинг моҳиятига эътибор қаратган ҳолда уларнинг амалий ечимларини топишга имкон берди – дейди Когон туман Кенгаши раиси Мактуба Ҳамроева - Қувонарлиси, партиямиз хайрихоҳлари кўпайди, партиямизнинг дастури, унинг номзодларини қўллаб-қувватловчилар сони ошди. Когон туманида ташкил этилган “Партия патронажи”га 170 маротаба чақириқ келиб тушди. Қувонарлиси, улар орасида 18 ёшли иқтидорли ёшларимиздан тортиб, 91 ёшли онахонларимизгача. Шубҳасиз, ҳар бир хайрихоҳларимиз билан бўлиб ўтган учрашувлар давомида уларга партиямизнинг ўз олдига белгилаб қўйган аниқ мақсад ва вазифаларини қайд этиб ўтар эдик. Бу эса когонликларга жуда катта қизиқиш уйғотар эди.

“Партия патронажи” ўз имиджини яратди

Лойиҳага ҳар бир туман Кенгаши ижодий ёндошди. Партия ташкилоти “Патронаж сумкаси”га эгалигидан ташқари Хоразм вилоят Кенгаши лойиҳанинг ҳудудий координаторлари учун форма – “Патронаж нимчаси”ни жорий қилди. Ўз имиджига эга партия вакиллари маҳалла аҳолисининг эътиборини тортмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аъзо бўлаётган кексалар ва ногиронлиги бор шахсларнинг кўнглини кўтариш мақсадида хонадонларига совға-саломлар, тарғибот материаллари билан бораётганлари эътиборга лойиқ.

- Мен туман марказидан анча узоқда яшайман. Ўзим педагогман. Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб, янгиликлардан хабардор бўлиб бораман – дейди Сурхондарё вилоятидан мазкур лойиҳа асосида сафимизга қўшилган Соҳиба Муҳаммадиева - Асосан сиёсий партияларнинг фаолиятини кўриб, партияга аъзо бўлиш истаги пайдо бўлган эди.  Шу истак сабабли мен дастлаб мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари билан танишиб чиқдим ва “Адолат” партиясига аъзо бўлишни мақсад қилиб қўйдим. Аммо, иш-уй деб икки ўртада партияга аъзо бўлишга вақт топишим, тўғриси, қийинчилик туғдирарди. Одатдагидек ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, “Партия патронажи” ҳақидаги эълонни кўрдим-у мурожаат учун қўйилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб боғландим. Шу куннинг ўзида партия аъзолигига қабул килиш учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Олтинсой тумани Кенгаши раиси уйимизга келди. Бундай имкониятларни кўриб хурсанд булган турмуш ўртоғим ҳам “Адолат” партиясига аъзо бўлиш истагини билдириб, ариза ёзди. Ўз уйимизда партия билетларини олдик.

Кексалар, ногиронлар, ёш болалилар ва вақти тиғиз ишчилар учун!

Кўплаб мурожаатларда фуқаролар айнан вақт тиғизлиги сабаб ҳудудий Кенгашга боролмаётганини билдирган. Мазкур лойиҳа халқ ва партия вакиллари ўртасидаги масофани йўқотиб, уларга қулайлик туғдиради. Халқ билан мулоқот, жамоатчилик фикрини ўрганиш давр талабига айланаётган айни пайтда “Партия патронажи” дастурий мақсадларимизга мос келади.

Ўтган ярим йил мобайнида нафақат хонадонлар, балки ташкилотлардан тушувчи мурожаатлар сони ҳам ошди. Ҳудудий Кенгаш вакилларининг ташрифи иш жойларида катта қизиқиш уйғотиб, ходимлар партия сафига кириш истагини билдирдилар. Айниқса, лойиҳа кун бўйи ўз вазифасидан ортмай фаолият юритаётган  кархона-ташкилотлар ходимлари учун жуда кенг қулайликлар яратди. “Партия патронажи” ёрдами билан партиямиз сафи фаол, ташаббускор аъзолар ҳисобига ошгани қувонарлидир.

-“Партия патронажи” лойиҳаси тарафдорларимиз кўпайишига замин яратмоқда – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Фарход Расулов - Бунда албатта, партия фаолларининг жойларда олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари муҳим бўлмоқда. Қувонарлиси, партиямизнинг янги аъзолари халқчил ва демократик руҳдаги ташаббусларимзни амалий ҳаётга кенг тарғиб этишда яқиндан кўмаклашишмоқда, яқинлари, дўст-биродарларига ғояларимизни етказишмоқда.

Қайси ҳудудда чақирувлар кўп бўлди?

“Партия патронажи” сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда эълон қилинганидан кўп ўтмай фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди. Лойиҳанинг “илк қалдирғочи” Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобланади.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, энг кўп аъзо Хоразм (1570 нафар), Сирдарё (1091 нафар), Навоий (1055 нафар) вилоятларидан қабул қилинганини кўриш мумкин. Шунингдек, Бухоро (545), Қашқадарё (460), Самарқанд (354) вилоятлари лойиҳада фаол иштирок этди. Тошкент шаҳри (54) ва Тошкент вилояти (54)да эса нисбатан кам чақирувлар қайд этилди. Аммо бу ҳали якун дегани эмас. Зеро, лойиҳа давом этмоқда. Айни вақтда ҳам “Партия патронажи” Республикамизнинг барча туманларида чақирувлар қабул қилиш ва хоҳловчиларни ўз хонадонида партия аъзосига айлантириш билан банд. Янги йилда лойиҳамиз янада гуллаб-яшнаши, шу орқали партиямиз аъзолари сон ва сифат жиҳатдан ошишини кутиб қоламиз.

Дурдона АЛИМОВА,

лойиҳа координатори

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+